Ўзбекистон президентининг 2017 йил 1 декабрдаги [ПФ-5270-сон] фармони билан 2018/2019 ўқув йилидан ОТМга қабул квотасининг икки фоизи миқдорида ногиронлиги бўлган шахсларга қўшимча квота ажратилди. Бунинг ортидан олийгоҳларга кирган мингга яқин абитуриент 2022 йилга келиб, олий маълумотли кадр сифатида ўқишни тамомлади.

Бироқ улар орасида қўлида дипломи бўлса-да, ҳалигача муносиб иш топа олмай, сарсон юрганлар кўпчиликни ташкил этмоқда. «Газета.uz» мухбири Миролим Исажонов мазкур муаммога эътибор қаратди.

«Давлатнинг шунча харажати ҳавога кетмасин»

Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси раиси Ойбек Исоқовнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда 25 йил давомида, яъни 2016 йилга қадар тахминан 800 нафар ногиронлиги бор шахслар олий ўқув юртларини тамомлаган.

Уларнинг 100 нафари давлат гранти асосида ўқиган бўлса, қолган 700 нафари тўлов шартномаси бўйича таҳсил олган. Минглаб ногиронлар контракт пулини тўлолмай, ўқишини ташлаб кетган. Чунки у пайтларда квота бўлмаган.

«Айни пайтда олий таълим муассасаларида 7,5 мингга яқин ногиронлиги бор шахслар билим оляпти. Улар квота бўйича грант асосида ўқияпти, харажатларини давлат қопламоқда. Бу — инқилобий ўзгариш. Ногиронлиги бўлган шахслар учун билим олиш жуда ҳам муҳим. Улар билим орқали ишга киради, пул топади ва жамиятда ўз ўрнини топади», — деди у.

Фото: Ойбек Исоқовнинг шахсий архивидан.

Унинг таъкидлашича, 2022 йилда 960 нафар талаба олий таълим муассасаларини битирди. Улар икки фоизли квота бўйича ўқиган илк қалдирғоч ҳисобланади.

«Ушбу шахслар давлат бюджети ҳисобидан ўқиган бўлса-да, аммо ишсиз. Бу масала билан бирор ташкилот қизиққани ҳам йўқ, шуғулланаётгани ҳам йўқ. Агар уларни иш билан таъминламасак, давлатнинг шунча маблағи, харажати ҳавога кетган бўлади. Биз бу муаммони ўтган йили ҳам кўтаргандик. Бироқ натижа бўлмаган. Ўзбекистон 2021 йили БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияни ратификация қилди, яъни давлат ногиронларни иш билан таъминлаш бўйича мажбурият олди. Конвенциянинг 27-моддасида ногиронларнинг ишлаш ҳуқуқи ҳақида ёзилган. Давлатнинг ўзи харажатларини тўлаб, ўқитяптими, демак, битирувчи кадрларни уч фоизли квота бўйича давлат ташкилотларига ишга жойлаштирайлик», — дейди Ойбек Исақов.

«Мутахассислигим бўйича иш йўқлигини айтишди»

26 ёши Азизбек Қурбонов жорий йил Тошкент ахборот технологиялари университетининг компьютер инжиринги йўналишини тамомлади. Аммо у айни пайтда ишсиз.

У билан бўлган суҳбатда ТАТУ сурдотаржимони Дилдора Шерматова ва карлар ҳуқуқлари фаоли Маъмур Аҳлиддинов яқиндан ёрдам берди.

«Кичкиналигимдан компьютер соҳасига жуда қизиқаман. 2016 йили Тошкент шаҳридаги ихтисослаштирилган касб-ҳунар коллежни битирдим. 2017 йил декбарда чиққан президент фармонини ўқиб, жуда хурсанд бўлганман. 2018 йилда икки фоизли квота бўйича ТАТУга ўқишга кирдим. Тўрт йил давомида қийинчилик билан бўлса ҳам фаол бўлиш ва яхши баҳолар олишга ҳаракат қилдим. Бу борада сурдотаржимон катта ёрдам берди», — деди у.


