Сентябрь ойи охири — октябрь ойи бошида Россияда «қисман» сафарбарлик эълон қилинганидан сўнг Қозоғистондан Ўзбекистонга ўтишда чегарада Россия давлат рақамларига эга автомобилларнинг узун навбатлари пайдо бўлди. Бироқ ҳозир вазият барқарорлашганига чоршанба куни «Ғишткўприк» чегара пунктига (Қозоғистон томондан — «Жибек йўли») ташриф буюрган «Газета.uz» мухбирлари ишонч ҳосил қилишди.

Чегаранинг икки томонида ҳам вазият тинч. Кундузи машиналарда кичик навбат пайдо бўлди. Журналистлар назорат-ўтказиш пунктида бўлган бутун вақт давомида — бир соатдан сал кўпроқ — Россиянинг бор-йўғи тўртта автомобили Ўзбекистон чегарасини кесиб ўтган.

Бу пайтда чегарани одатдагидек пиёда жуда тез кесиб ўтиш мумкин эди. Қозоғистон томонида бир нечта машина бор эди. Атрофдаги шовқин-суронни эса шу ердаги саррофлар — оддий валюта алмаштирувчилар яратаётганди.

Қозоғистон билан чегара.

Ҳайдовчилар навбатда туришади ва ишора бўйича текшириш ва паспорт назорати учун тўхташади. Чегарани кесиб ўтгандан сўнг, россиялик ҳайдовчилар чегарани кесиб ўтишда ҳеч қандай қийинчилик йўқлигини, ҳеч кимга ортиқча саволлар берилмаганини айтишди.

«Биз ҳамма жойдан тез-тез ўтдик. Чегарачилар хушмуомалалик билан мулоқот қилишди ва бизга хизмат кўрсатиш даражасига мос тугмани босиш орқали уларнинг ишига баҳо беришимизни сўраб, бизга оқ йўл тилашди», — дея таассуротларини ўртоқлашди тюменлик Алексей.

Ўзбекистон чегараси.

Москва, Москва вилояти ва Свердловск вилоятидан келган бошқа ҳайдовчилар ҳам шунга ўхшаш сўзларни айтишди.

«Ҳеч ким ортиқча ҳеч нарса сўрамади, сафарбарлик ҳақида бир оғиз сўз йўқ, лекин биз бу ерга дўстлар билан тўйга боряпмиз», — деди Артемий.