Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов Афғонистон муваққат ҳукуматининг мамлакат олий ўқув юртларига қабул квоталарини қарийб 70 фоизга ошириш ҳақидаги қарорини олқишлади. 2021 йилда Афғонистондаги ОТМларга қабул квотаси 68 минг талабани ташкил қилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 115 минг нафарга етди.

«Умид қиламанки, қизларга ҳам университетларда ўқиш учун тенг [сонли] ўринлар берилади», — деб ёзди Владимир Норов Twitter-саҳифасида.

Афғонистон Олий таълим вазирлигига таяниб, TKG нашрининг хабар қилишича, жорий йилда кириш имтиҳонлари 6 октябрь куни бўлиб ўтади. Имтиҳонларда 12-синфни тамомлаган 160 минг нафар мактаб битирувчиси иштирок этади.

Оммавий ахборот воситаларида қизларнинг мутахассислик танлашига чеклов қўйилгани ҳақидаги хабарларга жавобан вазирлик улар истаган факультетни танлашда эркин эканини маълум қилди.

Ўтган жума куни Кобулдаги ўқув марказларидан бирида худкуш томонидан портлаш содир бўлди. Натижада 53 киши ҳалок бўлди, уларнинг аксарияти — 46 нафари олий ўқув юртларига кириш имтиҳонлари олдидан синов имтиҳонидан ўтган қизлардир. Ҳодиса Кобулнинг ғарбий қисмида, афғон шиа ҳазоралари озчилик жамиятида содир бўлган.

Омон қолганларнинг сўзларига кўра, террорчи портловчи моддаларни қизлар жойлашган бўлимда ҳаракатга келтирган. Бу вақтда 400 га яқин ўғил-қиз «Толибон» кўрсатмаларига кўра парда билан ажратилган ҳолда имтиҳон топшираётган эди.

Афғонистон муваққат ҳукумати ёшлар хавфсизлигини таъминлай олмаётгани учун танқид қилинди. Портлашнинг эртасига бир неча шаҳарда талаба қизлар норозилик намойишлари ўтказди, деб ёзади VOA.

Сентябрь ойида БМТнинг Афғонистонга ёрдам кўрсатиш миссияси (ЮНАМА) Афғонистондаги қизлар ўрта мактаблари ёпилганининг бир йиллиги муносабати билан баёнот бериб, таълим олишдан бош тортиш қизлар ва аёлларнинг асосий ҳуқуқларини поймол қилишини таъкидлаган эди.

«Бу фожиали, шармандали юбилей бўлиб, бутунлай унинг олдини олиш мумкин эди. Қизларнинг ўрта мактабдан четлатишда давом этиши ҳеч қандай асосли сабабга эга эмас ва дунёнинг ҳеч бир жойида бундай ҳолат кузатилмайди. Бу қизлар авлоди ва Афғонистоннинг келажагига жиддий зарар етказмоқда», дейилади хабарда.

«Толибон» ўтган август ойида ҳокимиятни қўлга киритгач, қизларга ўрта таълим олишни тақиқлаган эди. Шу билан бирга, давлат ва хусусий университетларда қизлар ва йигитлар синфлари алоҳида ажратилди.

БМТ ҳисоб-китобларига кўра, бир йилда 1 миллиондан ортиқ қизлар, асосан, 12 ёшдан 18 ёшгача бўлганлар таълимдан маҳрум бўлган.