Ўзбекистонга Кореянинг «Meere» компанияси томонидан ишлаб чиқарилган «Revo-i» русумли робот-хирург олиб келинди, дея хабар бермоқда соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.

Марказий Осиёда ноёб бўлган ушбу технология «Shox international hospital»га ўрнатилган. Олиб келинганига бир ҳафта бўлишига қарамасдан 8 нафар бемор у орқали дардига даво топди. Клиника мутасаддилари ушбу инновацион технология муассасадаги барча операцион блок мутахассислари томонидан ўзлаштирилишини мақсад қилган.

Ўзбекистонда илк бор робот-жарроҳга операторлик қилган онкохирург Зарифхўжа Баҳодирхонов замонавий хирургик технологиялар бўйича Италия, Германия, Хитой ва Туркиянинг нуфузли клиникаларида тажриба орттирган. Хусусан, соғлиқни сақлаш вазирлиги кўмаги билан айнан «Revo-i» робот технологияси бўйича Кореяда икки марта малака ошириб келган.

«Бизда шу пайтгача жарроҳлик амалиётлари одатий кесиш ва лапароскопик усулларда ўтказилган. Тўғри, лапароскопик операциялар ҳам кесишларсиз, визуал имкониятлардан фойдаланган ҳолда амалга оширилади. Бу усулда шифокор жарроҳлик столи олдида туриб, операция пайтида ишлатиладиган асбобларни бевосита қўли билан ушлаб, қаршисидаги мониторга қараб, иш олиб боради. Робот ёрдамида бажариладиган операция чоғида эса жарроҳ консолдаги қулай стулда, барча диққатини операцияда жамлаш имконияти бўладиган шароитда ўтиради», — деди у.

Роботнинг жарроҳлик асбоблари кичик ўлчамли бўлиб, инсон қўлига қараганда анча катта диапазонда эгилиб, айлана олади. Робот-хирург ёрдамида бажариладиган онкологик амалиётлар ўсимта яна такрорланмаслиги учун уни бутунлай олиб ташлаши, асаб тугунларига ва бемор ҳаёти учун муҳим бўлган бошқа органларга таъсир қилмаслиги, минимал қон йўқотиш билан кечиши, беморнинг амалиётдан кейинги тикланиши ҳамда буткул соғайишини тезлаштириши билан катта аҳамиятга эга.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда роботохирургиянинг тараққий этиши икки омилга боғлиқ. Биринчиси — технологияни бошқара оладиган мутахассислар тайёрлаш бўлса, иккинчиси — мамлакат тиббиётида роботлар сонини орттириш.

Вазирликка кўра, бу борада эндиги вазифа — робот билан бирга операция қилувчи кўп сонли хирурглар захирасини шакллантириш. Шунда бу инновацион технология онкология ва онкоурология йўналишларидагина эмас, миллий тиббиётнинг барча жабҳаларида фаол қўлланила бошлайди.