1989 йил 21 октябрда Ўзбекистонда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганди. 33 йил давомида бу борада катта-кичик қадамлар ташланди, бироқ ўзбек тили мақомини тўла-тўкис мустаҳкамлай олмади. Тил борасида ечимини кутаётган муаммолар ҳамон камаймаган. «Газета.uz» сана муносабати билан октябрни — «Ўзбек тили ойлиги» деб эълон қилади ва ҳар куни ўтган вақт ичида турли нашрларда чоп этилган, долзарблигини йўқотмаган мақола, нутқ, фиқраларни қайта бериб боради.

Қачон ўзбекча гапирамиз?

Ўзбек тили қонуний мақомга эга бўлганига уч йил тўлаётир. Ҳазилакам муддат эмас. Хайрият, энди кўнгил тусаганча она тилимизда сўзлаяпмиз: кўча-кўйда, ишхонада, бошқа жамоат жойларида. «Айрим» хонадонларда! Мажлис-машваратларимиз ўзбекча, асосий муншаот ўзбекча — катта-кичик идоралар ҳам давлат тилида иш юритмоқни машқ қиляпти. Яна шукр, офарин!

Дарвоқе, чинакамига ўзбекча гапиряпмизми?..

Мазкур мулоҳазалар кўп вақтдан бери кўнглимда юради. Матбуотда бу хусусда бир талай мақола ҳам чиқди (муаллифлари барака топсин), лекин ҳамон шулардаги баъзи фикрларни давом эттириш истаги сусаймайди; фойдали такрорнинг зиёни йўқдир.

Яшириб нима, гарчанд сўзга, сўз санъатига меҳр собиқ «Гулистон» журналидаги устозлар сабоғига қўшилиб, ўзимизни тилга унча-мунча моҳир-у жонкуяр ҳисобласак-да, ёзган-чизганларимизда шунга амал қилмоққа интилсак-да, давлат тили жабҳасидаги анов от суришларда ҳар доим ҳам олдинги сафларда бўла олмаганимиз пушаймонлиги бор.

Начора, биров ўкириб йиғлайди, биров — жимгина, лекин дилдан… Хуллас, бирда одатдаги дангасалик туфайли, бирда журъатсизлик сабаб ёки фикр такрори андишасида пайсалга солиб, мулоҳазаларимизни бундай мақола қилиб ёзмадик.

Майли, гап бунда эмас ҳозир. Муҳими — халқимиз маданий тақдиридаги бу улуғвор воқеанинг оддий томошабини эмас, эҳтиросли шинавандаси, дуогўйи бўлганимиз. Таскин шу.

Мана, ниҳоят, мурод ҳосил. Она тилимиз қаддини ростлагач, анча-мунча иш қилинди. Бу орада билиб олдик: республика — жумҳурият экан, газета — рўзнома экан, территория — ҳудуд, област — вилоят, раён — ноҳия, депутат — ноиб, радио — овознигор, диктор — сухандон… Шунингдек — ойнома, мажалла, жарида, раёсат, дастур ва ҳоказо янгиликлар.

Бу сўзларни ўрни-ўрнида ишлатиш, тўғри-нотўғрилиги борасида ҳар хил фикрлар айтилди, атамашунослик қўмитасининг мўътабар тавсиялари эълон қилинди, аммо барибир… Масалан, «ноҳия» сўзини маъқул деганни ҳали учратмадим, лекин уни ишлатмаган одам қолмади. Ёки: «жарида», «дастур», «кенгаш» сўзларини ҳар доим ҳам ўрнида қўллаяпмизми? «Шарқ юлдузи» ойнома бўлса, ойда икки бор чиқадиган (афсуски, ҳозир бир марта чиқяпти) «Муштум»ни нима деб атамоқ керак? Дастлаб «совет» сўзини ишлатишда ҳам чалкашлик бўлди. Устозларимиздан бирови ҳазилнамо гап қилгани эсимда: «Олдин совет ёзувчиси эдик, энди кенгаш ёзувчиси бўлдик».

Майли. Шунисига ҳам шукр. Ўзанни тўлдирган сув бир лойқаланиб, кейин тиниқади. Секин-аста бари изига тушиб кетар. Қақраб ётган тақирга ҳар қанча сув кам. Муҳими — тилимиз ўзбекчалашяпти. Лекин чинакам ўзбек тилида гапиряпмизми, ёзяпмизми? Ўзбекча фикрлашнинг аҳволи қандай?

Бирорта бегона сўз аралаштирмай, «маданий тил»да сўзлаётган зиёлига: «Сиз ўзбекча гапирмаяпсиз», десангиз балога қоласиз. Радио-телевизордаги чечан ровий ёки тўйларда «қарсиллатиб» бийронлик қиладиган «очарчи»га шу гапни айтиб кўринг-чи!

