Давлат экология қўмитаси ижтимоий тармоқлар орқали Самарқанд шаҳрида соғлом арчалар кесиб кетилаётгани айтилган хабар бўйича муносабат билдирди.

Ўрганишлар давомида «Самарқанд автотеххизмат» МЧЖ биноси рўпарасида йўл таъмирлаш ишлари олиб бориш жараёнида 5 туп элдор қарағайи дарахтлари фуқаро А.Л. томонидан ноқонуний равишда кесиб олиб кетилгани аниқланди. Ушбу фуқаро бошқарувидаги автотранспорт воситаси «Самарқанд автотеххизмат» МЧЖга тегишли экани маълум бўлди.

Бироқ, МЖЧ масъуллари бу ҳуқуқбузарлик ҳолатидан бехабар эканини, ҳуқуқбузарлик ҳолати фуқаро А.Л. томонидан содир этилганини қайд этди.

Ҳолат юзасидан фуқарога нисбатан тегишли тартибда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 79-моддаси (Дарахтларни, буталарни, бошқа ўсимликларни ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш) 1-қисмига мувофиқ маъмурий жарима ҳамда 86,4 млн сўм миқдорида ўсимлик дунёсига етказилган зарар бўйича даъво белгиланди.

Ҳозирда ҳужжатлар суд органларига тақдим этиш учун тайёрланмоқда.