29 сентябрь куни Ўзбекистон ҳукумати ва БМТ Қочқинлар бўйича Олий комиссари бошқармаси томонидан Покистонда содир бўлган ҳалокатли сув тошқинидан жабрланганларга инсонпарварлик ёрдами юкланган самолёт Термиздан Карачига учиб кетди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар қилди.

Ушбу биринчи қўшма инсонпарварлик ёрдами Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги томонидан тақдим этилган самолётларда етказиб берилди.

Инсонпарварлик кўмаги таркиби сув тошқинлари оқибатида ўз бошпаналаридан айрилганлар учун 15 тоннадан ортиқ ҳажмдаги вақтинча яшаш учун мўлжалланган турар-жой модулларидан иборат.

1 сентябрь куни Исломобод халқаро аэропортига Ўзбекистон ҳарбий-ҳаво кучларининг Ил-76 самолёти келиб қўнди. Унга Шавкат Мирзиёев топшириғига биноан, Покистон минтақаларида рўй берган сув тошқинидан жабрланганлар учун йўлланган 40 тоннадан ортиқ ҳажмдаги инсонпарварлик ёрдами юкланган эди. Аэропортда юкларни Покистон илм-фан ва технологиялар бўйича федерал вазири Ага Хасан Балоч қабул қилиб олди.