«Залдан чиқиб кетинг ва гувоҳномангизни топширинг». ПА раҳбари ҳокимлар ишдан олинганини қандай маълум қилди?

Сешанба кунги видеоселектор йиғилишида президент Администрацияси раҳбари Сардор Умурзаков бешта туман ҳокими ишдан бўшатилганини маълум қилди. У ўз нутқида ҳокимлар «бутун давлат тизими ва президент командасини обрўсизлантиришга олиб келганини» таъкидлади.

Ўзбекистон ОТМлари ва лицейларининг умумий рейтинги эълон қилинди

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси олий таълим муассасаларининг умумий рейтингини эълон қилди. Унга кўра, ўтган йилги каби Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти 1-ўринни эгаллади. Қолаверса, бу йил илк бор лицейлар рейтинги ҳам маълум қилинди.

2022/2023 ўқув йилида таълим кредитининг 76 фоизини аёллар олди — Марказий банк

2022/2023 ўқув йилида шу вақтгача 27,8 минг нафар талабага берилган 317 млрд сўмдан зиёд имтиёзли кредитнинг 242 млрд сўмини аёллар олди. Аввалроқ, президент олий ҳамда ўрта махсус ва профессионал таълимда ўқувчи хотин-қизларнинг 7 йилга фоизсиз таълим кредитини олиши ҳақида қарор чиқарганди.

Санкт-Петербургда 4 нафар ўзбекистонлик паспортлари олиб қўйилиб, ишлатилаётгани аниқланди

Санкт-Петербургда бир гуруҳ Ўзбекистон фуқаролари вақтинча ишлаётган қурилиш объектида паспортлари олиб қўйилгани ҳақида мурожаат билан чиқди. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ходимлари фуқароларнинг паспортларини қайтаришга эришди. Иш берувчи жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантирилди.

Фарғонада фуқарони бўғиб, калтаклаган ИИО ходимлари айбсиз деб топилди

Тармоқларда Фарғонадаги ИИО ходимлари бир фуқарони ўлдиришга ҳаракат қилгани тасвирланган видео тарқалди. ИИВга кўра, ҳолат бир йил аввал содир бўлган. Воқеа юзасидан жиноят иши вилоят суди томонидан кўрилиб, ходимлар ҳаракатларида жиноят аломатлари йўқ деб топилган ва оқлов ҳукми чиқарилган.

«Ўзбекчорванасл» директори меҳмонхонадаги номақбул ҳаракатлари сабаб ишдан олинди

«Ўзбекчорванасл» агентлиги директори Бахтиёр Атамурадов меҳмонхонада содир этган номақбул ҳаракатлари сабаб ишдан олинди. Сешанба кунги йиғилишда буни эълон қилган президент Администрацияси раҳбари Сардор Умурзаков шундай қўшимча қилди: «сизнинг чет элдаги саргузаштларингизни ҳам юборишди».

Қашқадарёда каналдан бедарак йўқолган 15 ёшли боланинг жасади топилди

Қарши туманининг Мирмирон қишлоғи фуқаролари каналда бир неча кун аввал бедарак йўқолган 2007 йилда туғилган боланинг жасадини кўриб қолиб, сувдан олиб чиқди. Ҳозирда туман прокуратураси терговга қадар текширув бошлади, тегишли экспертиза тайинланди.

Сирдарё вилояти ҳокимига янги ўринбосарлар тайинланди

Шавкат Зайниддинов ва Баҳодир Ботиров Сирдарё вилояти ҳокимининг ўринбосари этиб тайинланди. Шунингдек, Отабек Носиров Янгиер шаҳрига ҳоким бўлди.

Тошкент вилояти ҳокимига ҳам янги ўринбосар тайинланди

Отабек Султанбеков Тошкент вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари бўлди. У бунгача Қуйи Чирчиқ тумани ҳокимининг шу масалалар бўйича ўринбосари бўлиб ишлаган.

Газ тармоғига ноқонуний уланиб жами 5 млрд сўм зарар етказган корхоналар аниқланди

Қувасой шаҳри, Учкўприк ва Бўстонлиқ туманида газ тармоғидан ноқонуний фойдаланиб, давлат ва жамият манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказиш ҳолатлари аниқланди.

28 сентябрь учун тижорат банклари томонидан белгиланган доллар курси

Марказий банк ўзбек сўмининг АҚШ долларига нисбатан расмий курсини 11 024,92 сўм этиб белгилади. Тижорат банклари ҳам мижозларга долларни сотиш ва сотиб олиш бўйича янги таклифларини эълон қилди.

ОТБ Оролбўйи ҳавзасида сув ресурсларини иқлимга қараб бошқариш лойиҳаси учун $150 млн қарз беради

Ўзбекистон Осиё тараққиёт банки билан «Оролбўйи ҳавзасида сув ресурсларини иқлим ўзгаришига мос ҳолда бошқариш» лойиҳаси учун битим имзолади. ОТБ лойиҳа учун 25 йил муддатга ва 5 йиллик имтиёзли давр билан $150 млн қарз ажратадиган бўлди. Президент мазкур битимни маъқуллаб, қарор қабул қилди.

Илк бор робот-хирург ёрдамида мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилди

Ўзбекистонда илк бор робот-хирург билан мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилди. Кореянинг «Meere» компанияси тегишли робот инсон қўлига қараганда анча катта диапазонда эгилиб, айлана олади. СВВга кўра, Ўзбекистонда роботохирургиянинг ривожланиши учун мутахассислар ва роботлар сони кўпайиши зарур.

Интернетдан фойдаланишга шароити йўқлар учун махсус платформа яратилди

Интернетдан фойдаланишга шароити йўқ аҳоли қатлами учун «Яхши нарсалар интернети» деб номланган ахборот платформаси ишга тушди. У ЮНИСЕФ ҳамда ҳукумат идоралари ва мобил алоқа оператори билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган. Платформадан фойдаланиш бепул.

Тошкентда Халқаро қишлоқ хўжалиги университети очилди

Тошкентда Буюк Британия Қироллик қишлоқ хўжалиги университети билан ҳамкорликда ташкил этилган Халқаро қишлоқ хўжалиги университети ўз фаолиятини бошлади. Илк ўқув йилида 160 нафар талаба қабул қилинди.