Иллюстрация: Элдос Фозилбеков / «Газета.uz»
«Ҳозирги аксар таржималарни ўқиб, кўзларимни ўйиб олгим келади»
Ўзбек таржимонлари билан суҳбат
Ҳар бир миллат адабиётини ўз она тилида ўқиш мароқли. Бироқ тил билмасанг, ноилож ўша асар таржимасини қўлга оласан. Ўзбек адабиёти ҳам охирги 3-4 йил ораси анча-мунча таржима асарлар билан бойиди. Лекин қилинаётган ҳамма иш ҳам негадир ўзбек тили табиати, тил қоидаларига мос эмас. Аксар китобхон ғализ жумла, нотўғри, Google translate`га солинган таржималар ҳақида ижтимоий тармоқларда тез-тез фикр қолдираётгани масалага жиддийроқ қарашга ишора қилади.

Таржима аслида қандай жараён? Нега Ўзбекистонда таржима китоблар кўп чоп этилса-да, уларнинг анча-мунчаси тил табиатига ёт бўлиб қолмоқда? Таржимонларнинг моддий ва маънавий қадри қандай? Уларга қанақа талаблар қўйилиши керак? 30 сентябрь – Халқаро таржимонлар куни сабаб «Газета.uz» бир неча таржимон — Гулноз Набиева, Рафиқ Ўзтурк, Орифа Ғуломова, Гулсанам Розиқова, Назарбек Назаров билан шу мавзуда суҳбатлашди.
— Суҳбатни таржимачиликдаги фаолиятингиздан бошласак. Бугунгача қандай асарларни қайси тиллардан ўгиргансиз?

Гулноз Набиева
Мен, асосан, немис тилидан ўзбек тилига таржима қиламан. Немис адибларидан Рафиқ Шомий, Маттиас Наврат, Саша Станишич, Шида Базяр, Жо Лендле ҳикояларини, Иля Трояновнинг «Оламлар соҳиби», Жианна Молинарининг «Бу ерда ҳамма нарса бўлиши мумкин» романларини, Паул Селан, Жан Вагнер, Анжа Кампманн, Рике Шеффлер шеърларини ўзбек тилига таржима қилганман.

Рафиқ Ўзтурк
Таржимани, тахминан, 19-20 ёшларимдан бошлаганман. Ўшанда кичик ҳажмдаги бадиий асар, шеър ва ҳикояларни турк, рус ёки инглизчадан ўзбек тилига ўгириш истаги пайдо бўлганди. Баъзан ижоддан узилсам, Нозим Ҳикмат, Ника Турбина ёки Эрнест Хемингуэй асарларини ўзбекчалаштириб, ичимдаги ташналикни босардим. Бир қанча тажрибалардан кейин ишончим мустаҳкамлангач, таржима билан мунтазам ва жиддий шуғуллана бошладим.

Талабалик йилларимгача шеърлар таржима қилардим. Каттароқ асарларга қўл уришга эҳтиёж сезмасдим ёки сезсам ҳам журъат ва ғайрат етишмасди. Лекин тўртинчи курсда Россиянинг Архангелск шаҳридаги Шимолий (Арктика) Федерал университетидан ҳайдалиб, Тошкентга авиачипта сотиб олиш ва ўқишдан кетганимни эшитиб жуда ранжиган онамни тинчлантириш учун биринчи марта пул эвазига роман таржима қилмоқчи бўлдим. Олдос Ҳакслининг «Ажиб янги дунё» романи таржимаси мана шу зарурат ҳосиласи.

Ўзбекистонга келгач, буюртма асосида «СОС! Савол ортидаги савол» китобини ўгирдим. Айни кунларда Чак Паланикнинг «Жанг клуби» романини бошлаб, яқинда таржимасини ҳам ниҳояладим.

