Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати ижтимоий тармоқларда тарқалиб, муҳокамаларга сабаб бўлган Оққўрғон тумани ИИБ ходимига тегишли деб изоҳланган аудиоёзув бўйича муносабат билдирди.

Мазкур ҳолатни ўрганган ИИББнинг маълум қилишича, аудио тегишли экани айтилаётган фуқаро 1992 йилда туғилган А.Сулаймонов 2022 йилда туман ИИБ профилактика инспектори лавозимига қабул қилинган. Ёш ходим кўп ўтмай хизмат фаолияти давомида «ўзини салбий томондан кўрсатганлиги ва ноўрин хатти-ҳаракатлари сабабли» ички ишлар органларидан бўшатилган.

«Аёл менга телефон қилганда маст ҳолатда эдим. Ўша пайтда мен жаҳлим чиқиб, уни ҳар хил сўзлар билан ҳақоратладим. Нима деб сўкканимни, нималар деганимни ўзим ҳам билмадим. Бутун Оққўрғон аҳолисидан, бутун Ўзбекистон аҳолисидан бир умр кечирим сўрайман, бу ишларимдан пушаймонман», — дейди у.

Фуқаро А.Сулаймоновга нисбатан 2 октябрь куни Оққўрғон туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси (Безорилик) 3-қисми «г» банди билан қўзғатилиб, гумон қилинувчи сифатида ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланди.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабарига кўра, «жамоатчилик нафратига учраган фуқаро» айни пайтда қамоққа олинган, тергов бошланган.

«Халқнинг онасини сўккан «йигит»нинг онаси эл-юртга мурожаат билан чиқиш истагини билдирди ва уни ёзиб олдик. Яқин соатларда шу видео эълон қилинади. Бу ҳолатда оила қаттиқ тушкунликка тушган, отасининг соғлиғи оғирлашиб, уй шароитида даволанмоқда. Ота-она кўчага чиқишга халқдан уялиб уйида ўтирибди», — дейилади хабарда.

Шунингдек, ҳокимлик ижтимоий тармоқларда тарқалган «Оққўрғонда одамлар йиғилиб, сўкинган йигитни топиб беришни талаб қилаяпти», деган чиқишлар борасида ҳам изоҳ берди. Унга кўра, бугун тушгача жами 35−40 нафар атрофида одам туман ички ишлар бўлимига келиб, онани ҳақорат қилган фуқарога қаттиқ жазо беришни сўраган.

«Шу ўринда ҳурматли фуқароларимизга, ҳолат тўлиқ назоратга олинганлигини ва қонуний тартибда чора кўрилишини маълум қиламиз», — дейилади бошқарма баёнотда.