Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»
«Мактабдан бошқа ишга ўтган ўқитувчиларни қайтариш, ойликни камида 15 млн сўм қилиш зарур»
Турли макон ва шароитларда ишлаётган устозлар билан суҳбат
Ўзбекистондаги давлат мактабларида жами 506 618 нафар ўқитувчи ишлайди. Уларни ягона мақсад — тонгдан то кечгача болаларга таълим-тарбия беришдек шарафли масъулият бирлаштириб туради. Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида «Газета.uz» турли ҳудуд, шароит ва имкониятлар қуршовида фаолият юритаётган мураббийлар билан суҳбатлашди.
Ўзбекистондаги давлат мактабларида жами 506 618 нафар ўқитувчи ишлайди. Уларни ягона мақсад — тонгдан то кечгача болаларга таълим-тарбия беришдек шарафли масъулият бирлаштириб туради. Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида «Газета.uz» турли ҳудуд, шароит ва имкониятлар қуршовида фаолият юритаётган мураббийлар билан суҳбатлашди.
Халқ таълими вазирлигига қарашли умумтаълим мактабларининг умумий сони 10 100 тани ташкил этади. Шундан шаҳарларда — 1430 та, туманлар марказида— 1134 та, қишлоқ жойларда — 7014 та, олис ҳудудларда эса — 522 та мактаб мавжуд. Нодавлат мактаблар сони эса 334 тага етди уларда ишлайдиган ўқитувчиларнинг аниқ сони эса юритилмайди.

Давлат муассасаларида ишловчи 506 618 ўқитувчининг 69,8 фоизи – 353 645 нафари аёллардан иборат. Олий маълумотлилар (магистратура дипломига эгалар) — 440 656 нафар (87%), тугалланмаган олий маълумотлилар (бакалавр дипломи борлар) — 28 662 нафар (5,7%), ўрта-махсус маълумотли ўқитувчилар эса— 37 300 нафарни (7,4%) ташкил қилади. Ëши энг катта ўқитувчи 65 да, энг кичиги эса 20 да. Энг тажрибали мураббий 45 йиллик иж стажига эга.

Ўқувчиларнинг умумий сони эса — 6 346 000 нафар, шундан 3 251 000 нафари ўғил, қолган 3 095 000 нафари эса қиз болалардан иборат.
Халқ таълими вазирлигига қарашли умумтаълим мактабларининг умумий сони 10 100 тани ташкил этади. Шундан шаҳарларда — 1430 та, туманлар марказида— 1134 та, қишлоқ жойларда — 7014 та, олис ҳудудларда эса — 522 та мактаб мавжуд. Нодавлат мактаблар сони эса 334 тага етди уларда ишлайдиган ўқитувчиларнинг аниқ сони эса юритилмайди.

Давлат муассасаларида ишловчи 506 618 ўқитувчининг 69,8 фоизи – 353 645 нафари аёллардан иборат. Олий маълумотлилар (магистратура дипломига эгалар) — 440 656 нафар (87%), тугалланмаган олий маълумотлилар (бакалавр дипломи борлар) — 28 662 нафар (5,7%), ўрта-махсус маълумотли ўқитувчилар эса— 37 300 нафарни (7,4%) ташкил қилади. Ëши энг катта ўқитувчи 65 да, энг кичиги эса 20 да. Энг тажрибали мураббий 45 йиллик иж стажига эга.