Гулсанам Розиқова
Таржимани турмуш ўртоғим (Мақсуд Саломов) билан бирга қиламиз. Бадиий таржимада ҳозирча фақат 3 та китобни инглиз тилидан ўзбекчага ўгирибмиз. Иккитаси нашрдан чиққан. Биринчиси, «Моррининг сешанба дарслари». Туризм бўйича ўқиётганимда Словенияда бўш вақт топсак, таржима қилардик. Бир янги нашриёт чоп этишни сўради. Қалам ҳақига 200 доллар олганмиз. Кейин «Алибаба — Жек Ма бунёд этган маскан» китобига навбат етди. Унга қанча олганимиз эсимда йўқ, бир бетига 3 доллардан эди, шекилли. Психология ва шахсий ривожланиш жанрида ёзилган «Self-Esteem» китобини ҳам таржима қилганмиз. У ҳали чоп этилмади. Ўзимга қизиқ бўлган кичик ҳикояларни ҳам ўзбекчага ўгириб тураман, лекин улар бирор нашриётга топшириш учун эмас.
реклама
реклама

Орифа Ғуломова
2018 йили Аsaxiy Boоks лойиҳасидан бадиий таржима билан шуғулланиш таклифи тушди. Синовдан ўтиб, америкалик ёзувчи Ден Брауннинг «Рақамли қалъа» асарини ўзбекчалаштирдим. Китоб оғизга тушиб, бир кечада таржимонга айландим-қолдим. Шундан кейин «Муваффақиятли инсонларнинг 7 кўникмаси» (Стивен Кови), Генри Форднинг «Менинг ҳаётим» (Карим Баҳриев билан ҳамкорликда), «Ибтидо» (Ден Браун), «Шарқ ва Ғарб», «Бухоро — Ислом олами маданияти пойтахти» тўпламлари таржимасини етказиб бердим. Сўнгги бадиий таржимам Тара Вестовернинг «Educated» асари бўлди. Лекин асосий ишим кўпайиб кетганидан ҳануз таҳририни тугатолганим йўқ.

Назарбек Назаров
Яқинда Нассим Талебнинг «Қора оққуш» номли асарини инглиз тилидан ўзбекчага ўгирдим. Нашрдан энди чиқади. Шу кунгача асосан фантастика жанридаги кичик ҳикояларни ўгирардим. «Қора оққуш» китобидан ўзимга кўп нарса олганим учун уни таржима қилиш ва бошқалар ҳам ўқишини хоҳлагандим. Келгусида яна бир нечта илмий-оммабоп асарлар таржимасини режалаштиряпман.
— Китоб таржимаси асосий ишингизми ёки бўш вақтдаги машғулот?

Гулноз Набиева
Йўқ, асосий касбим эмас. Менимча, бу билан Ўзбекистон шароитида оила тебратиб бўлмайди. Қалам ҳақи жуда кам. Гёте институтининг Тошкентдаги филиалида маданий лойиҳалар бўйича ходимман. Ишдан ва оилавий вазифаларимдан бўш пайтим таржима билан шуғулланаман.

Рафиқ Ўзтурк
Таржимонликка асосий ишимнинг ажралмас қисми сифатида қарайман. Аниқроғи, ишим — адабиёт, бадиий таржима унинг бир бўлаги.

Гулсанам Розиқова
Ҳозир Марказий Европа университетида иқтисод бўйича магистратурада ўқийман. Унгача туризм соҳасида ишладим, туризм бошқаруви бўйича Европада магистратурани тамомладим. Таржимани касб қилмаганимнинг молиявий сабаблари бор. Иқтисодчи, ахборот таҳлилчиси ёки туризм менежери сифатида таржимонликдан кўра бир неча баробар кўпроқ топа оламан. Фақат ижод, жамиятга фойда келтириш учун кам пулга таржима билан шуғулланишни молиявий шароитим кўтармайди. Бирор кун бойиб кетсам, бутун вақтимни тил ва таржимага сарфлашим мумкин.

Орифа Ғуломова
Европа Иттифоқининг Қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш дастурида коммуникация бўйича экспертман. Фаолиятим асосан медиа ва нашрлар билан ишлаш, дастур ва манфаатдор томонлар ўртасида ахборот оқимини таъминлашдан иборат. Шулар қатори юқори доирадаги расмий учрашувларда таржимон сифатида қатнашаман. Вазирликларга тайёрланадиган муҳим ҳисоботларнинг ёзма таржимаси ҳам менинг зиммамда. Асосий касбим таржимонлик эмас, лекин таржимадан бутунлай узилиб ҳам қолмаганман.

