Сурхондарёнинг Шеробод туманида биринчи республика анор фестивали бўлиб ўтди, деб хабар қилди тадбир ташкилотчилари «Газета.uz»га.

Фестиваль дастуридан анорзорларга экскурсиялар, маҳсулотлар кўргазмалари, дегустациялар, энг йирик мева ва энг яхши шарбат ишлаб чиқарувчисини танлаш, анорни қайта ишлаш заводига ташриф, шунингдек, семинарлар, ўйинлар ва танловлар ўрин олди.

Фестиваль меҳмонлари сифатида Озарбайжон, Туркия, Корея, Хитой, Тожикистон, Афғонистон ва Эрондан келган анор етиштирувчилар иштирок этишди. Тадбирдан кўзланган мақсад Ўзбекистон соҳа ривожини рағбатлантириш ва анор етиштирувчилар малакасини оширишдан иборат.

«Ҳудуднинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олсак, анорчилик Сурхондарё вилояти мева-сабзавотчилик тармоғининг „ўсиш“ нуқталаридан бири ҳисобланади, Шеробод туманининг ўзида 5 минг нафардан ортиқ аҳоли анорчилик билан шуғулланади. У ерда йилига 30 минг тоннадан ортиқ анор етиштирилади», — деди фестивал ҳамкорларидан бири Annexure Financial Solutions компанияси матбуот котиби Мирвоҳид Миркомилов «Газетa.uz»га.

Якунда ҳакамлар ҳайъати қуйидаги номинациялар бўйича ғолибларни аниқлади:

  • «Энг мазали анор нави» — Фарғона вилояти Қува туманидаги «Қува анори» ихтисослаштирилган кластери;
  • «Энг чиройли анор тозалаш» — Сирдарё вилояти Мирзаобод тумани «Тридорс» корхонаси;
  • «Энг мазали анор шарбати» — Наманган вилояти Янгиқўрғон туманидаги «Ташноб Агрлогистика» корхонаси.

Бу йил энг йирик анорни Сурхондарёнинг Шеробод туманидан Муҳиддин Абдураҳмонов етиштирди. У етиштирган 1580 грамм оғирликдаги мева гандбол тўпидан бироз кичикроқ бўлиб чиқди.

Фестиваль Ўзбекистон анор етиштирувчилар уюшмаси томонидан Европа Иттифоқи, Жаҳон банки, Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалигини стратегик ривожлантириш ва тадқиқотлар халқаро маркази ҳамда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги кўмагида ташкил этилди.