Ўқувчиларнинг умумий сони эса — 6 346 000 нафар, шундан 3 251 000 нафари ўғил, қолган 3 095 000 нафари эса қиз болалардан иборат.
Абдуҳаким Ашурматов
Наманган шаҳридаги Президент мактабининг кимё фани ўқитувчиси
Наманган вилоятининг Чуст туманида туғилиб, вояга етганман. Ҳудуддаги 19-давлат ихтисослаштирилган мактаб интернати (ДИМИ)да ўқиб юрган кезларим кимё фани ўқитувчимиз машғулотларни қизиқарли ўтардики, шу фанга нисабатан иштиёқим ортган. Мактабни тамомлаб, ўша вақтдаги Наманган давлат университети (НамДУ) қошидаги 2-академик лицейининг табиий фанлар йўналишида таҳсил олдим. 2013 йили НамДУнинг кимё йўналишига давлат гранти асосида ўқишга кириб, 2017 йил бакалаврни, 2019 йил магистратурани битирдим. Уч ой Наманган шаҳридаги 1-ДИМИда ишладим. 2019 йили танлов асосида Президент мактабига ишга қабул қилиндим. Бизда дарслар тўлиқ инглизча ўқитилгани боис синов пайтида ўқитувчилар ҳам инглиз тили бўйича суҳбатдан ўтказилган. Уч йилдан бери шу даргоҳдаман.
Фото: Иномжон Мамадалиев
Президент мактаби ўқувчиларининг билим даражаси кучли, деб айта оламан. Машғулотларга пухта тайёрланиб, дарс моҳиятини очиб беролмасангиз, болалар саволлари орқали сизни хижолат қилиб қўяди. Уларнинг дунёқараши кенг ва қизиқиши кучлилиги туфайли дарсликлардан ташқари, ўзини ўйлантираётган ёки билмаганлари бўйича ҳам саволлар беради. Шунинг учун чет эл адабиётлари, интернетдаги манбаларни ҳам ўқиб, ҳар гал жиддий тайёрланаман.
реклама
реклама
Ишимни билимсизликдан эмас, балки руҳий босимлар сабаб ташлаб кетишим мумкин. Аммо ҳали бундай ҳолат кузатилгани йўқ. Ҳар куни мактабга келиб, маза қилиб дарс ўтаман. Ўқувчилар вундеркинд, улар билан ишлаб завқланаман.
Президент мактабларининг ўқувчилари келажакда қайси касб эгаси бўлишига қараб, 9-синфдан бир қанча фан бўйича жиддий тайёрланади. 2021—2022 ўқув йили якунида етти нафар битирувчи ўқувчим Cambridge Assessment International Education ташкилоти вакиллари томонидан ўтказилган A/AS level имтиҳонида қатнашди. Улар Ўзбекистондаги мавжуд 14 та Президент мактаби ўқувчилари орасида 100 фоизли натижани қайд этди ва муваффақиятли сертификатни қўлга киритди. Улардан икки нафари Тошкент шаҳридаги Янги Ўзбекистон, бир нафари Akfa университетида ўқияпти. Қолган 4 нафари эса чет элдаги нуфузли олий ўқув юртлари талабасига айланди. Ўқувчиларимнинг мана шундай ютуқларини кўриб, яхшиям шу касбни танлаган эканман, деб хурсанд бўламан!
Айни пайтда НамДУда доктарантурада ўқишдан ташқари, Президент мактабида шартнома асосида фаолият юритяпман. Бундан ярим йил олдин штат асосида ишлаган пайтларим 11 миллион сўмга яқин маош олардим. Бунинг учун албатта, ҳаракат қилардим, ўқувчиларим кўрсатган натижа, тил сертификати ва бир қанча омиллар ҳисобга олинарди. Менимча, давлат мактабларидаги ўқитувчилар ойлигини 1000 доллар атрофида қилиш керак. Шундан кейин улар жонини жабборга бериб ишлайди, оиласини боқиб, ўз эҳтиёжларини ҳам қондирарди. Меҳнат таътилига чиққанида, Туркия, Анталияга бориб, бемалол ҳордиқ чиқариб келади.
Фото: Иномжон Мамадалиев
Президент мактаби ва бошқа ихтисослашган мактабларда лаборатория хоналари ҳавас қиларли даражада дейиш мумкин. Аммо оддий мактабларда лаборатория жиҳозлари етарли эмас, етишмовчилик бор. Машғулотлар ёдлашга асосланган тестлар, қийин масалалар асосида ўтади. Ўқитувчилар ҳам дарслик бўйича иш режа тузиб, билим беради. Халқ таълими вазирлиги алоҳида иш режалар ишлаб чиқиши керак, деб ўйлайман. Масалан, Президент мактабларида иш режалар Cambridge Assessment International Education ташкилоти томонидан тайёрланиб, бир хил ўқитишга қаратилган. Шунингдек, давлат мактабларида сифатли кадрларни кўпайтириш зарур. Бунинг учун эса юқоридаги айтганимдек, маошларни ошириш лозим.
Шаҳноза Мирзаюлдашева
«Merit» хусусий мактабининг олий тоифали бошланғич синф ўқитувчиси
Бобом ва бувим бир умр таълим соҳасида ишлаб, ёш авлодни ўқитгани учун мен ҳам шу касбни танлаганман. Мактабни битиргач, 1-сонли Тошкент педагогика билим юртида ўқиганман. 1997 йилда Учтепа туманидаги бошланғич таълим-тарбия марказига ишга кирганман. У ерда фаолият юритиш билан бир қаторда 2003—2006 йилларда Тошкент давлат педагогика университетининг махсус сиртқи бўлимида таҳсил олганман. Кейинчалик, турмушга чиққаним боис фаолиятимни Чиноз туманидаги 22-умумий ўрта таълим мактабида давом эттириб, 2020 йилгача ўша ерда меҳнат қилдим. Икки йилдан буён эса «Merit» хусусий мактабида болаларга билим беряпман. Ўтган вақт давомида директорлик, илмий бўлим мудири каби турли лавозимларда ишлаш таклифи тушди. Лекин ҳаммасини рад этдим. Чунки болалар билан ишлаш менга мароқ бағишлайди.
Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»
