Физика бўйича Нобель мукофоти уч физик олим — Ален Аспе, Жон Клаузер ва Антон Цайлингерга квант механикаси соҳасидаги тадқиқотлари учун берилди, дея хабар берди BBC.

Швеция қироллик фанлар академияси физика бўйича 2022 йилги Нобель мукофотини мураккаб фотонлар билан ўтказган тажрибалари учун Париж-Сакле университети академиги Ален Аспе, Берклидаги Калифорния университети доктори Жон Клаузер ҳамда Массачусетс технология институти академиги Антон Цайлингерга берди. Олимлар 10 млн швед кронаси (915 минг доллар) миқдоридаги мукофот пулини бўлишиб олади.

2021 йилда физика бўйича мукофотни, шунингдек, мураккаб физик тизимларни тушуниш ва Ер иқлимини моделлаштириш бўйича кашфиётлари учун учта олим — Шукуро Манабе, Клаус Хасселманн ва Жоржио Париси олган эди.

Нобель ҳафталиги анъанага кўра октябрь ойининг бошида Стокголмда бўлиб ўтади. Физика бўйича мукофот — мукофотларнинг иккинчиси. Биринчи куни тиббиёт ва физиология соҳасидаги лауреатлар маълум бўлади. Бу йўналишдаги бу йилги мукофот бир кишига — швед генетики Сванте Паабога йўқ бўлиб кетган гоминидлар геномлари ва инсон эволюцияси бўйича тадқиқотлари учун берилди.

Шундан сўнг физика, кимё, адабиёт соҳасидаги тақдимотлар бўлиб ўтади ва ҳафта охирида Тинчлик учун Нобель мукофоти совриндори эълон қилинади, у нафақат шахс, балки бутун ташкилот бўлиши мумкин. Бу Швеция эмас, Норвегия Фанлар академияси томонидан бериладиган ягона мукофотдир.

Бундан ташқари, гарчи иқтисод соҳаси Алфред Нобелнинг дастлабки васиятномасида кўрсатилмаган бўлса-да, 1969 йилдан бошлаб Швеция банки ташаббуси билан иқтисод соҳасидаги йиллик мукофоти ҳам тақдим этиб келинади.

Физика Алфред Нобель васиятномасида тилга олинган биринчи фан соҳаси эди. Шунингдек, васиятномада физика бўйича мукофот Швеция Қироллик Фанлар академияси томонидан берилиши кераклиги айтилган. Академия 1739 йилда ташкил этилган. Бугунги кунда у 450 га яқин швед ва 180 хорижий олимлардан иборат. Нобель қўмитаси аъзолари Академия томонидан уч йил муддатга тайинланади.