Назарбек Назаров
Китоб таржимасига олинадиган қалам ҳақи рўзғор тебратишга етмайди. Менимча, юртимиздаги аксар таржимоннинг асосий касб-ҳунари бошқа. Китоб таржимасига вақт кўп кетади, аммо оладиган иш ҳақингиз бунга номутаносиб. Журналистик фаолиятимдан бўш фурсат тополсам, таржимага қўл ураман.
— Ўзбекистонда бадиий таржимонларга талаб қай даражада?

Гулноз Набиева
Бадиий таржима мураккаб ақлий фаолият бўлиб, манба ва тилларни, шунингдек, тилларнинг адабий ва маданий тизимларини билишни талаб этади. Бадиий таржимага хос таржима техникалари мавжуд. Ёзиш қобилиятини, эҳтимол, ўрганиб бўлмас, аммо таржимонлар учун махсус яратилган тизимларни ўрганса бўлади. Бадиий таржимонлар учун юқори сифатли касбий тайёргарлик зарурлиги, шубҳасиз, бутун дунёда зарур ва афсуски, ҳали етарлича профессионаллаштирилмаган. Машинада бажариладиган таржималар ҳеч қачон бадиий таржима ўрнини боса олмайди. Чунки бу ерда гап фақат сўзларни таржима қилиш ҳақида кетмайди, балки бадиий асарларни бир маданиятдан иккинчи маданиятга кўчиришга тўғри келади. Бу эса таржимондан интеллектуал ижодкорликни талаб қилади, уни ҳеч қандай машина ёки дастурий таъминот уддалай олмайди.

Глобал дунёда бадиий таржиманинг аҳамияти ўсиб бормоқда, деб тахмин қилиш мумкин. Бир-бирига бегона бўлган маданиятлар ўртасидаги ўзаро тушуниш имконияти бугунги кунда фақат бадиий таржималар орқали ҳал қилиниши мумкин. Чунки турли тилларда сўзлашувчи халқлар ва маданиятлар ўртасидаги ўзаро тушуниш тўсиқлари ва чегаралари таржима асарлар орқали босиб ўтилади. Таржима бизга бошқа маданиятлар, уларнинг тафаккур тарзи ва ўзига хослиги билан танишиш имконини беради.

Назарбек Назаров
Таржимон изланишдан тўхтамаслиги керак. Энг катта талаб шу. Аммо бизнинг шароитда бунинг деярли иложи йўқ. Чунки кўпчилик учун китоб таржимаси асосий иш эмас. Ойлаб иш ҳақини ололмай юрган таржимонларни, ижодкорларни биламан. Фақат битта йўл қолади: севимли машғулот ёки қўшимча даромад сифатида қараш. Лекин биз таржимага асосий иш сифатида қарай олмас эканмиз, таржималардан сифат кутиш қийин.
— Таржимон сифатида даромадингиз қандай? Битта китоб учун қанча ҳақ оласиз? Ундан қониқасизми?

Гулноз Набиева
Ҳали ҳеч қаерда гонораридан хурсанд бўлган таржимонни учратмаганман. Таржимон сифатида даромад олишдан қониқмаганим учун бошқа ишга киришга мажбур бўлганман. Лекин таржимадан оладиган маънавий қониқиш ҳисси ўрнини бошқа ҳеч нарса боса олмайди. Меҳнатингиз мевасидан минглаб инсонлар баҳраманд бўлиши нақадар ёқимли!

Рафиқ Ўзтурк
Таржимонликни пул ишлаш воситасига айлантирганимга кўп бўлмади. Ҳали ҳам мунтазам даромад келтирувчи фаолиятга айланганича йўқ. Шу вақтгача кимдан қанча олганим сир бўла қолсин. Лекин саволингизга мавҳумроқ шаклда жавоб беришга ҳаракат қиламан.

Хуллас, шу пайтгача пул ишлаш мақсади билан китоб, фильм, ҳужжатлар ва мақолалар таржима қилдим. Китоб ва фильмларга берилган тўловлар қониқтирмади. Жуда кам. Ҳатто талабалик йилларим девор суваб ҳам бундан кўпроқ пул ишлардим. Лекин «Дарё» нашридаги публицистик мақолалар таржимаси учун олган иш ҳақим яхши эди.