Давлат ва хусусий мактабларда ишлаб, икки хил тизим ва муҳитни кўргач, уларни таққослаш тажрибасига эга бўлдим. 15 йилга яқин давлат мактабида фаолият юритган бўлсам, у ерда давлат таълим стандартларидан чиқмаган ҳолда дарс ўтардик. Ёзиш, чизиш ишларига кўп вақт сарфлардим. Ҳужжатларингиз жойида бўлмаса, сизнинг ишлаганингиз ва ўқувчиларингизни натижасига биров ишонмайди. Тоифа, устама ҳақи олиш учун қоғозбозлик билан шуғулланардим, кўп вақтим шунга кетарди, баъзан дарсларим ўтилмай ҳам қолиб кетарди.
Хусусий мактабда ўқувчи қанча кўп билим қабул қилса, ўқитувчи шунча маълумот беради. ДТСдан ташқари, халқаро тажрибаларни ҳам ўрганиб, ўқувчиларга қўшимча билим улашилади. Болалар билмаганларини қанча кўп сўраса, мен шунча изланиб, ўз устимда ишлайман ва билимларимни ошириб бораман. Бу ерда ўқувчилар билан кўпроқ машғулот ўтказиб, кўпроқ натижага эришиш мақсад қилинган. Болалар ҳар ойда тест топшириб, билим даражасини синовдан ўтказади. Натижага қараб, индивидуал тарзда ҳам шуғулланамиз. Қоғозбозлик у даражада кўп эмас, асосий эътибор болага билим беришга қаратилади. Давлат мактабларида ҳам шу тизимга ўтиш керак, деб ўйлайман. Педагог ўқувчи билан ишласин, натижа кўрсатсин ва маошини олсин. Қоғозбозлик ўқитувчини чарчатади, ҳужжатлар барибир қаердадир қолиб кетади.
Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»
Бугунги кунда Ўзбекистонда таълим соҳасида замонавий ва билимли кадрлар етишмайди. Бунинг сабаби иқтисодий масалага бориб тақалади, назаримда. Кўп давлатларнинг таълим тизими ривожланиши тарихига назар солсангиз, у мамлакатлар инқирозга учраса ҳам педагоглар маошини баланд қилган ва бу йиллар ўтиб, мевасини берган. Ҳозир бизда мактабнинг энг қолоқ, яхши ўқимаган ўқувчиси педагогликни танлаяпти. Агар мактабнинг энг олди, билимли ўқувчиси келажакда ўқитувчи бўламан, деб шу касбни эгалласа, кейин тизим ўзгаради. Бунинг учун иқтисодимиз қанча йилдир қолоқ бўлса ҳам, ўқитувчилар ойлигини 15 миллион сўм қилиш шарт. Шундагина болалар юрист, шифокор эмас, ўқитувчи бўлишни мақсад қилади, билимли кадрлар етишиб чиқади. Уларнинг ўзи ўқувчини тўғри йўналтириб, агроном, ҳуқуқшунос, шифокор тайёрлай олади.
Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»
Ҳозир педагоглар маоши 7-10 миллион сўм қилинса ҳам энг билимли ўқувчи муаллим бўламан, демайди. Эркак ўқитувчиларнинг ойлиги камида 15 миллион сўм бўлса, у оиласини боқа олади, ўқувчиларга вақт ажратиб, улар билан бемалол шуғулланади. Маоши озлиги туфайли мактабни тарк этиб, бошқа соҳада ишлаётган энг яхши ўқитувчиларни қайтариш керак. Ўқитувчилар учун имтиёзли уй ёки машина бериш жорий қилингани билан муаллимлар иқтисодий томондан баққуват бўлмас экан, кредитларни тўлай олмайди. Агар уларнинг ойлиги зўр бўлса, ўша уй ва машинани ҳам имтиёзли кредитсиз ўзи харид қилаверади. Юқорида мен айтган таклифни амалга ошириш жуда ҳам қийин, иқтисодимиз «ўтириб» қолиши мумкин. Лекин вақт ўтиб, албатта, ўз натижасини беришига ишонаман.
Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»
15 йил аввалги ўқувчиларим билан ҳозиргиларини солиштирсам, олдинги болалар жуда содда бўлган. Рағбат сифатида қалам ёки дафтар берсам, қувонишарди. Бугунги болалар жуда қизиқувчан. Сиз кутмаган саволларни бериб, хижолат ҳам қилишади. Аммо улардан ортда қолмаслик учун интернетга ҳам, Instagram`га ҳам кириб, кузатишга, замонавий мультфилмларни кўришга мажбурман. Ўқувчиларнинг саволларига уларни лол қолдирадиган даражада жавоб бермасангиз, сизга нисбатан ҳурмати пасайиб боради. Аммо ҳозирги болаларни китобга қизиқтириш жуда қийин.
реклама
реклама
Ўқитувчиликни танлаганимдан ҳеч афсус чекмаганман. Аксинча, доим фахрланаман. Бу соҳада ишлаганим аввало, фарзандларимга пльюс бўлган. Чунки уларнинг саводи эрта чиққан, мактабнинг энг олди ўқувчилари бўлган ва биринчи уринишдаёқ талабалик бахтига эришган. Орада қайта тайёрлов курсида ўқиб, саккиз йил она тили фанидан сабоқ бердим. Кўплаб ўқувчиларим фан олимпиадалари, билимлар беллашуви каби мусобақаларда қатнашди, яхши натижаларга эришди. Ўзим 2019 йили «Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси» кўрик-танловининг Республика босқичида учинчи ўринни қўлга киритдим. Танловнинг туман, вилоят ва республика босқичларига етиб бориш осон бўлмаган, албатта. «Агар коррупция ҳолатига гувоҳ бўлсам, ортга қайтаман», деган фикр билан охири финал босқичга етиб борганман (кулади). Ўша йили «Халқ таълими аълочиси» кўкрак нишони билан тақдирландим. Буларнинг барчасига касбим ва ҳалол меҳнатим орқали эришдим.
Муниса Қодирова
2002 йилдан бери Тошкентдаги 106-заиф эшитувчи болалар мактаб-интернатида фаолият олиб боради
Айримлар Сирдарё, Самарқанд ва бошқа вилоятлардан келиб, интернатда ётиб ўқишади. Беш кунлик дарсдан кейин ота-онанинг ҳар доим ҳам келиб, олиб кетишга имконияти бўлмайди. Йўлкира, вақт билан боғлиқ вазияти бўлиши мумкин ёки чорак якунида кетадиган болалар ҳам бор.

