Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги олий таълим муассасалари ва академик лицейлар рейтингини эълон қилди. Бу ҳақда Таълим инспекцияси матбуот хизмати хабар берди.

«Миллий рейтинг доирасида битирувчилари мавжуд 92 та (шу жумладан, 69 та ОТМ, 23 та филиал) олий таълим муассасалари 4 та йўналишдаги 20 та индикатор асосида баҳоланди:

  • илмий тадқиқот фаолияти ва таълим-фан-ишлаб чиқариш интеграцияси;
  • ўқув-методик ишлар фаолияти ва ўқитиш сифати;
  • талабалар билими ва битирувчилар сифати;
  • спортни ривожлантириш.

2021 йил натижаларига кўра, Ўзбекистон ОТМларида энг юқори натижани:

  1. «Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти» Миллий тадқиқот университети (аввалги йилда ҳам 1-ўриннинг эгаллаганди)
  2. Ўзбекистон миллий университети
  3. Тошкент молия институти
  4. Самарқанд давлат университети
  5. Навоий давлат кончилик институти

Энг қуйи натижани:

  • Термиз муҳандислик технология институти
  • ️Ўзбек миллий мусиқа санъати институти
  • Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти
  • Термиз агротехнологиялар ва инновацион ривожланиш институти
  • Қарши давлат университетининг педагогика институти қайд этди.

Фото: Таълим сифатини назорат қилиш Давлат инспекцияси

Илмий салоҳияти бўйича етакчи ўринларда:

  • Ўзбекистон халқаро ислом академияси
  • Тошкент давлат стоматология институти
  • Тошкент Молия институти
  • Тошкент педиатрия тиббиёт институти турибди.

Сўнгги ўринларни эса:

  • Қарши давлат университетининг педагогика институти
  • Қорақалпоғистон тиббиёт институти
  • Термиз муҳандислик технология институти
  • Самарқанд давлат чет тиллар институти
  • Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети олди.


Фото: Таълим сифатини назорат қилиш Давлат инспекцияси

Шунингдек, Олий таълим муассасалари битирувчилари сифатини 5354 та иш берувчи ташкилотлардан респондентлар сўровномада қатнашиб, баҳо берди. Иш берувчилар энг кўп Ўзбекистон миллий университети, Тошкент тиббиёт академияси, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Самарқанд давлат университети, Тошкент молия институтига ижобий баҳо берди.

Бу йилги рейтингга кўра, Тошкент давлат техника университети, Ўзбекистон миллий университети, Тошкент ахборот технологиялар университети энг кўп маблағ ишлаб топди.

Энг кам маблағ ишлаб топган ОТМлар эса Ўзбек миллий мусиқа санъати институти, Қарши педагогика институти, Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти бўлди.

Фото: Таълим сифатини назорат қилиш Давлат инспекцияси

Олий таълим муассасалари фаолияти самарадорлигининг асосий кўрсаткичлари таҳлилига кўра, илмий салоҳият сўнгги беш йилда ўртача 6,1%га ошди: 2017 йил — 30,3%, 2018 йил — 34,0%, 2019 йил — 34,1%; 2020 йил — 34,5%; 2021 йил — 36,4%. Илмий-тадқиқот фаолиятидан олган даромадлари 2017 йилдаги 49,7 млрд сўмдан 2021 йилда 236,1 млрд сўмга етди (5 баробарга ошган).

Шунингдек, фан доктори (DSc) илмий даражасига ёки профессор унвонига эга профессор ўқитувчилар сони 2790 нафарга (ўтган йилда 2477 нафар), фан номзоди (PhD) илмий даражасига ёки доцент унвонига эга профессор ўқитувчилар сони 9992 нафарга (ўтган йилда 8710 нафар) етди.

Дунёнинг нуфузли 1000 талик рўйхатига кирувчи ОТМларнинг PhD ёки DSc илмий даражасини олган профессор ўқитувчилар сони 497 нафарга (ўтган йили 450 нафар) етди. Нуфузли халқаро журналлардаги илмий мақолалар сони ўтган йилга нисбатан 1,5 баробарга ошиб, 19 981 та бўлди. Хорижий талабалар сони 21,1 фоизга кўпайди ва 5768 нафарга етди.

2021 йил фаолият якунлари бўйича академик лицейлар рейтинги ҳам эълон қилинди. Таълим инспекцияси республикадаги битирувчиси мавжуд 65 та академик лицейлар фаолияти самарадорлиги таҳлил қилиб, таълим сифати бўйича миллий рейтингни тайёрлади.

Академик лицейларда таълим сифатига баҳо бериш тўртта муҳим йўналишда 7 та индикатор асосида аниқланди:

  1. Академик лицейга ўқишга кириш учун ҳужжат топширган талабгорлар сонининг мазкур лицей учун белгиланган қабул параметрига нисбати (рақобат кўрсаткичи);
  2. олий таълим муассасаларига қабул қилинган ўқувчилар улуши;
  3. рейтинг аниқланган йилда нуфузли халқаро ва республика фан олимпиадалари, спорт мусобақаларида ғолиб бўлган (совринли ўринларни қўлга киритган) академик лицей ўқувчилари улуши;
  4. чет тили ва фанларни билиш даражаси тўғрисидаги миллий ёки халқаро сертификатга эга бўлган ўқувчилар улуши;
  5. илмий даражали, чет тили ва фанларни билиш даражаси тўғрисидаги миллий ёки халқаро сертификатга эга бўлган асосий штатдаги педагоглар улуши;
  6. хорижий педагоглар, шунингдек, халқаро эътироф этилган ташкилотлар — Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Higher Education ёки Academic Ranking of World Universities рейтингларида биринчи 1 000 та ўринни эгаллаган олий таълим муассасалари дипломларига эга бўлган маҳаллий педагоглар улуши;
  7. Академик лицейдаги маънавий-маърифий ва ўқув-тарбиявий муҳит.

Юқори 10 талик рейтинги:

  1. «Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти» Миллий тадқиқот университетининг «International house Tashkent» академик лицейи;
  2. Тошкент Халқаро Вестминстер университети академик лицейи;
  3. Тошкент педиатрия тиббиёт институти академик лицейи;
  4. А.Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети академик лицейи;
  5. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети академик лицейи;
  6. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети академик лицейи;
  7. Тошкент Молия институти академик лицейи;
  8. Тошкент давлат Стоматология институти академик лицейи;
  9. Турин политехника университети академик лицейи;
  10. Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти академик лицейи.