Чимкент шаҳрида Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси раиси Акмалхўжа Мавлоновнинг Қозоғистон Молия вазирлиги Давлат даромадлари қўмитаси раиси Данияр Жаналинов билан учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда кўмита матбуот хизмати хабар қилди.

Ташрифда асосий эътибор Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил декабрь ойида Қозоғистонга амалга оширган давлат ташрифи давомида божхона соҳасига доир имзоланган икки томонлама ҳужжатларнинг ижросига қаратилди.

Мазкур ҳужжатлар ижросини таъминлаш мақсадида иккала мамлакат божхона хизматлари раҳбарлари ўтган йил 25 декабрда ишчи учрашув ўтказиб, ҳамкорликка доир баённомани имзолашган.

Бу галги учрашувда ўзбек-қозоқ давлат чегарасида жойлашган «Навоий» (Ўзбекистон) — «Қоплонбек» (Қозоғистон) ҳамда «Доут ота» (Ўзбекистон) — «Тажен» (Қозоғистон) чегара-божхона постларида қурилиш ишларини амалга ошириш муддатларини ўзаро мувофиқлаштириш ва бу жараёнда юзага келадиган вазифаларнинг ижроси батафсил муҳокама қилинди.

Шунингдек, божхона чегаралари орқали транзит тарзда ҳаракатланаётган товар ва транспор воситалари ҳақида олдиндан ахборот алмашиш тизимини жорий йил 15 декабридан бошлаб ишга туширишга келишиб олинди.

Учрашувда икки давлат ўртасида ташқи савдо бўйича божхона статистикаси маълумотларини ўзаро таққослаш ва мувофиқлаштириб бориш, божхона чегаралари орқали олиб ўтиладиган энергия ресурларини биргаликда божхона назоратидан ўтказиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Божхонага доир масалаларни тезкорлик билан кўриб чиқиш ва ҳал этиш мақсадида Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси таркибида доимий «божхона хизмати вакили» фаолиятини йўлга қўйиш таклифи илгари сурилди.

Учрашув якунида томонлар ўзаро ҳамкорликнинг 2023−2024 йилларга мўлжалланган режасини имзолади.

Келишувга биноан навбатдаги учрашув 2023 йилнинг иккинчи чорагида бўлиб ўтади.