Бир марта опамнинг ўқувчиларидан бирини ота-онаси олиб кетмаган. Бола опамга «мени уйингга олиб кет», деб йиғлаган. Опам уйимизга олиб келганлар, ўшанда мен 3- ёки 4-синф эдим. Биз тенгдош эканмиз. Қизнинг тилини тушунишга, у билан мулоқот қилишга ҳаракат қилардим, опам ўртамизда таржимон эдилар. У билан вақтимни ўтказиб, мен ҳам опам сингари шундай болаларни ўқитишимни айтганман. Кейинчалик, ақлимни таний бошлагач, заиф эшитувчи болаларга билим бериш, уларнинг ҳаётда ўз йўлини топиб кетишида ҳисса қўшиш истаги мақсадимга айланди.

Ишни энди бошлаганимда 18 ёшда эдим, ўшанда бир вақтнинг ўзида институтда ҳам ўқирдим. Юқори синфларга етакчи сифатида қабул қилинганман. Заиф эшитувчилар орасида айримлар махсус мактаб борлигини кеч билади ёки уйда таълим олиб, кейин мактабга чиқади. Шунинг ҳисобига ўқувчиларимнинг ёши тахминан мен билан баробар эди. Кейин юқори, бошланғич синфларга тарбиячи, вақт ўтиб эса синф раҳбари бўлдим. 6 йилдан бери бошланғич синф ўқитувчисиман.
Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»
Интернатда болалар билан кун давомида бир нечта мутахассислар ишлайди. Эрталаб 8:00 дан 11:30 га қадар синф раҳбари, 11:30 дан 13:00 га қадар якка машғулот ўқитувчиси, 13:30 дан 16:30 гача тарбиячи, 16:30 дан 20:00 гача яна бир нафар тарбиячи шуғулланади. 20:00 дан тунги энагаларимиз келиб, уларни ухлатишади. Эрталаб 6:00 ёки 6:30 да болаларни уйғотиб, юз-қўлларини ювишади, бадантарбия қилдириб, нонуштага олиб киришади. Шундан сўнг уларни яна синф раҳбарлари қабул қилиб олади. Ҳаммаси занжир тарзида, бир мутахассис ўргатганини, бошқаси ўзига тааллуқли ҳолатда такрорлатмаса, болада узилиш бўлади, товуши, нутқи чиқмайди.

