28 сентябрь куни кечқурун Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида фуқаро онаси билан жанжаллашиб қолган вақтида уни пичоқ билан ўлдириб қўйди. Бу ҳақда Бош прокурор матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов «Газета.uz»га маълум қилди.

Унга кўра, фуқаро Н.Ҳ. онаси М.О. билан яшаш уйига бегона эркакларни олиб келмаслик масаласида тортишиб, жанжаллашиб қолган. Бу вақтда 29 ёшли фарзанд ошхона пичоғида онасининг чап елка юқори кисми, кўкрак қафаси ва қўлтиқ ости соҳасига бир мартадан, жами 3 маротоба уриб, қасддан ўлдирган.

Суд тиббий экспертизанинг дастлабки маълумотига кўра, марҳуманинг ўлимига чап ўпкасини тешиб ўтиб, юрак аорта томирини жароҳатланиши оқибатида келиб чиққан ўткир массив ички қон кетиши сабаб бўлгани кўрсатилган.

Келтирилишича, 50 ёшли М.О. Жондор туманида туғилган. Ҳаёт вақтида вақтинча ишсиз бўлган, қолаверса муқаддам Жиноят кодексининг 131-моддаси (Қўшмачилик қилиш ёки фоҳишахона сақлаш) билан судланган.

Ҳодиса жойига вилоят прокуратура, ички ишлар органлари ходимлари чиқиб, жой ва унинг теварак атрофда криминалистик — техника воситалари ёрдамида текширув ўтказди. Унда бир дона ошхона пичоғи, қонга ўхшаш доғлардан суртмалар ҳамда марҳума М.О.нинг қонга ўхшаш доғлари бўлган кийимлари олинган.

Ҳолат юзасидан 28 сентябрь куни туман прокуратураси Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (Қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатди. Аёлнинг ўғли Жиноят процсессуал кдексининг 221-моддаси тартибида ушланиб, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган. Иш бўйича судга оид тиббиёт, криминалистика — техника ҳамда биология экспертизалари тайинланди.

Ғиждувон туман прокуратураси дастлабки тергов ҳаракатлари олиб боряпти.