Аммо ҳозир «Akademnashr» учун таржима қилаётган романимга нашриёт директори Санжар Назар олдиндан 500 доллар берди (шу ерида сирни озгина очиқлайман). Ўзбекистонда энг кўп тўлайдиган нашриётдан яхшироқ ҳақ тўлашни ваъда қилди. Ҳолбуки, мен «Аkademnashr» учун бу романни текинга таржима қилиб беришга ҳам тайёр эдим ва буни аканинг ўзига ҳам тушунтириб айтдим.

Бундан ташқари, Ёшлар ишлари агентлиги ҳам бошланиш арафасидаги бир лойиҳасига яхши ҳақ тўлашни ваъда қилди. Шундан сўнг таржимонлик орқали моддий аҳволимни яхшилашга умид пайдо бўлди. Лекин билмадим, буни ҳали вақт кўрсатади.

Гулсанам Розиқова
Таржима асосий даромад манбаим эмас. Айниқса, охирги бир йилда деярли таржима билан шуғулланмадим. Ҳозир талаба сифатида мен учун ўқиш, дастурлаш соҳасини эгаллаш муҳим. Иккита китобни нашриёт буюртмасига кўра таржима қилганмиз ва тахминан 500-800 доллар атрофида ҳақ олганмиз. Яна таклифлар бўлиб туради, лекин иш ҳақи пастлиги сабаб вақт сарфлашга арзимайди деб рад этамиз.
реклама
реклама

Орифа Ғуломова
Бадиий китоб таржимаси учун 1 бетга (12 шрифт, 1,5 интервал) 3 доллардан ҳақ олганман. Битта китобдан ўртача 1000 доллар ишлаган эдим. Бу икки йил олдинги нарх. Ҳозир ўзгаргандир. Техник таржималарга олдин 5 доллардан олар эдим. Ҳозир тажрибамни ҳисобга олиб, мавзу ва матн мураккаблигига қараб 7-10 доллардан сўрайман. Буюртма жуда кўп, лекин баъзан сарфлаётган қувватим билан таққослаганда шу пул ҳам кам кўринади. Шунинг учун имкон қадар ташқаридан буюртма олмасликка ҳаракат қиламан. Чунки вақтида бажаролмай, уялиб қолган пайтларим ҳам бўлган.

Назарбек Назаров
Таржимонларга тўланадиган ҳақ нашриёт ва таржима қилган китобингизга қараб ўзгаради. Масалан, «Қора оққуш» таржимасининг саҳифаси учун 40 минг сўмдан гонорар олгандим. Айрим нашриётлар гонорар ҳисоблашнинг бошқача амалиётини қўллашади. Шахсан менга «1800 та белги = 1 та саҳифа» усулида ҳисоблаш қулай. Таржимон танишларим билан гаплашганда айримлари битта саҳифа учун 5 доллардан, яна бошқалари эса 20 минг сўмдан олишини айтади. Саҳифасига 30 минг сўмдан олсангиз, 200 бетлик китоб учун 6 миллион сўм бўлади. Бунга ўртача бир ярим ёки икки ой вақт кетади. Бундай ҳақ билан кундалик эҳтиёжларни қоплаш қийин.
— Таржима, таржимонлик сиз учун нима?

Гулноз Набиева
Мен ўзга тилда яхши бир асарни ўқиганимда уни бошқалар ҳам ўқишини истайман. Ўзбек китобхонлари ҳам бошқа мамлакатларда чиқаётган адабий асарлар билан танишишлари жуда муҳим. Таржима севимли машғулот эмас, ички бир заруратдек. Бунда ишим учун ҳақ оламанми, йўқми деган савол турмайди, мени кўпроқ китобни кимлар ўқиши, бу уларнинг ҳаётларига қандай таъсир кўрсатиши қизиқтиради.

Рафиқ Ўзтурк
Таржима — серқирра соҳа. Лекин менинг тасаввуримдаги таржима бир тилдаги асарни бошқа тилга кўчиришдир. Шу ишни бажарувчи киши эса таржимон. Фақат бу «кўчириш» мактабдаги кўчирмакашлик эмас – профессионал фаолиятдир.