Дарсларимизни кўргазмаларсиз олиб борсак, болага ҳеч нарса беролмаймиз. Оммавий мактабларнинг ўқувчилари эшитиш орқали англайди, ҳис қилади. Шунинг учун уларда кўргазмаларсиз ҳам дарсларни ўтиб кетса бўлади. Бугунги дарсимиз «Мевалар» мавзуси эди. Машғулотлар ўтиб бўлингандан кейин, ўрганганлари таъмни ҳис қилиш орқали ўқувчиларнинг эсида қолиши учун ҳар бир мевадан татиб кўришди, нордон, ширин таъмларини ҳам ҳис қилишди. Билимлар синовдан ҳам ўтказилади. Меваларнинг тайёр макетларини аралаштириб юбориб, номларини айтаман-да, олиб кўрсатишларини сўрайман. Ёки оила мавзусида махсус қўлқопларни кийиб, оила аъзоларини бир-бир таништираман: бобо, буви, дада, ойи, қизалоқ тарзида. Уйларига борганда ота-оналарига ҳам оила аъзоларини кўрсатишлари, таърифлашларини айтаман.
Биринчи марта ҳам якка, ҳам тайёрлов синф ўқитувчиси бўлиб ишлаётган пайтларим эди. Ўқувчимда йўқ бўлган «ш» товушини икки ҳафталарда қўя олганман. Кейин оналари келиб, йиғлаганлар, дуолар қилиб кетганлар. Ота-оналарга боласининг битта товуш чиқиши дунё-дунё севинчни олиб келади. Онасига нега йиғлаяпсиз десам: «Сиз бунинг қанчалик қувончли эканини тасаввур қилолмайсиз, боламга кўп жойдан имплантли, нутқи чиқмайди, деб айтишган», деганди. Ўшанда ўзим ҳам қўшилиб йиғлаганман.

Ҳақиқатдан у боланинг сўлаклари оғзида турмасди. Мен юзлари, бўйинлари, тилларини массаж қилганман. Бу биринчи товуш қўйишим бўлган. Ўзимда йўқ хурсанд бўлиб, ишимдан фахрланиб кетганман. Ҳалигача шу бола келиб туради, ойилари ҳам келиб, хабар оладилар.
Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»
Ҳамма болани ўзимизнинг фарзандимиздек қабул қиламиз. Биз меҳр берсак, болалар ҳам бизга меҳр беради. Улар ўзига бўлган ҳар қандай муносабатни унутмайди. Видео қўнғироқлар қилишади, байрамларда келиб табриклашади, вилоятларга борганда, кўрганда, югуриб келиб елкасини тутиб салом беришади.

Умумтаълим мактабларига қараганда бизда ишлаш мураккаброқ. Уларда 30-40 бола бўлса, бизда 10 нафардан ошмаслиги керак. Ўқитувчилардан ҳам ўз устида кўпроқ ишлаш талаб қилинади. Ўзим халқаро тажрибани ўрганиш ва қўллашга ҳаракат қиламан. Умумтаълим мактабидан ҳам тажриба оламан, ўртоғим ўша ерда ишлайди. Тадбирлар, мусобақалар, методика борасида кўп суҳбатлашамиз. Фанларни имкон қадар болаларга осонроқ тушунтириш йўлларини излаймиз. Дарсдан кейин уйимга боришади, логопедлик ҳам қиламан. Болаларнинг йўқ товушини чиқараман. Бу тажрибам ҳам дарс жараёнида асқатади.

Бошланғич синфларда болаларнинг тирноғигача ўзимиз оламиз, битласа, битини тозалаймиз. Бунақа вазиятларда уйига жўнатолмаймиз, бола таълимдан орқада қолиб кетади. Кўйлакларини ҳафтада уч марта ювамиз, ҳар куни таҳорат қилдириб, оёқ-қўлларини ювиб қўямиз. Юқори синфлар эса барини ўзи эплайди. Юқорида ишлаш бошланғичга қараганда осонроқ.
Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»
Мактабга энди қабул қилинганда болаларимиз «келмайман», деб йиғлайди. Йиллар ўтгач эса, мактабдан кетмайман дейди, уйга боргиси келмайди. Барибир буларнинг ўз дунёси бор. Мактабни битирганда шу муҳитни ташлаб, яна ўзига бегонароқ соғломлар билан доимий мулоқотга ўтади. Бунга мослашиш осон эмас, чунки соғломлар бу борада у қадар ташаббускор эмаслар. Улар заиф эшитувчилар билан бир жамиятда яшашга мослашмаган, инклюзивлашмаган.

