Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров Саудия Арабистони ҳаж ва умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашди, дея хабар бермоқда ЎзА.

Учрашувда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров ҳаж ва умра қилувчи кишилар Аллоҳ таолонинг меҳмони экани, уларга кўмак берган, оғирини енгил қилган инсон улуғ савобга ноил бўлишини эслатди, дейилади хабарда. Қайд этилишича, «мамлакатда диний эркинлик борасида яратилган қулайликлар самараси ўлароқ», жорий йил ҳаж зиёратчилари сони 12 минг, умра қилувчилар сони эса 40 минг нафардан ошди.

Мулоқотда ҳаж ва умра қилувчиларга хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш, ибодатчилар учун Мино, Арафот ва Муздалифа водийларида янада қулай шароит ҳозирлашга доир таклиф, мулоҳазалар билдирилди. Шунингдек, илмий-тадқиқот ишларида ҳамкорлик қилиш, дин уламолари иштирокида анжуманлар ўтказиш, Самарқанд, Бухоро, Термиз каби қадимий шаҳарларига Саудия Арабистони фуқаролари зиёратини ташкил этиш бўйича бир қатор амалий таклифлар, фикр-мулоҳазалар тақдим этилди.

«Давлатларимиз етакчиларининг олий даражадаги музокаралари икки халқ ўртасидаги азалий дўстликни, мамлакатларимиз ўртасидаги самарали ҳамкорликни янги бочқичга олиб чиқди, — дейди Ҳаж ва умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа. — Ҳозир савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар, илмий-маърифий ва туризм соҳаларидаги ўзаро манфаатли алоқалар янада кенгаймоқда. Шуни алоҳида урғулашни истардимки, Ўзбекистоннинг меҳмондўст халқи, муқаддас ва тарихий қадамжолари доимо саёҳат қилувчиларни ўзига ром этади. Арабистонликлар ҳам бу ердаги қадим шаҳарларни кўриш, муқаддас масканларни зиёрат қилишни истайди. Саудия Арабистони фуқаролари учун Ўзбекистонга визасиз кириш тартиби жорий этилиши мамлакатларимиз ўртасида зиёрат туризми кенг ривожланишида муҳим аҳамият касб этади».

Бугунги кунда Ўзбекистон диний-маърифий, тарихий ва маданий алоқага эга бўлган Саудия Aрабистони билан муносабатни янада ривожлантириш учун улкан имкониятга, салоҳиятга эга экани қайд этилди.

Саудия Арабистони делегацияси вакиллари Ўзбекистонга ташрифи давомида яна бир қатор манфаатдор вазирлик, идоралар раҳбарлари билан музокара ўтказади. Таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари фаолияти билан яқиндан танишиш, муборак қадамжоларни зиёрат қилиш ҳам кўзда тутилган.