Фото: Азизбек Қурбоновнинг шахсий архивидан.

«Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги қонуннинг 43-моддасида ходимларнинг умумий сонидан 3 фоизига ногиронлиги бўлган шахсларни ишга жалб қилиш белгиланган. Бироқ Азизбек Қурбонов қонуний ҳуқуқини талаб қилиб, давлат ташкилотларига борганига ҳам бесамар кетганини айтмоқда.

«Оилалиман. Тўртинчи курсда ўқиб юрган пайтимда ишлаб, пул топиш мақсадида президент порталига мурожаат қилдим. Шундан сўнг Тошкент шаҳар ИИББ мени суҳбатга чақирди. У ердагиларга IT соҳасида оддий мутахаcсис лавозимида ишлашим мумкинлигини айтдим. Лекин ҳарбийликка яроқсизлигим, фақат бақувват инсонлар ишга олиниши ва бошқа турли фикрларни билдириб, рад жавобини беришди. Аммо улар IT соҳаси бўйича оддий мутахассисликни ҳарбийликка қандай алоқаси борлигини тушунтириб бера олишмади. Ваҳоланки, президентнинг 2022 йил 8 февралдаги [ПҚ-122-сон] қарорида туғма ногиронлиги бўлган шахслар ИИВнинг криминалистика йўналишига ишга қабул қилиниши белгилаб қўйилганди. Шунга қарамай, бу тизимга ишга кира олмадим. Бош прокуратура вакиллари билан учрашганимда, улар ҳам мутахассислигим бўйича иш йўқлигини айтган», — деди у.

«Давлат ташкилотларида ногиронларга нисбатан ишончсизлик бор»

Ҳозирги кунда ишсиз бўлган Азизбек Қурбонов ўқишни битириб, қўлида ҳунари бўлса-да, ҳануз ишсиз эканлигини таъкидлади.

«Компьютерни яхши тушунсам, бир қанча дастурларда ишлай олсам ҳам иш тополмаяпман. Давлат ташкилотларида ногиронларга нисбатан „Булар иш пайтидаги топшириқларни вақтида ёки кўнгилдагидек бажармайди“, деган ишончсизлик бор, деб ўйлайман. Икки фоизли квота бўйича шу йил ўқишни тамомлаган курсдошларим ва бошқа танишларим ҳам ишсиз юрибди», — деди у.

Унинг айтишича, рафиқаси ҳам бугунги кунда ишсиз. У 2022 йил Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетини тамомлади.

«Турмуш ўртоғим ҳам квота асосида бу йил ўқишни битирди. Йўналиши бўйича бир қанча ихтисослаштирилган мактабга иш сўраб борди. Аммо мутахассислиги тасвирий санъат бўлгани учун ишга олишмади. Ўзбекистонда ногиронлар, хусусан, биз — эшитишида нуқсони бўлган инсонларнинг ҳам иш билан таъминланишини хоҳлайман. 3 фоизли квота нега амалда ишламаяпти? Энг қизиғи, орган ходимларининг ўзи шу қонунга амал қилмаса. Уларни назорат қиладиган ташкилот борми? Биз ҳам давлат ривожига ҳисса қўшишни, иқтисодиётимиз ўсишини, нималарга қодир эканлигимизни кўрсатишни истаймиз. Соғлом одамларнинг кўпчилиги бизларга ишончсизлик билан қарашни йўқотишини сўраймиз», — деди Азизбек Қурбонов.

«Argos тизими орқали ҳам иш тополмадим»

24 ёшга кирган Сарварбек Сайитмуродов II гуруҳ ногирони. У жорий йил Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг корпоратив бошқарув йўналишини битиришига қарамай, ҳамон ўзига муносиб иш излаш билан овора.