Заиф эшитувчилар таълимида кўп ота-оналар боласини махсус мактабга беришдан тортинади. Қўни-қўшни, қон-қариндошнинг олдида нима дейман деб, кераксиз андиша сабаб фарзандини қийнаб, умумтаълим мактабларга беришади. Ёки умуман мактабга ҳам бермай, уй таълимини маъқул топишади. Ҳолбуки, уйда фарзандлари учун шуғулланиш янада қийинлашади. Агар заиф эшитувчи болаларимиз уйда ўтирса, ҳеч қаерга чиқмай, ўзини тушунадиган одам топмай, одамови бўлиб қолади. Фарзанд дунёга келганда унинг ҳаётига ота-она масъул бўлади. Энг ёмони — ота-оналар ўзининг «жамиятдаги ўрнини йўқотмаслик учун» болани ҳаётдан узишидир.
Яқинда 18 яшар қизи билан бир аёл келди олдимга. Қиз ҳадемай келин бўларкан. Пул ишлатишни билмаслигидан ташвишланган она: «Қизим яқинда узатилади. Лекин пул ишлатишни билмайди, шуни ўргатиб беринг», деди.

Машғулотлар бошладик, пулларни кўрсатсам, 5 минг, 10 минг деяпти, лекин салфетка бериб, нархини 15 минг сўм деб айтсам, 30 минг беряпти. Қиз мактабга борган, фақат дадаси каттароқ жойда ишлаб, ҳали Тошкент, ҳали Сурхондарёга кўчиб юришган. Бир муддат заиф эшитувчилар мактабига, бир муддат умумтаълим мактабда бўлиб, унда таълим режими бузилган.
Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»
Ўзбек имо-ишора тили — камбағал тил. Биз Россиянинг имо-ишора тилидан фойдаланамиз. Унинг ўзбек тилига ўгирилган варианти бор, бироқ имо-ишора тили — ўзбекларнинг ўзи учун яратилмаган. Синонимини қидирсангиз, тополмайсиз. Кўпинча, болалар билан имо-ишорада ашулалар айтамиз. Қўшиқларнинг айнан айтилгандаги каби маъносини чиқариш қийин.

Масалан, Малика Равшанованинг «Бу менинг онам» қўшиғида шундай жумла бор: «Менга тош отганга жонини отган». Имо-ишора тилида тош сўзини қўллашга қийналганман. Тошни инсонга отиб бўлмайди-ку. Ўшанда устозимиздан сўрасам, улар «қарши бўлган» жумласини қўллашни айтганлар: «Менга қарши бўлганларга жонини бериб юборган» тарзида тушунтирганман.

Учун, бу, шу, анави — сўзларининг ҳаммаси имо-ишора тилида битта белги орқали ифодаланади. Масалан, «учун» сўзига ишлатиладиган белги ҳурмат қилиш маъносида ҳам қўлланади. «Азиз» ва «қиммат» сўзларининг ҳам белгиси бир хил. Қайси сўз қўлланилаётганини ўқувчига тушунтиришда қийналамиз.
Музаффар Умаров
Гулистонда бошланғич синф ўқувчиларга сабоқ берувчи ягона эркак ўқитувчи. У 6-мактабда бошланғич рус синф ўқувчиларига фанлар мажмуидан дарс ўтади. «Халқ таълими аълочиси» кўкрак нишони соҳиби
2002 йили Гулистон давлат университетининг тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси йўналишига ҳужжат топшириб, талабаликка қабул қилиндим. Аммо рассом бўлишни орзу қилмаганим туфайли менда иштиёқ кучли эмасди. Педагогика факультети таркибида учта: жисмоний тарбия маданияти, тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси ҳамда бошланғич таълим йўналиши бор эди. Бу йўналишлардаги талабалар бир бинода таҳсил олиб, маърузалар вақтида параллел ўқирдик. Бир йил давом этган шундай муҳит сабаб бошланғич таълим йўналишига қизиқиб қолдим.
Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»
Ҳуснихат, математика, она тилини ўқитиш методикаси, педагогик маҳорат дарсларида эркин тингловчи сифатида қатнаша бошладим. Иккинчи босқичга ўтиш арафасида ўқишимни бошланғич таълим йўналишига кўчиришга қарор қилдим. Оила аъзоларим бунга қаттиқ қаршилик кўрсатиб, фақат иқтисодиёт ёки молия йўналишига кўчиришимни айтишди. Уларнинг дилини ранжитмадим-да «хўп», дедим. Лекин таълимни ўзгартириш комиссиясига ҳужжат топширгани борганимда, бошланғич таълим йўналишига ариза бердим. Уйдагиларга бир йилгача бу ҳақда айтолмадим, мени иқтисод бўйича ўқияпти, деб ўйлашарди. Кейинчалик, ота-онамга ростини айтганимда, дадам тўғри тушунган-у, аммо онам жуда қаттиқ хафа бўлган, анчагача гаплашмай юрган. Кейинчалик ҳаммаси изига тушган ва мени қўллай бошлаган.

