Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев сешанба куни Туркистон вилоятига ташрифи чоғида нега президент ваколатларини бир марта етти йиллик муддат билан чеклашга қарор қилингани ҳақидаги саволга жавоб берди.

«Минтақамизнинг ҳеч бир давлатида бундай ўзгаришлар бўлмаган. Шундай экан, бу ислоҳот демократия сари дадил қадам, деб биламан. Муайян хавф-хатарларга қарамай, бу қарор халқимизнинг ёруғ келажаги йўлида зарурлигига тўлиқ ишонаман», — деди у.

«Ислоҳотлар нима учун амалга оширилмоқда, деган савол туғилиши мумкин. Гап шундаки, президентлик лавозимини бир киши узоқ муддат эгалламаслиги керак. Дунёдами, биздами, агар фақат бир киши узоқ йиллар давомида энг юқори лавозимни эгаллаб келаётган бўлса, бундай вазият мамлакатни ҳам, унинг раҳбарини ҳам ҳурматли қилмайди», — дея таъкидлади Қозоғистон президенти.

«Биз келажакка ишонч билан қарашимиз, ҳалол ва иқтидорли сиёсатчиларга йўл очишимиз керак. Умуман олганда, одамлар сиёсий тизимни ўзгартириш бўйича режамизнинг моҳиятини тушуниб етди. Бу ишларни давом эттириш учун янгиланган Конституцияга мувофиқ ишонч мандати зарур. Шу боис навбатдан ташқари президентлик сайловлари жорий йилнинг 20 ноябрига белгиланди», — деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Чимкент шаҳри жамоатчилиги билан учрашувда у Қозоғистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларига ҳам тўхталиб ўтди.

«Халқаро майдондаги саъй-ҳаракатларимиз марказида Қозоғистон ва халқимиз манфаатлари турибди. Биз халқаро ҳуқуқ ва БМТ Низомининг устунлиги учун курашамиз. Биз халқаро муносабатларда адолат, ички ишларга аралашмаслик, давлат суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиш тамойилларини мустаҳкамлашни ўта муҳим деб биламиз», — деди Қозоғистон раҳбари.

«Ташқи сиёсатимиз бундан кейин ҳам мутаносиб, кўп йўналишли ва конструктив бўлиб қолади. Қозоғистон Россия билан иттифоқчилик муносабатларини, Хитой билан абадий стратегик шерикликни, АҚШ билан стратегик шерикликни, Марказий Осиёнинг қардош давлатлари, хусусан, Ўзбекистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон ва, албатта, Туркия билан шунингдек дунёнинг барча манфаатдор давлатлари, хоҳ Осиё, хоҳ Яқин Шарқ ёки Европа қитъасида бўлсин ҳар томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш учун барча саъй-ҳаракатларини амалга оширади. Ишончим комилки, бундай ташқи сиёсат халқимиз манфаатларига мос келади», — деди у.