27 сентябрь куни Тошкент вақти билан соат 4:15 да NASA космик агентлигининг DART (Double Asteroid Redirection Test — «Астероидни йўналтириш бўйича икки карралик синов») зонди Дидим астероидининг йўлдоши Диморф астероидига бориб урилди. Ушбу воқеанинг трансляцияси YouTube орқали намойиш этилди.

NASA ушбу зондни 2021 йил 23 ноябрь куни SpaceX иштирокида космосга учирган эди. Миссиянинг мақасади — ушбу аппаратни астероид билан тўқнаштириб, унинг йўналишини ўзгартириш имкониятини ўрганиш эди. Ушбу мақсад учун диаметри 780 метр атрофида тенг бўлган Дидим астероиди ва унинг диаметри 163 метр бўлган йўлдоши Диморф танлаб олинди. Иккаласининг ҳам Ер сайёраси учун бевосита хавф туғдириши кутилмаётган эди.

DART миссиясига кўра, Диморф астероиди томон оғирлиги 570 кг бўлган аппарат 20 000 км/cоат тезликда йўналтирилди. Диморф (йўлдош) билан тўқнашув янада каттароқ бўлган Дидим астероидининг орбитасини ўзгартириши керак.

Жараён давомида DART Диморф юзасидан бир неча тиниқ тасвирларни суратга олди. Бир қанча муддат давомида астероидни DART дан бир неча кун олдин ажралган LICIACube кубсати кўзатади.

Фото: Диморф астероидининг юзаси.

Яқин ҳафталар ва ойлар ичида олимлар миссиянинг муваффақиятли бўлган ёки бўлмаганлигини аниқлашади. Миссия муваффақиятли бўлиши учун Диморфнинг орбитаси «фоизнинг бир қисмига» оғиши керак. Ҳозирда Диморф Дидим атрофида учиш учун тахминан 11 соат 55 дақиқа вақт кетади. Тўқнашув эса бу даврни тахминан 11 соат 45 дақиқага ўзгартириши кутилмоқда. Телескоп ўлчовлари буни келгуси ҳафталар ва ойларда тасдиқлайди.

2027 йилда Европанинг Hera станцияси Диморфга етиб боради ва ўзгаришларни батафсилроқ кўриб чиқади.

Дарвоқе, агар сиз Google’дан NASA DART деб қидирсангиз, саҳифада ҳалокатга учраган зонднинг анимацияси кўрсатилади.