Лекин надоматлар билан таъкидламоқ керакки, радиомиз ҳам, телевидение ҳам, аксарият газет-журнал ҳам ўзга тилда фикрлаш, ўзга тилдан нусха кўчириш, аниқроғи — таржима тили асоратидан ҳамон қутула олгани йўқ. Ўйлайманки, бу ҳали-бери даф бўладиган бало эмас. Чинакам тил табиатини ҳис қиладиган одамга азоб! Бугун ундай одам на мириқиб телевизор кўра олади, на газет ўқий олади, на… Хуноблик, қонбосим! Олий Кенгашдаги вакилларимизнинг нутқини эшитиб, дод дегингиз келади. Саноқли беш-ўн кишини истисно қилганда, улар ўзлари қўл кўтариб қонунлаштирган тилда ўхшатиб гапирадими? Халқ вакиллари! Гоҳида, «Бу одам ўзбекча яхши гапиролмас экан, бошқа тилга моҳир бўлса керак» деган гумонларга борасиз. Маълум бўладики, «бошқа тили» ҳам «ўзимиз қатори» — «твой-мой». Аммо бўш келиш йўқ, зўр бериб тиришади:

«Республикамиз жумҳуриятида, «раёнимиз ноҳиясида»…

Бундай «тил»ни халқимиз «чулчут тили» дейди. Тўғри баҳо!

Икки жаҳон овораси, аросат!

Бунинг сабаблари аён: тилга эътиборсизлик, миллий маданиятга бепарволик, зўравон мафкура, маккор сиёсат, истиқболсизлик дард-у касофати. Эгнимиздаги костюмга, бўйинбоққа қанчалик кўниккан бўлсак, биров-бегонанинг тили, ҳатто фикрлаш тарзи ҳам кундалик турмушимизга шунчалик сингиб кетган.

Шу ўринда бир ҳақиқатни тан олайлик. Миллий тафаккуримиз шу даражада айнидики, ўрис тилида гапириш, ўрисча фикрлаш она тилимизда гапириш, фикрлашдан осон, ўнғайроқ бўлиб қолди — тилга тезроқ илашади-да. Кўп ҳолларда ўрисча фикрлаб, ўзбекча баён қиламиз. Негаки — ҳукмрон тил, ҳаётнинг етакчи жабҳаларида, йўқ-йўқ, ҳаёт-мамотга мусовий қалтис вазиятларда кенг миқёсда, аксари мажбурий суратда қўлланиб-қўлланавериб «пишган», сайқал топган замонабоп тил. Шакл-андозалари синалган, тайёр.

Нима, бошқа тиллар бунга номуносибми? Муносиб, минг бора муносиб. Бунинг учун уни расман қўлламоқ, «пилигини кўтариб қўймоқ», ҳаётий зарурат даражасига — давлат тили мақомига етказмоқ даркор, холос. Ягона шарти — амалда! Ана шундагина муддаога эришилади.

«Болаларча сўллик касали»га чалиниб юрган кезларимизда, она тилимиз сийқа туюлиб, ўзимиз ҳам «оригинал»ликка, замонавийликка интилган жойларимиз бўлган.

«Дугонангиздан нафратланаман» деган жумламни «Дугонангизни кўрарга кўзим йўқ» деб таҳрир қилаётиб, талабчан муҳаррир Ваҳоб Рўзиматов таъна-таажжуб аралаш сўраган эди: «Ёки сизлар, ҳозирги ёшлар шундай гапирасизларми?».

Ҳозирги ёшлар шундай гапиради, домла! Чунки улар биз ёзган китобларни ўқиган, биз ишлаган киноларни кўряпти… У ёғи ўзингизга маълум. Ахир, телефон гўшагини олиб, ўзбекона тавозе билан «лаббай» демоқнинг ўрнига «эшитаман» («слушаю») деймиз-ку тўраларча! Ҳолбуки, биров бизга: «Эшитмайсан, қулоғинг оғир, карсан», деяётгани йўқ.

«Малакасини оширди», «маҳоратини оширди» деган гап турганда хунукдан хунук, бемаъни — «ўз устида ишлади» («над собой работал») деб қўллаймиз. «Ош бўлсин» эмас, «ёқимли иштаҳа» демоқ билан маданий кўринмоқ бўламиз. Беш яшар ўғилчамиз: «Ойим менга қўлқоп олиб бердилар» эмас, «Менга қўлқоп олиб беришди» («Мне купили перчатки»), дейди; мактабни тугатаётган қизимиз: «Сизга телефон қилишди» («Сизга фалончи ака ёки кимдир телефон қилди», «Сизга телефон бўлди» демоқ ўрнига), дейди. Телефон қилган ким? Одамнинг оғзига ёмон гап келади…

Ўзбек тили табиатига кўра, гапнинг эгаси тушган қолган мажҳул ҳолатда «сўрашди», «айтишди», «чақиришди» деб эмас, «сўралди», «сўрадилар», «айтилди», «чақирилди» тарзида ишлатилади.