«Тўрт йиллик ўқиш мобайнида „Микрокредитбанк“ АТБ Қамаши филиали, Молия ҳамда Инновацион ривожланиш вазирликларида амалиёт ўтадим. Амалиётларимни яхши баҳоларга тугатганман. Ўқишни битиргач, бир қанча ташкилотларга иш сўраб бордим. Кадрлар бўлимлари вакиллари ишга кириш жараёни Argos тизими орқали амалга оширилишини айтди. Шундан кейин Argos платформасидан иш излаб кўрдим. Аммо у ерда эълон қилинган бўш иш ўринларининг деярли барчасига номзоддан иш стажи талаб қилинаркан. Мен эса университетни энди битирдим, менда стаж нима қилади? Ҳалигача ўзимга муносиб иш қидиряпман. Инглиз тилини бироз бўлса ҳам биламан. Компьютерни тушунаман, Word, Excel, Power Point дастурлари билан ишлай оламан. SMM соҳасидан хабардорман, шу бўйича курсларда ўқиганман», — деди Сарварбек Сайитмуродов.

У ҳозирда иш қидириш билан бандлиги ва вақтини беҳуда сарфлаётганини қўшимча қилди.

«Электрон база шакллантирилмаган»

Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси раиси Ойбек Исоқовнинг қўшимча қилишича, ОТМни битирган 960 нафар талабанинг қайси соҳа бўйича мутахассис бўлиб етишгани тўғрисида электрон база мавжуд эмас.

«Мисол учун, қанчаси юрист, қанчаси ҳисобчи, қанчаси педагог ёки архитектор ва ҳоказо. Аслида бу базани Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги шакллантириши керак. Кейин улар Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигини жалб қилиб, бирга ишлаши лозим. Чунки ушбу вазирлик ногиронларни иш билан таъминлашга масъул ҳисобланади. Аммо бу икки ташкилот ҳам ҳаракат қилгани йўқ, назаримда», — деди у.

У бундай хулосага келишига ҳозирга қадар бирор ижобий натижани кўрмаганини сабаб қилиб келтирмоқда.

«Базани шакллантиришга бир кун вақт кетади холос. Ҳозир ҳамма соҳада электрон тизим мавжуд. Барча олий ўқув юртларидан қисқа вақт ичида маълумот олиш мумкин. Агар ушбу база йўлга қўйилса, квота асосида битирганларнинг қанчаси иш билан таъминланганлиги, қайси касб бўйича олий маълумотли кадрлар борлиги ва бошқа маълумотлардан хабардор бўлиб борардик. Афсус, бу ҳақда электрон база йўқ, маълумотлар умумлаштирилмаган», — дея таъкидлади у.

«Бизда бундай маълумотлар йўқ»

«Газета.uz» мазкур масала юзасидан масъул бўлган давлат ташкилотларига қуйидаги саволларга билан мурожаат қилди:

  1. 2017 йилда 2 фоизли квота билан ўқишга кирган ва 2022 йилда тамомлаган талабалар сони қанча?
  2. Бу йилги битирувчи ногиронларнинг мутахассислиги бўйича аниқ статистика мавжудми?
  3. Битирувчиларнинг қанчаси иш билан таъминланган? Бу бўйича вазирлик (агентлик) статистика юритаяптими?
  4. Икки фоизли квота доирасида ҳар йили қанча ногиронлар ўқишга киряпти? Айни пайтда таҳсил олаётганлар умумий сони қанча?

Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги ахборот хизмати мазкур саволларга жавоб бераркан, битирувчиларга оид маълумотлар Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги базасида борлигини қайд этди. «Бизда бу бўйича маълумотлар йўқ экан», — дея қўшимча қилди агентлик вакили.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг масъул ходими эса қуйидагича жавоб берди: «Ушбу саволлар асосан, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига оид экан. Агар мазкур вазирлик ногирон талабалар ва битирувчилар рўйхатини шакллантирса, кейин биз мониторинг юритамиз. Аммо ҳудудий ҳокимлик, вазирлик ва идоралар билан ишлар ташкил этиляпти. Ҳар бир ОТМ ногирон битирувчи бўйича иш берувчилар билан шартномалар имзолаган».

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати ҳозирча маълумотлар умумлаштирилмаганлиги сабабли саволларга жавоб бера олмаслиги, маълумотларни тўплашга эса қўшимча вақт талаб этилишини таъкидлади.