2006 йили ўқишни битирдим. Орадан бир йил ўтиб, онам тўсатдан вафот этди. Бу эса дадамга руҳан қаттиқ таъсир қилди, натижада, касал бўлиб қолди. Шифокорлар икки марта инфарктни бошдан кечирганини айтди. Дадам тез-тез касал бўлиб, шифохонада даволангани учун кўп маблағ кетарди.
Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»
Ўша вақтда қўлимда олий маълумотли дипломим бор-у, лекин иш тополмасдим. Ўнлаб таълим масканларига бордим, иш йўқ, деган жавоб олдим. Кундузи бозорда нон сотиб, кечаси ош тузи ишлаб чиқарадиган корхонада меҳнат қилдим. Лекин шунда ҳам топганим рўзғорга етмасди, кўпчиликдан пул олганимдан қарзим кўпайиб кетганди.

2013 йили Москвага ишлагани кетдим. Отам нафақа пулидан ошиниб йиғган 1 млн 200 минг сўмга билет сотиб олдим. Россиядан бир ҳафтада қайтиб келдим, ишим ўхшамади. Ўша йилнинг июнь ойида дадам оламдан ўтди. Шундан кейин яна кунлик ишчи сифатида бир қанча жойларда ишлаб, пул топдим. Лекин шунда ҳам топганим фақат тирикчиликка кетарди.
2015 йилнинг августида вилоят халқ таълими бошқармасига иш сўраб бордим. Кадрлар бўлими бошлиғи Гулистон шаҳридаги 6-мактабда иш борлигини айтди. Бу ерга келиб, директор билан суҳбатлашдим ва ўша куниёқ буйруғим чиқди. Рус тилини яхши билганим ҳам муҳим роль ўйнаган.

Ўқитувчи сифатидаги илк ишимни шу даргоҳда бошлаганман. Фаолиятим давомида устоз кўрмаган бўлсам-да, яхши раҳбарга дуч келдим. Мактабимиз директори Назокат Раҳматова ҳар доим қўллаб-қувватлайди, фикрларимиз бир нуқтада кесишади. Бошланғич синф ўқувчиларига дарс бериш асосан, аёл ўқитувчиларга хос деган қарашлар мавжуд. Лекин мен бу каби стереотиплар билан яшамайман. Бошқаларнинг салбий фикрларига аҳамият берсам, ривожланишдан қолиб кетаман.
Ўқитувчилик жуда ҳам машаққатли касб. Чунки педагог турли шароит ва муҳитда яшаётган болаларни бирлаштириб, уларнинг ҳаммасига тенг муносабатда бўлишга, билим беришга мажбур. Ўзим ҳам бошида синфларда ижтимоий муҳит яратишга қийналганман. Бир синфда 30 нафар бола ўқиса, барчасини бир хил кўриш ва тенг муносабатда бўлиш, синфда ижтимоий тенгликни мустаҳкамлаш асосий вазифамга айланган.
Афсуски, кўп ота-оналар болага таълим-тарбия беришни ўқитувчининг ўзига юклаб қўяди, боласи билан шуғулланмайди. Баъзан, ота-оналар томонидан педагогларни уриб, ҳақорат қилган видеолар ижтимоий тармоқларда тарқалганини кўрамиз. Бу жуда ҳам аянчли ҳолат. Тўғри, педагог тажрибасиз ёки билими оз бўлиши мумкин, аммо у билимсиз, миясида ҳеч вақо йўқ, дегани эмас.
Афсуски, кўп ота-оналар болага таълим-тарбия беришни ўқитувчининг ўзига юклаб қўяди, боласи билан шуғулланмайди. Баъзан, ота-оналар томонидан педагогларни уриб, ҳақорат қилган видеолар ижтимоий тармоқларда тарқалганини кўрамиз. Бу жуда ҳам аянчли ҳолат. Тўғри, педагог тажрибасиз ёки билими оз бўлиши мумкин, аммо у билимсиз, миясида ҳеч вақо йўқ, дегани эмас.
реклама
реклама
Сайёра Абдураҳмонова
Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманидаги 45-сонли умумтаълим мактабининг бошланғич синф ўқитувчиси. 25 йилдан бери ўқувчиларга таълим беради
Ўқитувчи касбини танлаганимдан жуда фахрланаман. Шу касбим орқали 5 нафар фарзандимни вояга етказдим. Ойига 2,5 млн сўмга яқин маош оламан. Агар ўқувчи дарсларни ўз вақтида тайёрлаб, яхши баҳолар олса, олий ўқув юртларига ўқишга кирса, бу ўқитувчини жуда қувонтиради. Ўқувчиларимнинг орасида олий ўқув юртларини битириб, ҳозирги кунда устоз бўлиб ишлаётганлари ҳам бор.
Мактабимиз жуда кичкина, шароитларни ҳам ижобий деб бўлмайди. Икки бинонинг биринчиси 1976 йилда, иккинчиси эса 2009 йилда қурилган. Бу ерда 172 нафар ўқувчи таҳсил олади. Ҳар бир ёшга биттадан синф ташкил этилган.

