Швециялик генетик Сванте Паабо тиббиёт ва физиология бўйича Нобел мукофотига сазовор бўлди, деб хабар берди BBC.

«Мукофот унга йўқ бўлиб кетган гомининлар геномлари ва инсон эволюцияси бўйича олиб борган тадқиқоти учун берилди», — дея эълон қилди Нобел қўмитаси.

Нобел қўмитаси вакили Нилс-Йоран Ларссон Паабо ишининг аҳамиятини қуйидагича изоҳлади: «Унинг мукофот олиш учун ҳал қилувчи бўлган ҳиссаси шундаки, у қадимий ДНКни таҳлил қилиш ва қайта тиклаш усулларини ишлаб чиқди. Қадимги суяклардаги ДНК жуда бузилган ва кимёвий шикастланишга дучор бўлган ва бунинг устига, ДНК бактериялар ва намуналар билан ишлаган одамлар билан алоқа қилиш натижасида жуда ифлосланган. Паабо мавжуд технологиялардан фойдаланган, чунки улар қадимги ДНКни таҳлил қилиш учун ўз усулларини ишлаб чиқди ва жорий қилди».

Сванте Паабо замонавий одамларнинг йўқ бўлиб кетган қариндоши неандертал геномини кетма-кетликда тузди. Олим, шунингдек, тахминан 70 минг йил аввал Африкадан кўчиб ўтгандан сўнг, ҳозирда йўқ бўлиб кетган гомининлардан Homo Sapiens’га ген ўтиши содир бўлганлигини аниқлади.

Амалий маънода, бу тадқиқот муҳим аҳамиятга эга, чунки бу генлар замонавий одамларга таъсир қилишда давом этмоқда, масалан, иммунитет тизими инфекцияларга қандай жавоб беради.

Фаолиятининг бошиданоқ Паабо генетик тадқиқотнинг замонавий усулларини неандертал ДНКсини ўрганишда қўллаш мумкинми ёки йўқлиги билан қизиқди.

У жиддий муаммога дуч келди: вақт ўтиши билан ДНК кимёвий жиҳатдан ўзгартирилади ва қисқа бўлакларга бўлинади. Бу қадимги одамларнинг ДНКсини ўрганиш усуллари устида ишлашни давом эттирган Паабони тўхтатмади. Паабо ҳамкасблари билан биргаликда ДНКни қолдиқлардан тўлиқ олиб ташлаш учун махсус техникани ишлаб чиқди.

2008 йилда жанубий Сибирдаги Денисов ғорида бармоқ суягининг 40 минг йиллик бўлаги топилган. Паабо жамоаси суякда ажойиб даражада яхши сақланган ДНК борлигини аниқлади ва ишга киришди.

2010 йилда мутахассислар Денисов одамининг (Homo denisovensis) ДНК кетма-кетлигини аниқлашди. Паабонинг кашфиётлари эволюция тарихини тушунишни яхшилади, дея қайд этади BBC. Homo Sapiens Африкадан кўчиб кетган пайтда Евроосиёда камида иккита йўқ бўлиб кетган гоминин популяцияси яшаганлиги маълум. Неандерталлар Евросиёнинг ғарбий қисмида, Homo denisovensis’лар эса материкнинг шарқий қисмида яшаган.

Физиология ёки тиббиёт бўйича Нобел мукофотлари

1901 йилдан бери физиология ёки тиббиёт бўйича жами 112 та Нобел мукофоти берилди, улардан 224 нафари лауреатга айланган. Мукофот тўққиз марта берилмаган: 1915−1918, 1921, 1925, 1940−1942 йилларда.

Нобел жамғармаси низомида шундай дейилган: «Агар кўриб чиқилаётган асарларнинг ҳеч бири ўз қийматини исботламаса, мукофот пули кейинги йилга қадар сақланиб қолади».

Физиология ёки тиббиёт бўйича Нобел мукофоти совриндорлари орасида 12 нафар аёл бор. Улардан фақат Барбара Макклинток уни 1983 йилда ҳаммуаллифларсиз ёлғиз ўзи олган.

Бугунги кунга келиб, физиология ёки тиббиёт бўйича Нобел мукофотининг энг ёш лауреати Фредерик Бантинг бўлиб, у мукофотни 1923 йилда 32 ёшида олган.

Энг кекса лауреат — Пейтон Роуз бўлиб, у 1966 йилда мукофотни олган пайтида 87 ёшда эди.