Гулсанам Розиқова
Таржимонлик мен учун ижод, ёқимли машғулот. Битта тил гўзаллигини бошқа тилда кўрсатиб бера олиш.

Орифа Ғуломова
Балки икки йил олдин шу савол берилганида, жудаям бетакрор таъриф ўйлаб топган бўлардим. Чунки у пайтлари бадиий таржималар оламида яшардим. Лекин ҳозир техник таржималар билан шуғулланганимга жавобим нисбатан оддийроқ чиқса керак. Таржима — икки маданият ўртасидаги кўприк, таржимон — кўприкни қурувчи, таржимонлик эса кўприкни қуриш жараёни, фаолият деб ўйлайман. Кўприк қанча сифатли бўлса, шунча узоқ вақтга ярайди. Лекин сифатли кўприкни қуриш учун қурувчини сифатли материаллар билан таъминлаш керак.

Назарбек Назаров
Китоб таржима қилиш мен учун аввало севимли машғулот, иккинчидан, қўшимча даромад.
— Кунингизнинг қанча қисмини таржимага сарфлайсиз?

Гулноз Набиева
Кун бўйи ишлаганим учун тунни ажратаман. Бир кунда икки-уч бет матнни таржима қилишга ҳаракат қиламан.

Рафиқ Ўзтурк
Тўғриси, мен пала-партиш ва дангаса одамман. Аниқ тартибга ҳеч қачон амал қилмаганман. Лекин охирги вақтлари ўзимда шу одатни шакллантиришга ҳаракат қилиб, ҳар куни мунтазам вақт оралиғида бўлмаса-да, маълум тартиб билан ишлашга ҳаракат қила бошладим. Шу одат тўла шаклланмагунича тартиб ҳақидаги ҳар қандай гапим сохта бизнес тренингчилар сафсатасига ўхшаб қолиши тайин.

Гулсанам Розиқова
Икки йилча олдин кунига 5-6 бетдан таржима қилишни кунлик меъёр қилиб олардим ва шу олти бет тугамагунича ишлардим. Лекин бу доим ҳам осонмас. Баъзида жуда мураккаб сўз ўйинлари, муқобили йўқ жумлалар учрайди. Уларни ўзбекчада қандай аслидек таъсирли, маъноли қилиб ифодалаш ҳақида узоқ бош қотириш, изланишга тўғри келади. Бир бет учун 4-5 соат ҳам кетиб қолиши мумкин. Асосан, тунда таржима билан шуғулланардим.

Орифа Ғуломова
Бадиий ёки техник таржима бўлсин, ёзма буюртмалар билан ҳамиша кечқурун, асосий иш вақтимдан ташқарида шуғулланаман. Олдинлари вақтида улгуриш учун кечаси 2-3 гача ишлаб ўтирардим. Тонгги 6 да уйқуга кетган ёки умуман ухламаган вақтларим ҳам бўлган. Муттасил ишлаш соғлиғимга таъсирини кўрсатди. Шундан кейин режимга риоя қилишга киришдим. Ҳозир кечки 10 дан кейин компьютердан узоқлашаман, шошилинч буюртмаларни олмайман.

Назарбек Назаров
Тун таржима билан шуғулланишимга қулайроқ. Саҳар вақтлари ҳам сермаҳсул ишлайман. Таржимага вақт танлашда вариантларим кўп эмас. Шунга доим тунни танлайман.
— Таржима жараёни ҳақида гапириб беринг. Китобни қандай танлайсиз? Нималарига эътибор берасиз?

Гулноз Набиева
Хизмат сафарлари, халқаро таржимонлар семинарларига борганимда китоб дўконларига кираман ва кўзимга иссиқ кўринган китобларни ўқиб кўраман, ёқса, сотиб оламан ва ўқиб чиқаман. Кўп ҳолларда дўстларимнинг тавсиясига қарайман. Кейин нашриёт билан боғланиб, уларга китоб ҳақида сўзлаб бераман. Маъқул келса, таржимани бошлайман. Ўзимга ёқмаган асарни ҳеч қачон таржима қилолмайман. Кечалари уйқудан қолиб ишлашим учун унга меҳрим тушиши, бекорга вақт сарфламаётганимни ҳис қилишим керак.

