30 сентябрь куни Сергели туманидаги заводларнинг бирида ноқонуний муомаладан олиб қўйилган 25 минг қути тамаки маҳсулотларини ёқиб юборилди, дея хабар бермоқда Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати.

Маълум қилинишича, 23 июнь куни Тошкент вилояти божхона бошқармаси тезкор тузилмалари ДХХ ходимлари билан биргаликда Оҳангарон туманида ўтказилган тезкор тадбирда аввалдан кузатугва олинган Hyunday Porter II русумли юк автомашинасини тўхтатиб, ҳолислар иштирокида кўздан кечирилган.

Натижада автомашина юкхонасида 50 дона қоғоз қутиларга жойланган 7000 қути «Milano London», 15000 қути «Milano Tech Lock» ва 3000 қути «Milano New York» номли тамаки махсулотлари борлиги аниқланган. Ашёвий далил тариқасида олинган, қиймати 175 млн сўмлик жами 25 000 қути тамаки маҳсулотлари хорижда ишлаб чиқарилган бўлиб, ракамли маркировка кодларига эга бўлмаган ҳамда акциз маркалари билан қадоқланмаган.

Хабарга кўра, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, 2022 йил 6 сентябрь куни жиноят ишлари бўйича Оҳангарон туман суди томонидан ушбу тамаки маҳсулотларини йўқ қилиш юзасидан хукм ўқилган.


Фото: Божхона қўмитаси матбуот хизмати

Йўқ қилиш тадбирида ушбу 25 минг қути тамаки маҳсулотлари иштирокчилар гувоҳлигида махсус печда ёқиб юборилди.

Тадбирда маълум қилинишича, божхона органлари томонидан жорий йилнинг 9 ойи мобайнида ноқонуний тамаки маҳсулотлари билан боғлиқ жами 269 та ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланган. Улар бўйича 1 млн 458 минг 736 қути тамаки маҳсулотлари ушлаб қолинган. Мазкур тамаки маҳсулотларининг умумий қиймати эса салкам 17,8 млрд сўмни ташкил қилмоқда.

Божхона органлари томонидан 60 дан ортиқ ҳолатда айбдор шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 182, 186−1-моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов органларига юборилди.