Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Будапешт шаҳридаги Шандор саройида Венгрия президенти Каталин Новак билан учрашди. Бу ҳақда унинг матбуот хизмати хабар бермоқда.

Президентлар Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги кўп қиррали стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтириш масалаларини мҳокама қилди.

Икки томонлама ҳамкорлик алоқалар кенгайётгани мамнуният билан таъкидланди. Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантиришда Ўзбекистон-Венгрия ҳукуматлараро комиссияси ва 3 октябрь куни Будапештда иккинчи йиғилишини ўтказган Ўзбекистон-Венгрия Ишбилармонлар кенгаши муҳим ўрин тутмоқда, дейилади хабарда.

Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи GSP+ преференциялар тизимига қўшилганини томонлар ўзаро савдони салмоқли даражада кўпайтириш ва диверсификация қилиш учун янги имкониятлар очиши билан баҳолади.

Бундан ташқари, Венгрия ҳукумати «Хунгарикум» дастури доирасида ўзбекистонлик талаба ва докторантлар учун ҳар йили ажратиладиган квотани 170 тагача ошириш тўғрисида қарор қабул қилгани айтилди.

Ўзбекистон ва Венгрия олий таълим муассасалари ректорларининг иккинчи форумини ўтказиш мақсадга мувофиқлиги кўрсатиб ўтилди.

Учрашув якунида Шавкат Мирзиёев Венгрия президентини ўзи учун қулай вақтда ташриф билан Ўзбекистонга боришга таклиф этди.