Яқин-яқингача метронинг охирги бекатига етганда «Вагонларни бўшатиб қўйинглар!» деган дағдағани эшитиб, «Нима, вагонингда ўтин ё кўмир бормидики, бўшатиб қўйсам, ҳаммолингни топибсан!» дегингиз келарди.

«Катта раҳмат» деган гапни ҳар қадамда ишлатамиз. Ваҳоланки, раҳматнинг катта-кичиклигини ўлчаш бизнинг қўлимизда эмас, раҳмат — Худоники, унинг катта-кичиги бўлмайди. Ҳа, борингки саховатимиз ошиб-тошса, «минг раҳмат», «кўпдан-кўп раҳмат», «барака топинг» демоғимиз мумкин, холос. «Катта раҳмат»нинг қаёқдан келгани эса маълум.

Бир вақтлар ана шунга ўхшаш «ғалати машҳур» ибораларни тўплаб юрардим. Ушбу қайдларни ёзмоққа киришганда қидириб кўрдим — тополмадим. Лекин ачинмадим, чунки бундай мисоллар ҳар қадамда учрайди.

Хўп, булар-ку кундалик мулоқотга оид «курмак»лар. Матбуотдаги айрим «қоришма»ларни қайта-қайта ҳижжалаб, мағзига етолмагач, ўрисчасини топиб ўқимоққа мажбур бўласиз. Ёки аксарият ўрисча фикрлаб, мақсадингизни ўзбек сўзлари билан баён қилсангиз, дейлик, хориждан келган ватандошларимиз тушунолмай, «Булар нима деяпти?» деб ҳайрон. Уларнинг нутқига қулоқ тутиб эса сиз ажабланасиз, аммо кўнглингизнинг туб-тубида унутилган қадрдон бир оҳангларни илғагандек бўласиз.

Аҳвол шунақа. Ўзбек ўзбек билан тилмоч орқали тиллашади.

Нима, она тилимиз бугунги ахборот бўрони замонидаги баъзи мавҳумроқ фикр-ўйлар, мураккаброқ тушунчаларни ифодаламоққа қодир эмасми?

Ҳазрат Навоий, Бобур Мирзо, Абдулла Қодирий ижод этган бу тилда инсон ҳаётига хос неки ҳолат бўлса, барини ифодалаш мумкин! Бунга ишонч ҳосил қилмоқ учун ана шу улуғлар бисотини мутолаа этмоқ кифоя. Ул зотларнинг авлодлари бўлмиш ноқобилмиз, холос. Ўз тилимиз, миллий тафаккуримизни қўйиб, бегонаси «сори юзланган», бунга мажбур этилган, бунинг машъум оқибатларини англамоқ палласига эндигина етган — биз айбдормиз.

Чораси борми?

Чораси — туркона тафаккурга юз бурмоқ, вассалом. Негаки, тескари кўнгиллар бир хилда фикрламайди, гапирмайди; гапирса — сунъий, нотабиий чиқади.

Муайян тилнинг табиати ўша халқнинг макони, маишати, маданияти, руҳияти, феъл-атвори, тафаккур тарзи ва яна аллақанча муҳим унсурларга боғлиқ. Биргина мисол: қўлни кўкракка қўйиб «марҳамат» демоқ билан ғўддайиб туриб «марҳамат» демоқни қиёслаб кўринг — икки дунё!

Ёзма нутқ билан оғзаки нутқимиз ўртасидаги фарқни айтинг. Сўзлашув тилимиз қашшоқлашиб, тўпорилашиб кетган. Нозикроқ маънони англатмоқ учун бирон китобийроқ иборани ишлатиб қўйсангиз кулгига қоласиз, дарҳол ўша сўз ўзингизга лақаб қилиб тақилади — шу даражага етдик. Эсимда: болалигимизда китобни кўпроқ ўқийдиган бир тенгдошимиз баҳс чоғи «аксинча» деган сўзни қўллаб, номи Аксинча бўлиб кетган эди.

Тилимиз асли туркона зарофатга, лутф-у марҳаматга сероб зер-забарли тил. У табиатан, ички қонуниятлари жиҳатидан ҳам Оврупо тилларига тамомила ўхшамайди. Биз ана шу сертакаллуф, нозик қочириғ-у мажозларга бой ширали тилни қуруқ ахборот тилига яқинлаштириб қўйдик, зер-забарни ортиқча кўриб, шаклни мазмунга тўлиқ қурбон қилдик. Наср тилининг етарли ишланмагани бир чеккаси шундан.

