Президент 30 сентябрь куни «Тадбиркорлик субъектларининг экспорт салоҳиятини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни қабул қилди, дея хабар бермоқда Адлия вазирлиги.

Фармонга мувофиқ, 2022 йил 1 ноябрдан:

  • бир экспорт шартномаси доирасида келиб тушмаган валюта суммаси экспортга юкланган жами маҳсулот нархининг 5 фоизидан ошмаган тақдирда муддати ўтган дебитор қарздорлик ҳисобланмайди ва тадбиркорга нисбатан жарима қўлланилмайди;
  • экспорт ташкилотларига фойда ва айланмадан олинадиган солиқ бўйича солиқ базасини камайтириш шаклидаги имтиёзлар товарларни реализация қилишдан тушган умумий тушумдаги экспорт ҳажмининг улушидан қатъи назар қўлланилади;
  • қовун, канакунжут, хантал ва махсар уруғлари экспортига рухсат берилади. [Маълумот учун мойли ўсимликлар уруғларини экспорти 1 июндан чекланган эди]

Экспортчи корхоналарни очиқ танлов орқали саралаб, уларни етакчи экспортёрларга айлантириш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича «Янги Ўзбекистон — рақобатбардош маҳсулотлар юрти» дастури амалга оширилади.

Дастурга киритилган экспортчи корхоналарга Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармасидан экспортолди ва экспорт билан боғлиқ савдо операцияларини молиялаштириши учун охирги 12 ойдаги экспорт ҳажмидан келиб чиқиб қуйидаги молиявий ёрдамлар кўрсатилади:

  • экспорт ҳажми 1 миллион доллардан 5 миллион долларгача бўлганда — 1 миллион долларгача;
  • экспорт ҳажми 5 миллион доллардан 10 миллион долларгача бўлганда — 2 миллион долларгача;
  • экспорт ҳажми 10 миллион доллардан 15 миллион долларгача бўлганда — 3 миллион долларгача;
  • экспорт ҳажми 15 миллион доллардан 20 миллион долларгача бўлганда — 4 миллион долларгача;
  • экспорт ҳажми 20 миллион доллардан ортиқ бўлганда — 5 миллион долларгача;
  • битта халқаро стандартни жорий қилиш ва сертификатни олиши учун уларга 30 минг АҚШ долларидан кўп бўлмаган миқдорда.