Президент Шавкат Мирзиёев АҚШнинг жануби-шарқий штатларида юз берган кучли «Иэн» тўфони оқибатида кўплаб инсонлар қурбон бўлгани ва жиддий талафотлар кўрилгани муносабати билан президент Жозеф Байденга таъзия йўллади.

«Давлатимиз раҳбари ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдириб, жароҳат олганлар тез фурсатда соғайиб кетишини тилади», — дея хабар қилди давлат раҳбариннг матбуот котиби Шерзод Асадов.

Чоршанба куни АҚШнинг жануби-ғарбий соҳилларида содир бўлган тўфон оқибатида камида 44 киши ҳалок бўлди, бу рақам янада ошиши мумкин, деб ёзади The New York Times. Тўфон кенг кўламли вайронагарчиликлар ва сув тошқинини келтириб чиқарди. 2,5 миллиондан ортиқ истеъмолчи электр энергиясиз қолди.

АҚШ президенти ва биринчи хоними табиий офат оқибатларини бартараф этиш бўйича олиб борилаётган ишларни кўриб чиқиш учун келаси ҳафта Флоридага ташриф буюради. Бунгача эса улар «Фиона» тўфонидан жиддий зарар кўрган Пуэрто-Рикога боради.