Рафиқ Ўзтурк
Одатда, катта китобларни буюртмачи хоҳишига қараб оламан. Лекин бу таклиф қилинган ҳар қандай китобни ўгириб кетавераман дегани эмас. Савиясига қарайман, албатта. Шеърларни эса камдан-кам ҳолларда биров илтимос қилишини ҳисобга олмаса, ўзим танлайман.

Гулсанам Розиқова
Китобни аввал ўзим ўқийман. Кейин китоб ёки матн ўқувчига нимадир бероладими, деб ўзимдан сўрайман. Иккита китобни нашриёт буюртмаси билан қилганмиз, лекин иккаласи ҳам китобхонлар савиясини оширишига ишончим комил. Бири бизнес олами, компанияга асос солиш, рақобат ҳақида, иккинчиси муаммоларга бўлган қарашингизни ўзгартиради, ота-она ва фарзанд ўртасидаги муносабатларнинг психологик томонларини кўрсатиб, уларни яхшилашга доир маслаҳатлар беради.

Таржимага киришишдан олдин китобнинг мураккаблигига ҳам эътибор бераман. Билмаган соҳам бўлса, қўл урмайман. Чунки тилни билиш бошқа, муайян соҳа терминологиясини билиш ва уни жойида қўллаш бутунлай бўлак масала.

Охирги 10-20 йилликда таржима қилинаётган асарлар билан аввалги таржималар ёки ўзбек асарларини таққосласангиз, янгиларида ғализ жумлалар жуда кўп. Русча ёки инглизча гап тузилиши, сўзларни тўғридан-тўғри таржима қилиш, ўзбек тилига бегона сўз бирикмаларини учратиш мумкин. Бундан ташқари, олдинги асарларда қандайдир бадиий гўзаллик бор, сўз қўлланиши, иборалардан роҳатланасиз. Ҳозирги аксар таржималарни ўқиб, кўзларимни ўйиб олгим келади. Асл манбадаги бадиий, кам ишлатилувчи сўзни ҳам ўзбекчада оддий, кундалик сўз билан таржима қилиб кетаверилади. Ачинарли.

Назарбек Назаров
Таржима учун илк китобни ўзим танлаганман. Одатда, нашриётлар олдин у ёки бу китобни таржима қилишни режа қилишади, муаллифлик ҳуқуқини сотиб олишади. Бу ҳам арзон бўлмайди. Кейин шу китобни таржима қилиш учун таржимон қидиришади. Баъзан таржимон бирор китобни ўгириб, нашриётларга таклиф этади. Аммо бу бироз «хавфли». Сиз таржимасини бошлаган асарни қайсидир нашриёт буюртма асосида бошқа бировга топширган бўлиши ҳам мумкин.

Таржима жараёни мураккаб бўлади. Ҳар бир тилнинг ўзига хос жиҳатлари, нозикликлари ва иборалари бўлганидек, сиз уни сўзма-сўз таржима қилсангиз, умуман бошқа маъно келиб чиқиши мумкин. Шунинг учун таржимон аввало муаллиф мақсадини англаши, жумлаларининг мағзини чақиши ва кейингина ўз тилига ўгириши лозим.
— Таржимон қандай билим, кўникма, қобилиятларга эга бўлиши керак?

Гулноз Набиева
Таржимон аслият ҳамда таржима тилларини мукаммал ўзлаштириш билан бир қаторда ўша халқ маданияти, тафаккур тарзи, урф-одатларини ўрганиши лозим. Акс-ҳолда таржима жараёнида хатоларга йўл қўяди ва таржима сифати тушиб кетади. Ўз она тилида ҳам кўп асарларни ўқиш унинг услубини чархлайди, тил бойлигини оширади.

Рафиқ Ўзтурк
Китоб мутолаасидан узилмаслик шарт. Масалан, ўзбек адабиёти билан таниш бўлмаган киши шу миллатга мансуб бўлса ҳам, асарни ўзбек тилига ўгиролмайди. Ўгириши мумкин, лекин жуда ғализ, савиясиз нарса бўлиб қолади.

