28 сентябрь куни Навоий кон-металлургия комбинатига қарашли «Ауминзо-Амантой» конида Белаз автосомасвали ёниб кетиб, унинг ичидаги ҳайдовчи куйиш сабабли вафот этди. Навоий вилоят прокуратураси матбуот хизмати ҳолатга 3 октябрь куни муносабат билдирди.

Аниқланишича, воқеа тахминан соат 17:00 ларда, Навоий кон-металлургия комбинати АЖ тасарруфидаги Марказий кон бошқармасининг «Ауминзо-Амантой» кони ҳудудида бўлган. Автомобиль транспорти бошқармасидаги 31 ёшли ҳайдовчи ўзига бириктирилган «Белаз» русумли автосомасвалда тоғ жинсларини ташиш вақтида автосамосвалнинг олд чап ғилдирак шинаси ёрилган. Натижада ёнғин келиб чиққан.

Сўнг ёнғин автосомасвал кабинасига ҳам ўтиб, ҳайдовчининг танаси куйиб, жароҳатланган. Унга Зарафшон шаҳрида жойлашган тиббий санитария қисмида тиббий ёрдам кўрсатилган. Сўнгра Бухоро шаҳрида жойлашган РШТЁИМга олиб келинган. Бироқ, кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан, ҳайдочи 30 сентябрь куни шифохонада вафот этган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ИИВ ҳузуридаги 2-сон ИИБ тергов бўлинмаси терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб боряпти. Судга оид тиббий ва комиссион экспертизалар тайинланган.