Қашқадарёда ҳудудий электр тармоқлари монтёри ток уриши оқибатида вафот этди. Бу ҳақда «Ҳудудий электр тармоқлари» матбуот хизмати маълум қилди.

Маълум бўлишича, 2022 йил 5 октябрь куни «Қашқадарё ҲЭТК» АЖ Ғузор ТЭТК тезкор чиқиш бригадаси томонидан 110/35/10 кВли «Ғармистон» ПСдан чиқувчи 10 кВли «Ғузор-Совбоғ» фидерининг «Микоп» шохобчаси авариядан сўнг кўрикдан ўтказилган. Шундан сўнг, соат 14:30 атрофида фидерга кучланиш берилган.

Бироқ тезкор бригада ходимлари наряддан ташқари ўзбошимчалик билан мавжуд қоидаларни бузган ҳолда, 110/10 кВли «Ғузор» ПСдан чиқувчи 10 кВли «Охунбобоев» фидерининг 36-таянчидан истеъмолчи балансида бўлган таянчга ўтадиган симларни ечишга уринган вақтда электромонтёр Ғ.Б. кучланиш остига тушган.

Тезкор бригада томонидан жабрланган Ғ.Б. таянчдан тушириб олиниб, унга биринчи ёрдам кўрсатилган ҳамда тез ёрдамга хабар берилган. Етиб келган тез ёрдам шифокорлари кучланиш остига тушган электромонтёрни кўрикдан ўтказганда, унинг вафот этгани аён бўлади.

Мазкур ҳолат юзасидан «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ раҳбарияти томонидан ишчи гуруҳ тузилиб, айни пайтда Қашқадарё вилоятида мазкур ҳодисанинг сабаблари атрофлича ўрганилаётгани маълум қилинган.