Гулсанам Розиқова
Кўпчилик тилни билсам бўлди, таржима қилиб ташлайман, деб ўйлайди. Бу нотўғри. Сифатли ва тўғри таржима қила олиш учун ҳар иккала тилнинг нозик қоидалари, сўзларнинг турли маънолари, тилдаги ибораларни яхши билиш, сўзни ҳис қилиш зарур. Бунинг учун жуда кўп китоб ўқиш, тил қоидаларини эринмай ўрганиш, услубий ўзига хосликларни фарқлай билиш керак. Ҳали ўзбекчани тузук ўрганмай, инглиз тилида Intermediate даражасига чиқар-чиқмай, «таржима»га киришаётганларни кўп кўраман. Бундайларни жамият учун хавфли инсонлар деб ўйлайман, чунки улар ўгирган бўтқани ёш авлод ўқийди ва ўша китоблар болаларнинг ўзбек тилини англаш, ҳис қилишини шакллантиради. Яъни ўзбекча ғализ гаплар уларни қайта-қайта учратган ёшларга кейинчалик ғализ туюлмай қолади. Бунақада тил гўзаллигини йўқотиб боради.

Таржима асосий касбим бўлганда, тинимсиз ҳар иккала тилда ноёб иборалар, мақоллар, гап тузилишлари, киноя ва ҳазиллар қандай ифодаланиши каби турли-туман мавзуларни ўрганардим. Таржима назарияси, тарихи, классик таржимонлар асарларини ўқиган бўлардим. Тилларни қанчалик яхши билсанг, улардаги муқобил иборалар, сўзларнинг нозик маъноларини тўғри етказиб бера оласан.

Назарбек Назаров
Таржимон деганда кўпчилик, у биринчи навбатда чет тилини, айтайлик, рус ёки инглиз тилини билиши керак деб ўйлайди. Аммо бундан ҳам муҳими, таржимон она тилини мукаммал билиши керак. Инглизчани инглиздан-да яхши билсангизу, ўзбек тили жозибасидан бехабар юрсангиз, фойдаси йўқ. Китоб таржима қилинганида ўша китобнинг асл варианти асос қилиб олиниши керак. Яъни асарнинг таржима вариантини таржима қилиш керак эмас.

Таржимон, албатта, сабр-тоқатга, ижодий лаёқатга эга бўлиши керак. Ҳар бир китобнинг ўз мавзуси, йўналиши, соҳаси бўлганидек, таржимон ҳам ўша соҳа ёки йўналиш бўйича ҳеч бўлмаганда фундаментал билимларга эга бўлсин.
Гулсанам Розиқова таржима қилган китоб.
— Бугун ўзбек китоб бозори таржима асарлар билан бойимоқдаю, негадир таржимадан кўнгил тўлмайди. Айримлар Google translate`га солинган-ку, дейди китобдан икки жумла ўқибоқ. Булар қанчалик асосли? Агар асосли бўлса, ёш китобхон яхши таржима асарни қандай танласин?

Гулноз Набиева
Таржима китоб танлашда унинг қайси нашриёт томонидан нашр этилганига эътибор бераман. Муаллифлик ҳуқуқларини бузиб, шошқалоқлик билан арзон сифатда чиқарилган китобларни харид қилмайман ва бошқаларга ҳам буни маслаҳат бермайман. Масалан, шу кунга қадар «Аkademnashr»дан чиққан таржима китоблари орасида савиясиз таржима қилинганларини учратмадим. Таржима танқидчилигини ривожлантириш лозим.
реклама
реклама

Рафиқ Ўзтурк
Сариқ чақа билан роман таржима қилдирмоқчи бўлган одам сариқ чақага арзийдиган натижа олади. Яна бир бор қайтараман, китоб нашр қилишдан биринчи мақсади ўзбек халқига маърифат улашиш бўлган буюртмачи гонорарни ошириб, шунга яраша талабни ҳам кучайтириши керак. Шунда сохта, ғўр таржимонлар ўз-ўзидан йўқолади ва сифат ошади. Китоб танлашда ичини очиб, ҳар еридан ўқиб кўраман. Бозорда ниманидир еб кўриб олганингиз каби, китобни ҳам ўқиб кўриб олиш мумкин-ку!

