Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманида яшовчи, 1999 йилда туғилган М.Р. (аёл) ҳамда Нурафшон шаҳрида истиқомат қилувчи, 2000 йилда туғилган Қ.А. (аёл) ўзаро тил бириктириб, қизларни Туркия давлатига фоҳишалик билан шуғулланиш учун юборган. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар қилди.

Туркияда яшовчи А. исмли аёл эса қизларга авиачипта сотиб олиш, уларни кутиб олиш ҳамда фоҳишалик билан шуғуллантириш ишларига масъул бўлган.

Жумладан, 2022 йилнинг апрель ойи бошларида М.Р. ва Қ.А. Тошкент шаҳрида яшовчи, 1992 йилда туғилган А.А.ни Туркияга бориб, фоҳишалик билан шуғулланиш орқали ҳар ойда 2 минг АҚШ доллари ишлаб топишга қизиқтирган ҳамда дастлабки даромадининг тенг ярмини уларга бериши кераклигини тушунтирган.

Ўз навбатида Туркия давлатида яшовчи А. исмли аёл А.А.га хорижга чиқиш паспорти олиши учун 50 АҚШ доллари ва «Тошкент-Истамбул-Анқара» йўналиши бўйича авиачипта юборган.

ДХХ ходимлари томонидан ИИВ ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда М.Р. қизни Тошкент халқаро аэропортига олиб келиб, Туркия давлатига юбормоқчи бўлган вақтида қўлга олинди.

Шунингдек, тезкор-қидирув тадбирлари жараёнида унинг шериги Қ.А. ҳам ушланди.

Уларга нисбатан Жиноят кодексининг 135-моддаси (Одам савдоси) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилди.

Жорий йилнинг август ойида жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди томонидан «М.Р.»га нисбатан 3 йил ва «Қ.А.»га нисбатан эса 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Лекин Қ.А.ни оилавий шароитини, икки нафар вояга етмаган фарзандлари борлигини инобатга олиб, Жиноят кодексининг 72-моддаси қўлланилиб, тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси шартли ҳисобланиб, 2 йил синов муддати белгиланди.