27 cентябрь куни Тошкентда Халқаро қишлоқ хўжалиги университети (IAU) биноси очилди. Университет Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ташаббуси билан 1845 йилдан бери мавжуд бўлган Буюк Британия Қироллик қишлоқ хўжалиги университети (Royal Agriculture University) билан ҳамкорликда ташкил этилди. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Янги университет очиш режалаcи биринчи марта ўтган йили эълон қилинган эди. Май ойида Ўзбекистон президенти университет фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги қарорни имзолади. Университет Тошкент аграр университети ҳудудида жойлашган. Келгусида у учун алоҳида кампус қурилади.

Илк ўқув йилида 160 нафар талаба қабул қилинди. Ўқитиш ҳам тўлов-шартнома, ҳам грант асосида олиб борилади. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизматининг аниқлик киритишича, барча биринчи курс талабалари грант асосида ўқишга қабул қилинган.

Қироллик қишлоқ хўжалиги университети проректори Питер Маккаффери очилиш маросимида сўзга чиқиб, университетнинг ташкил этилиши Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиё қишлоқ хўжалигида янги даврни очишига ишонч билдирди.

«1845 йилдан бери Қироллик университети қишлоқ хўжалиги, инновация ва тадбиркорлик соҳаларида мутахассислар тайёрлаб келмоқда. Университетимизнинг шиори — „Далалар ва жониворларга ғамхўрлик қилиш“. Биз бутун дунё бўйлаб ерлар бошқаруви ва қишлоқ хўжалиги таълимини ривожлантиришга ўз ҳиссамизни қўшиб келмоқдамиз», — деди у.


«Университетимизда илм-фаннинг илғор ютуқлари асосида турли йўналишлар бўйича мутахассисларга билим берамиз. Ўйлаймизки, талабалар олган билимларини ўз ишларида қўллай олади ва замонамизнинг глобал муаммолари, жумладан, иқлим ўзгариши, озиқ-овқат хавфсизлиги, пандемия оқибатлари ва бошқа кўп муаммоларни ҳал қилишга ҳисса қўшади», — деди Халқаро қишлоқ хўжалиги университети ректори Мунира Аминова.

Ўқув жараёнига қўйиладиган дастур ва талаблар Қироллик қишлоқ хўжалиги университети томонидан белгиланади. Битирувчиларга Британия университети дипломи берилади.

Университетда агрономия, агроиқтисодиёт, агрология, биотехнология, ақлли қишлоқ хўжалиги, чорвачилик ва озиқ-овқат хавфсизлиги йўналишлари бўйича ўқув дастурлари жорий этилган. Олийгоҳ талабаларга замонавий касблар бўйича халқаро даражага эга бўлиш имконини беради. Улар орасида: озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича менежер, экспорт ва импорт мутахассиси, қишлоқ хўжалигида компьютер технологиялари муҳандиси ва бошқалар бор.

Талабалар билимларини амалиётда қўллашлари учун бўлажак иш берувчилар университет, жумладан, кластерлар, савдо компаниялари ва ҳудудий марказлар билан ҳамкорлик қилишга таклиф этилади.