Гулсанам Розиқова
Ҳар гал янги нашриётлар чиқарган таржималарни 4-5 бет ўқигач, китобни ёпаман. Чунки нафақат гаплар ғализ, балки маъно жиҳатидан ҳам хато таржима қилинганини тез-тез учратиш мумкин. Таржимон асл манбадаги гапни, сўз ўйинини тушунмагани яққол билиниб туради. Тилнинг гўзаллиги, сўзлар маъносидаги нозик фарқларни ҳис қила олмаган одам таржимон бўлмаслиги лозим. Айниқса, салоҳият етмаса бадиий асарларни тинч қўйиш керак. Яхши таржима асарини қандай танлаш ҳақида бир нима дейиш қийин. Шахсан ўзим китоб олишдан аввал варақлаб, ўқиб кўраман. Ўзбекча янграмайдиган гаплар, ғализ ва хато гап тузилишларини кўрсам, сотиб олмайман ва китобнинг аслини ўқийман.

Назарбек Назаров
Айрим нашриётлар таржималарни муҳаррирга бермасдан ҳам чиқариб юборишини эшитгандим. Аслида муҳаррирнинг роли таржимонникидан кам эмас. Қандай қилиб китобни тажрибали муҳаррир қўлидан ўтказмай нашр қилиш мумкин, тушунмайман.

Таржимонлар орасида «сохта шоҳ»лар кўпаймоқда. Ўзини таржимон сифатида нашриётга танитиб ва икки ҳафтадан кейин мана деб «Google таржима»ни узатади. Агар нашриётлар таржималарга жиддий қараса, сохта таржимонларни ёллашдан тўхтаса ва энг муҳими, яхши муҳаррир хизматидан фойдаланса, хатолар камаяди. Аммо бугун айрим нашриётлар заҳматдан қочади. Энг ёмони, айрим нашриётларда китобдаги хатонинг хатолигини тушунмайдиганлар ишламоқда.
— Ўзбекистонда сиз таржималарини севиб ўқийдиган ижодкорлар кимлар?

Гулноз Набиева
Иброҳим Ғофуров, Янглиш Эгамова, Шариф Аҳмедов каби таржимонларнинг таржималарини қайта-қайта ўқийман, уларга ҳавас қиламан. Умуман олганда, бизда яхшигина таржима мактаби шаклланиб улгурган. Фақатгина тизимли равишда ушбу соҳага қобилиятли ёш таржимонларни тортиб, уларнинг малакаларини ошириб бориш зарур. Ёшларни китоб ўқишга жалб қилиш ҳақида кўп гапирилади, лекин тизимли равишда уларнинг ёшига, замонавий диди ва дунёқарашига мос китоблар таржима қилинса, уларда мутолаа маданияти ўсиб боради. Масалан, Германияда ёшларнинг ҳаммаси ҳам Гёте, Шиллер, Ҳайненинг асарларини ўқишмайди, балки замонавий асарларни афзал кўришади. Китоб дўконларида ҳар қандай китобхон ўз дунёқараши ва дидига мос китоб танлай олади.

Рафиқ Ўзтурк
Асил Рашидов, Иброҳим Ғофуров, Одил Икром ва бошқалар. Ёшлардан санасак, Мирзоҳид Музаффар, Раҳмат Бобожон.

Гулсанам Розиқова
Янги таржимонларни унча танимайман. Менга ёши улуғ таржимонларимиз кўпроқ ёқади. Масалан, Иброҳим Ғафуров, Мирзо Кенжабек, Мирзакалон Исмоилий кабилар. Бўш пайтларимда Чехов ҳикояларининг Абдулла Қаҳҳор қилган таржимаси ва аслини, таржиманинг турли вариантларини солиштириб, сўз ўйинларини етказиб бера олганидан завқланиб ўтираман.

Назарбек Назаров
Карим Баҳриев, Муҳиддин Омон, ёш таржимонлар орасида Мирзоҳид Музаффарни санай оламан.
Материални Зиёда Рамазонова тайёрлади.

Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан қуйидаги ҳаволада танишишингиз мумкин.



Сиз бирор қизиқарли воқеани биласиз ва уни бутун дунё билан баҳам кўрмоқчимиз? Ундай бўлса, ҳикояларингизни photo@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг