2022 йилда олий таълим муассасаларига кирган мактаб битирувчилари сони ўтган йилга нисбатан яна ошди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги ДТМ тақдим қилган маълумотлар асосида хабар берди.

Бу йил 385 437 нафар мактаб битирувчиларидан 295 393 нафари, ёки 77 фоизи олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида қатнашди.

Уларнинг 85 869 нафари ёки 23 фоизи давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинди. Бу кўрсаткич 2021 йилга нисбатан 4% га, 2020 йилга нисбатан 12% га ошган.

Республика миқёсида мактаб битирувчиларининг тест синовларидаги ўртача балл кўрсаткичи 76,1 балл бўлди. Бу натижа ҳам 2021 йилга нисбатан 1,2 баллга, 2020 йилга нисбатан 6,3 баллга ошган (2020 йилда 69,8 балл, 2021 йилда 74,9 балл бўлган).

Келтирилишича, ўтиш балидан паст (56,7 баллдан) балл олган ўқувчилар ўқиган 519 та умумтаълим мактаб ҳозирда алоҳида назоратга олинган. Уларда ўқув-тарбия жараёнларини яхшилаш, педагогларнинг касбий маҳорати ва салоҳиятини ошириш борасида манзилли ишлар амалга оширилмоқда.