Тошкент шаҳридаги Алишер Навоий кўчасида интеллектуал фото видеони қайд этиш камералари ўрнатилди, деб хабар бермоқда пойтахт Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси матбуот хизмати.

Шаҳар ҳокимияти томонидан Австрия давлатининг «Glans Gresselchaft Tashkent» номли корхонаси Навоий кўчасини рақамлаштириш бўйича таклифи ўрганилмоқда.

Ҳозирги вақтда ушбу корхонага тегишли интеллектуал фото ва видеони қайд этиш камералари томонидан йўл чизиқларига риоя қилмаслик, тезликни ошириш, уяли телефондан фойдаланиш, хавфсизлик камаридан фойдаланмаслик ва бошқа қоидабузарликлар аниқланиб борилмоқда.

«Барча йўл ҳаракати иштирокчиларига белгиланган қоидаларга амал қилишларини тавсия қиламиз», — дейилади хабарда.

Тошкент шаҳар ЙҲХБ матбуот хизмати котиби Қаҳрамон Худойбергановнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, ушбу лойиҳа ҳозирча фақат Навоий кўчада амалга оширилмоқда.

«Агар иш берса, пойтахтнинг барча кўчаларида ўрнатилиши мумкин. Чунки интеллектуал фото ва видеони қайд этиш камералари бошқа камера ва радарлардан анча яхши ишлайди», — деди у.