Сенатнинг 33-ялпи мажлисида ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтирувчи қонун маъқулланди, дея хабар бермоқда юқори палата матбуот хизмати.

«Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонунга пенсия тайинлаш тартибини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Бугунги кунда Ўзбекистонда 782 минг нафар ногиронлиги бўлган шахс пенсия ва нафақа олади (аҳолининг 2,4 фоизи). Шундан, 376 минг нафари I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар ҳисобланади.

Қонуннинг асосий мақсади — ижтимоий адолат тамойилидан келиб чиқиб, ногиронлиги бўлган шахсларнинг даромадини ошириш ҳамда меҳнатини муносиб қадрлаш, фуқароларнинг пенсия таъминоти бўйича қонун ҳужжатларини амалиётда қўллашда юзага келаётган турли хил ёндашувларнинг олдини олишдан, дейилади хабарда.

Амалдаги қонунчиликка кўра, I ва II гуруҳ ногиронлик пенсияси тайинлангандан кейинги иш вақти ёшга доир ёки боқувчисини йўқотганлик пенсияси тайинланаётганида стажга қўшиб ҳисобланади. Бунда, ногиронлик пенсияси олаётган фуқаро пенсия ёшига етганда ёки боқувчисини йўқотганда ногиронлик пенсиясини олишни давом эттириб, бошқа пенсия турига ўтмаса, I ва II гуруҳ ногиронлик пенсияси тайинлангандан кейинги иш вақтини қўшиб ногиронлик пенсияси қайта ҳисобланмайди.

Қонунга мувофиқ 1 январдан бошлаб I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг пенсия тайинланганидан кейинги камида 1 йиллик иш стажи ва иш ҳаки миқдоридан келиб чиқиб ҳар 2 йилда бир маротаба тайинланган пенсия қайта ҳисобланади ҳамда пенсия миқдорига қўшилади.

Қонун қабул қилинса, 2023 йилда (1994−2022 йилларда иш стажига эга бўлган) 75 минг нафар I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг пенсияларига ўртача 300 минг сўм қўшилади. Келгусида меҳнат фаолиятини олиб борганларнинг (бугунги кунда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг 43 минг нафари расман банд) пенсияси ҳар 2 йилда бир маротаба иш стажи ва ойлик иш ҳақидан келиб чиқиб, қайта ҳисоблаб борилади.

Шунингдек, янги таҳрирдаги қонунга мувофиқ пенсия олиш ҳуқуқи белгиланган ўгай фарзандини 18 ёшгача камида 5 йил тарбиялаган ўгай ота-оналар болани тарбиялаган даврини аниқлаш тартиби, Ўзбекистон олдида алоҳида хизматлари бўлган шахсларнинг пенсияларига пенсияни ҳисоблаш БҲМнинг 100 фоизидан 150 фоизгача миқдорида устамалар тўлаш тартиби Ҳукумат томонидан белгиланиши кўзда тутилмоқда.

Ушбу Қонуннинг қабул қилиниши амалиётда мавжуд турли хил ёндашувларнинг олдини олиш, коррупциоген факторларни келтириб чиқарувчи ҳолатларга барҳам бериш, ижтимоий адолат тамойилидан келиб чиқиб, ногиронлиги бўлган шахсларнинг даромадини оширишга хизмат қилади, дейилади хабарда.

Қонун расмий эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.