Ўзбекистон 2022 йилда Глобал озиқ-овқат хавфсизлиги индексида 113 та мамлакат орасида 73-ўринни эгаллади, дея хабар бермоқда Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти матбуот хизмати.

Глобал озиқ-овқат хавфсизлиги индекси (GFSI) рейтинги Economist Intelligence Unit таҳлил агентлиги томонидан Corteva Agriscience кўмагида ҳар йили қайтадан тузилади. GFSI — 2022 жорий йил 20 сентябрда нашр этилган ва индекснинг ўн биринчи нашри ҳисобланади.

Индекс озиқ-овқат маҳсулотларидан фойдаланиш имкониятлари, уларнинг мавжудлиги ва хавфсизлиги, шунингдек, дунёдаги 113 та мамлакатнинг табиий ресурслари ва барқарорлигига оид масалаларни кўриб чиқади. Таҳлил натижаларига кўра, 2019−2022 йиллар бўйича умумий рейтингда Ўзбекистон ўн икки ўринга кўтарилди ва 2022 йилда 113 та мамлакат орасида 73-ўринни эгаллади.

«Шу тариқа, Ўзбекистон 2019−2022 йилларда озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича энг юқори ўсиш кўрсаткичларига эришган 10 мамлакат ичида биринчи ўринни эгаллади», — дейилади хабарда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон «Иқтисодий фойдалана олиш имконияти» категорияси бўйича 18 ўринга, «Сифат ва хавфсизлик» категорияси бўйича 3 ўринга, «Барқарорлик ва мослашиш» категорияси бўйича 36 ўринга кўтарилди.

Хабарга кўра, келгусида Ўзбекистоннинг рейтингдаги ўрнини яхшилаш учун ички бозорда озиқ-овқат таклифини ошириш, импорт таъминотини диверсификация қилишни таъминлаш, соғлом овқатланиш бўйича миллий тавсияларни ишлаб чиқиш, озиқ-овқат маҳсулотларини маркировка қилишни жорий этиш ва бошқа ишларни амалга ошириш жадаллаштирилади.