2022−2023 ўқув йили учун профессионал таълим муассасалари (коллеж ва техникум) га сиртқи, кечки ва дуал таълим шакллари бўйича рўйхатдан ўтган абитуриентлар имтиҳонларсиз тўлов-контракт асосида қабул қилинади. Бу ҳақда Давлат тест маркази матбуот хизмати хабар берди.

Тест синовлари фақат кундузги таълим шакли учун 3−8 октябрь кунлари 2 сменада бўлиб ўтади.

  • 1-сменада 09:00 дан 12:00 га қадар;
  • 2-сменада 14:30 дан 17:30 га қадар.

Тест синови касб ва мутахассисликка мос 2 та фан ва барча тест топширувчилар учун мажбурий бўлган 3 та фан (она тили, математика, Ўзбекистон тарихи) дан ўтказилади.

Унда талабгорларга мутахассислик фанларидан 30 тадан, мажбурий фанлардан 10 тадан жами 90 та тест топшириғи ва уларни ишлаш учун 3 соат вақт ажратилади.

Тест синовларида тўплаш мумкин бўлган максимал балл — 189 балл бўлиб, ҳар бир тўғри жавоб учун:

  • 1-мутахассислик фанида — 3,1 баллдан (жами 93 балл);
  • 2-мутахассислик фанида — 2,1 баллдан (жами 63 балл);
  • мажбурий фанларда — 1,1 баллдан (жами 33 балл) берилади.

Талабгорлар тест синовида иштирок этиш учун рухсатномани Давлат тест марказининг my.dtm.uz сайтидан юклаб олишлари мумкин.

Шунингдек, рўйхатдан ўтишда ОТМларга кириш тест синовида тўплаган бали билан танловда иштирок этиш истагини билдирган ва фанлар мажмуаси мос бўлган талабгорлар тест синовида иштирок этмайди.

Уларга тест синовида иштирок этиш учун рухсатнома берилмайди. Талабгорлар ОТМларга кириш тест синовида тўплаган бали билан танловда иштирок этади.