Собиқ «Гулистон» журналининг бир гуруҳ ижодкорлари «Ёшлик» журналига ўтиб ишлаганимизда, келган қўлёзмаларни «ўзбекчалаштириш»га уриниб, «бўяб» ётардик. «Ифода ўзбекча эмас», десак, муаллифлар ҳайрон, баъзилари дарғазаб: «Бундай ёзса ҳам бўлади-ку, нима фарқи бор?!».

Бундай ёзса ҳам бўлади-ю… бундай ёзмаслик керак. Агар ёзувчилик даъво қилсак, тил устидан, сўз устидан кун кўрсак, шу ишни касб этган бўлсак, албатта!

Маълумки, ўзбек ҳеч қачон «Тўйга борасанми? — сўрадим», деб гапирмайди. Бу қурилма ўрисча матнга хос. Ўзбекчаси «- деб сўрадим» шаклида бўлади. Ишонмасангиз — Абдулла Қодирийга мурожаат қилинг, Абдулла Қаҳҳор, Мирзакалон Исмоилий каби тил заргарларининг матнларини олиб кўринг. «Хўш, нима фарқи бор? — дейишлари мумкин ҳарифларимиз. — Ким шуни текшириб ўтирибди, муҳими — мазмун».

Тўғри, мазмун муҳим, лекин…

Ҳатто бир «доно» ўзига рақиб ҳисоблаган ёзувчининг бир саҳифа неча бор «деб» ва «деди»ни ишлатганини санаб чиқиб, бизни мот қилмоқчи бўлган. Авваламбор, ҳар бир сўзни ўрнида, расамади билан қўллаш, лозим бўлса ундан «қочиш», бошқача ифода шаклларини қидириш — ёзувчининг маҳоратига боғлиқ иш. Қолаверса, «деб», «деди»лари кўп ёки жумлалари «ди» қўшимча билан тугайди, деб… бурнимизни кесишимиз оқилнинг иши эмас.

Хўш, гапирган гапимиз, ёзган жумламизнинг соф ўзбекча ифодаланган-ифодаланмаганини қандай аниқлаш мумкин? Бунинг энг оддий йўлларидан бири — қайси жумла ўрисчага осонгина ағдарилдими, билингки, у аслида ўзбекча эмас.

Менимча, бугун унча-мунча зиёлимиздан кўра, даладаги деҳқон-у даштдаги чўпоннинг тили жонлироқ, ширалироқ — ўзбекчароқ. Негаки у — бузилмаган, қоришмаган, «маданий»лашмаган.

Алқисса, қачон ўзбекча расо гапирамиз, ёзамиз? Бунинг чинакам мактаби қайда?

Бу мактабнинг сабоғи мумтоз адибларимизнинг ўлмас саҳифаларида, халқ оғзаки ижодининг битмас-туганмас сарчашмаларида, бобо-бибиларимизнинг болаликда бизга сўйлаган эртак-маталларида, бозор расталари ора кезганда ёки савдолашганда қулоқларимизга чалинган узуқ-юлуқ гаплар, луқмалар-у нуронийлар чойхонасидаги тамкин гурунгларда…

Яна — кейин-чи?

Сўзламоққа оғиз жуфтлаганда, ёзмоқ учун қўлга қалам олганда, бир дам андиша қилинса, киройигина жон койитилса — кифоя.

…Ёзганларимни ўқиб чиқиб, «Ўзларидан сўрасак?» деган мутойибаомуз гапни эсладим. Начора, беайб — Парвардигор. Шу мулоҳазаларни тезроқ изҳор этиш истаги, шошқин даврга хос одатдаги бесабрлик бу гал ҳам ғолиб келди. Савобли ният йўлидаги бу гуноҳимиз кечирарлидир.

Изоҳ. Бир сирни очай. Мазкур мақоланинг ёзилганига бир ярим йилдан ошди (яна ўша эски ҳафсаласизлик, дангасалик!). Муддатга оид айрим жузъий таҳрирларни айтмаганда, унда ҳеч нима ўзгартирилмади.

Хўш, бу борада нима ўзгарди?

Афсуски, савол саволлигича турибди: қачон ўзбекча гапирамиз?!

Эркин Аъзам, «Оила ва жамият» газетаси, 1992 йил, август.

Ушбу фиқра ёзувчининг 2015 йили чоп этилган «Эрталабки хаёллар» тўпламидан олинди. Тошкент, «Ўзбекистон» нашриёти.