«Бир пайтлар пахта майдонидан бир гектар ажратиш жиноят эди» — Шавкат Мирзиёев

Шавкат Мирзиёев Сирдарёда пахта даласида фермер ва қишлоқ хўжалиги вакиллари билан учрашди. Нав эвазига ҳосилдорликни ошириш, сувдан оқилона фойдаланиш зарурлиги таъкидланди. «Бир пайтлар пахта майдонидан бир гектар ажратиш жиноят эди, такрорий экин эккан таъқиб қилинарди», — деди давлат раҳбари.

АҚШ пахтачиликдаги меҳнат шароитларини яхшилаш учун Ўзбекистонга $2 млн йўналтиради

АҚШ Меҳнат вазирлиги Ўзбекистондаги пахта корхоналари салоҳиятини халқаро меҳнат стандартлари ва муносабатларига мослаштириш мақсадида $2 млн грант ажратади.

Мирзиёев Путинни «Олий Даражали Дўстлик» ордени билан мукофотлади

Шавкат Мирзиёев Россия президенти Владимир Путинни «халқлар ўртасидаги дўстлик ришталарини ривожлантиришга қўшган улкан шахсий ҳиссаси, қолаверса 70 ёшга тўлгани учун «Олий Даражали Дўстлик» ордени билан тақдирлади.

Ўзбекистон ва Қирғизистон Кампир-Обод сув омборини биргаликда бошқаради

Қирғизистон президенти Садир Жапаров Ўзбекистон билан Кампир-Обод (Андижон) сув омборини бошқариш учун 50/50 улушга эга қўшма корхона ташкил этилишини маълум қилди.

Дзюдо: Жаҳон чемпионатининг биринчи кунида икки ўзбекистонлик мағлубиятга учради

Тошкентда ўтаётган дзюдо бўйича жаҳон чемпионатининг 1-кунида Ўзбекистон вакили Дилшодбек Баратов -60 кг вазн тоифасида бронза медали учун баҳсда қозоғистонлик спортчига имкониятни бой берди. 48 кг вазнда Ҳалима Қурбонова туркиялик спортчини енгиб, 2-даврада Италия вакилга мағлуб бўлди. (Фото)

Uzbekistan Airways Милан, Рим ва Парижга бўлган мавсумий авиақатновларни вақтинча тўхтатди

Uzbekistan Airways «Қиш-2022» жадвалига ўтиш муносабати билан Урганч — Милан — Тошкент, Урганч — Рим — Тошкент, Тошкент — Париж — Тошкент йўналишларида мавсумий авиақатновларни вақтинча тўхтатди. Италия ва Францияга парвозлар тасдиқланган ёзги парвозлар жадвалига кўра октябрь ойи охиригача бўлади.

«Ўзбекистон темир йўллари» 34 та электропоезд сотиб олиш учун тендер эълон қилди

«Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти 8 та янги йўналишда темирйўл қатновини ишга туширишни режалаштирмоқда. Шу муносабат билан ташкилот 34 та замонавий электропоезд сотиб олиш бўйича халқаро тендер эълонқилди.

Шавкат Мирзиёев Санкт-Петербургда МДҲ давлат раҳбарларининг норасмий саммитида қатнашади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 7 октябрь куни Санкт-Петербургда ўтказиладиган МДҲ давлат раҳбарларининг норасмий саммитида иштирок этади. Тадбир кун тартибида «минтақавий шерикликнинг долзарб масалаларини кўриб чиқиш кўзда тутилган».

Сўмдаги кредитларнинг ўртача фоиз ставкалари пасайди, долларда эса ошди

Миллий валютадаги кредит ставкалари кетма-кет учинчи ой пасайиб, 22,2% ни ташкил этди. Аҳоли кредитлари бўйича фоизлар 5 ой ичида минимал даражага тушди, бироқ бизнес қарзлари яна кўтарила бошлади. Хорижий валютадаги кредитлар бўйича ўртача ставка 2020 йил май ойидан бери максимал даражага етди.

Намангандаги мактабда ўқувчилар ўқитувчига куч ишлатди

Косонсой туманидаги мактабда ўқитувчи ва ўқувчи ўртасида жанжал юзага келди. Видеодан бошқа бир ўқувчи устозининг бошига гултувак отганини ҳам кўриш мумкин. ХТВ жанжал ўзаро келишмовчилик оқибатида юзага келганини маълум қилди. Ўқувчининг онасига маъмурий баённома расмийлаштирилди.

Навоийда банк ходимлари банкоматдан қарийб 100 млн сўмни ўзлаштиргани айтилмоқда

Навоийнинг Навбаҳор туманидаги «Туронбанк» ходимлари банкоматга кирим қилиш учун ажратилган маблағнинг қарийб 100 млн сўмини ўзлаштиргани айтилмоқда. Ҳозирда гумонланувчиларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Андижонда аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш учун ажратилган пуллар талон-торож қилингани аниқланди

Андижоннинг Пахтаобод туманида аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш учун ажратилган пуллар қўшиб ёзиш орқали ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилинган. Гумонланувчиларга нисбатан жиноий иш очилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Жаҳон банки Ўзбекистон иқтисодиёти прогнозини ижобий баҳолади

Жаҳон банки 2022 йил учун Ўзбекистонда ЯИМ ўсиши прогнозини 5,3 фоизгача яхшилади. Бироқ 2023 йилда ўсиш 4,9% бўлиши таҳмин қилинмоқда. Шунингдек, мақсадли ижтимоий ҳимоя дастурлари орқали қашшоқлик даражаси 2023 йилда 14,5 фоизга, 2024 йилда эса 12,2 фоизга тушиши кутилмоқда.

Фарзанд асраб олиш учун рухсат этилган ёш ўзгартирилиши мумкин

Оила кодексига фарзанд асраб олувчилар «камида икки йил бирга никоҳда яшаган шахслар, шунингдек, 25 ёшга тўлган фуқаролар» бўлиши мумкинлиги ҳақида ўзгартириш киритиш таклиф этилмоқда. Ҳозирда бола асраб олиш фақат «вояга етган фуқароларга» рухсат этилган.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақолалар:

«Давлат ташкилотларида ногиронларга нисбатан ишончсизлик бор». ОТМни битирган юзлаб ногиронлар ишсиз қолмоқда

Президент ташаббуси билан жорий этилган 2 фоизли квота асосида бу йил 960 нафар ногирон ОТМни тамомлади, бироқ улар ишсиз. Қонунчиликка кўра давлат ташкилотлари уларга иш ўрни яратиши керак, аммо ташкилотлар иш сўраб борганларга рад жавобини беряпти. «Газета.uz» ушбу муаммога эътибор қаратди.

Шаҳар ичи атамалари: Стоянка, станция, остановка — ҳаммаси ҳам бекат дегани эмас

Тилшунос, адиб, журналист умуман ўз тилини қадрлайдиганлар — ўзбек тилининг ички имкониятларини чуқур ўрганишга, шевалардаги беҳисоб дурдоналарни йиғиб, адабий тил мулкига айлантиришга ҳаракат қилмоғи керак. «Ўзбек тили ойлиги» доирасида Суюн Қораевнинг 1990 йилдаги мақоласини тақдим этамиз.