2022 йилги давлат дастурининг 1 сентябрь ҳолатига бажарилиши бўйича масъул вазирлик ва идоралар томонидан тақдим этилган, очиқ манбалар орқали эълон қилинган ахборот ҳамда маълумотлар таҳлил қилинди, дея хабар бермоқда «Юксалиш» умуммилий ҳаракати матбуот хизмати.

Давлат дастурида белгиланган 186 та вазифа ижроси таъминланган бўлиб, шундан 15 та вазифа ижроси муддатидан олдин бажарилган. Бироқ 7 та банд бўйича ишлаб чиқилиши кўзда тутилган қонун ва қонуности норматив ҳужжатлар лойиҳалари ўз муддатида лозим даражада ишлаб чиқилмаган, амалий чоралар белгиланган муддатларда амалга оширилмаган:

  • маҳалла орқали расмийлаштириладиган ва олинадиган барча турдаги ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдамни тайинлаш бўйича ҳужжатларни онлайн (электрон) тарзда тақдим этиш тизимини жорий этиш;
  • давлат органларида иш вақти ва меҳнат меъёрлари бўйича қонунчиликни қайта кўриб чиқиш ва Халқаро меҳнат ташкилоти стандартлари асосида такомиллаштириш бўйича норматив ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш;
  • Бухоро вилояти Қоракўл туманида рақамли технологияларга ихтисослаштирилган алоҳида замонавий талабларга жавоб берадиган ахборот технологиялари соҳасида таълимдан ишлаб чиқаришгача бўлган яхлит занжир яратишни кўзда тутувчи IT-кластерлар фаолиятини йўлга қўйиш;
  • Тошкент шаҳрининг ҳар бир туманида «Инновация ва технология марказлари» фаолиятини йўлга қўйиш;
  • инвестиция лойиҳалари доирасида 27 та насос станциясини модернизация, 263 км канал ва 787 та гидротехник иншоотини реконструкция қилиш, хизмат муддатини ўтаб бўлган 181 та насос ва 354 та электро двигателни алмаштириш;
  • тирбандлик юқори бўлган кўчаларда йўл ўтказгичлар қуриш концепциясини Вазирлар Маҳкамаси қарори орқали тасдиқлаш;
  • «O'zbekiston», «Звезда Востока» ва «Амударё» журналлари, «Еркин Қарақалпақстан», «Нурлы жол», «Овози тожик», «Мекан» ва «Достук» газеталарининг моддий-техник базасини яхшилашни назарда тутувчи Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси ишлаб чиқилиш.

Шунингдек, дастурнинг 150-бандида белгиланган вазифалар юзасидан Вазирлар Маҳкамаси томонидан 14 та ҳудуд кесимида беш йиллик ҳудудий дастурлар тасдиқланган. Мазкур ҳудудий дастурлар таҳлил қилинганда бир қатор вазифалар белгиланган муддатларда бажарилмагани аниқланди:

  • Қорақалпоғистонда — 3 та
  • Андижонда — 5 та
  • Бухорода — 10 та
  • Жиззахда — 17 та
  • Қашқадарёда — 8 та
  • Навоийда — 4 та
  • Наманганда — 6 та
  • Самарқандда — 2та
  • Сирдарёда — 6 та
  • Сурхондарёда — 5 та
  • Тошкент вилоятида — 5 та
  • Фарғонада — 4 та
  • Хоразмда — 5 та