Дарслар икки вақтда эрталаб ва тушдан кейин бўлиб ўтади. Жами 8 та синфхона, улар тор ва қоронғи, бино эскилиги туфайли хоналар совуқ. Қўлимиздан келганча шароитлар яратишга ҳаракат қилганмиз.
Мактабда спортзали, ошхона ҳам мавжуд эмас. Ўтган йиллари мактабимизда 200 дан ортиқ ўқувчи таълим оларди. Шароитлар яхши эмаслиги туфайли ота-оналар фарзандларини қўшни маҳаллаларда жойлашган, узоқ бўлсада, шароитлари яхшироқ мактабларга олиб кетишди.

Замонавий электрон қурилмалар ҳам мавжуд эмас. Информатика хонамизда 15 дона компьютер бор. Бироқ уларнинг атиги 5-6 донаси ишлайди, қолганлари эса яроқсиз бўлиб қолган. Ҳозир биз фақат мактаб доскаси билан дарс ўтишга мажбурмиз, чунки бошқа имкониятимиз ҳам йўқда.
Мактабда электрон доска, сенсорли ақлли телевизор йўқлиги сабабли фанга оид видео-аудио материалларни қўл телефонимизга интернетдан сақлаб олиб, дарс жараёнида ўқувчиларга эшиттирамиз.
Чиройли, кенг, замонавий, барча шароитлари мавжуд мактабда дарс ўтишни орзу қиламан
Мактаблар биринчи навбатда, барча шароитлари бўлсагина ривожланиши мумкин, деб ўйлайман. Балки, мактабимизни таъмирлаш, барча шароитларга эга масканга айлантириш режада бордир, мен оддий ўқитувчи сифатида бу қачон амалга ошишини билмайман.
Фото: Аброр Қурбонмуратов / «Газета.uz»
Чиройли, кенг, замонавий, барча шароитлари мавжуд мактабда дарс ўтишни орзу қиламан. Мактаблар биринчи навбатда, барча шароитлари бўлсагина ривожланиши мумкин, деб ўйлайман. Балки, мактабимизни таъмирлаш, барча шароитларга эга масканга айлантириш режада бордир, мен оддий ўқитувчи сифатида бу қачон амалга ошишини билмайман.
Фото: Аброр Қурбонмуратов / «Газета.uz»
Бугунги кунда энг муҳими ўқитувчи ўзининг устида ишлаши керак деб ўйлайман. Акс ҳолда, у бир жойда қотиб қолади. Таълимда ҳам барчаси электронлашиб кетди. Ўқувчилар ҳозир устозлардан бир қадам олдинда, чунки улар интернетдан жуда кўп янги маълумотларни олишмоқда. Бугунги болалар 20 йил олдинги ўқувчилардан жуда катта фарқ қилади.

Ëшлар барча нарсани билгиси келади, қизиқувчан ва талабчан. Дарс жараёнида ҳам турли хил саволлар тайёрлаб келишади. Билмаган саволларига тезкорлик билан интернетдан жавоблар топишади. Биз ҳам улардан орқада қолмасликка ҳаракат қиламиз.
Материал устида Миролим Исажонов, Зиёда Рамазонова, Аброр Қурбонмуратовлар ишлади.
Фотосуратлар муаллифлари: Мадина Аъзам ва Аброр Қурбонмуратов.

Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан қуйидаги ҳаволада танишишингиз мумкин.



Сиз бирор қизиқарли воқеани биласиз ва уни бутун дунё билан баҳам кўрмоқчимиз? Ундай бўлса, ҳикояларингизни photo@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг