«Бухоро нефт базаси» ташкилотининг 7 нафар мансабдор шахслари ва «Sity Kemping Bukhara» МЧЖ собиқ раҳбари ва таъсисчиси давлат мулкини толон-торож қилгани айтилмоқда. Бу ҳақда вилоят прокуратураси матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, «Бухоро нефт базаси» МЧЖ собиқ бош ҳисобчиси Ғолиб Комилов ҳамда бошқа мансабдор ва моддий жавобгар шахслар ўз ваколатларини суиистеъмол қилган. Улар ҳужжатларни қалбакилаштириб, жамиятнинг 8,5 млрд сўмлик жуда кўп миқдордаги нефт маҳсулотларини ўзлаштириб, растрата йўли билан талон-торож қилган.

Собиқ бош ҳисобчи нефт махсулотлари учун тўлов қилингани ҳақида ички электрон дастурга сохта маълумот киритган. Жиноий шериги Тўлқин Муродов раҳбарлигида очилган «Sity Kemping Bukhara» МЧЖ ва бошқа корхоналарга нефт махсулотларини олдиндан тўловларсиз бериб юборган. Шунингдек, база ҳисоб рақамидан молиявий ёрдам сифатида пул маблағларини кўчириб олган. Бу билан улар давлатнинг 3,3 млрд сўмлик мулкини талон-торож қилган ва ўзларининг шахсий манфаатлари учун ўзлаштириб юборган, дейилади хабарда.

Аниқланишича, «Sity Kemping Bukhara» МЧЖ дастлаб Тўлқин Муродов ва Ғолиб Комилов таъсисчилигида ташкил қилинган, кейинчалик, жиноят иши қўзғатилгунга қадар жамиятнинг улушлари А.Тўймуродовга (Б.Атамурадовнинг ўғли) ва Тўлқин Муродовнинг турмуш ўртоғига ўтказилган, у эса опасига ўтказган.

Ғолиб Комилов ва Тўлқин Муродовга давлат ва жамоат манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказгани учун суднинг ажримига асосан «қамоққа олиш тарзидаги» эҳтиёт чораси қўлланди. Айбланувчилардан етказган зарарининг 5,3 млрд сўми ундирилди, 4 млрд сўмлик мол-мулклари, шу жумладан «Sity Kemping Bukhara» МЧЖ номидаги мулклари хатланди.

Тергов натижасида, «Бухоро нефт базаси» МЧЖнинг 7 нафар мансабдор ва моддий жавобгар шахсларига Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айблов эълон қилинди. Ҳозирда жиноят иши айблов хулосаси билан судга юборилди. Тўлқин Муродов тергов органидан яширинганлиги сабабли жиноят ишининг унга нисбатан қисми алоҳида иш юритувга ажратилди.

У ИИБ томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида 10 сентябрда Тошкент шаҳрида ушланиб, тергов ҳибсхонасига жойлаштирилди. Ҳозирда, жиноят ишининг у ва бошқаларга оид қисми бўйича тергов ҳаракатлари кетяпти.

Йил бошида «Бухоро нефть базаси» МЧЖда муттасадилари хусусий АЁҚШларга жами 2,6 млрд сўмлик нефть маҳсулотларини тўловсиз етказиб бериб, дебитор қарздорликни яшириб келгани айтилганди. Шунингдек, МЧЖ қурилиш корхоналарига 298,1 млн сўм пулни асоссиз равишда тўлаб берган. Ходимларга эса 31,6 млн сўм миқдорида ортиқча иш хақи ва мукофот пуллари берилган.

Февраль ўрталарига келиб, «Ўзбекнефтгаз» томонидан амалга оширилган текширувларда «Бухоро нефть базаси»да 22 млрд 58 млн сўмлик хато-камчиликлар аниқланганди. Ҳолатларнинг асосий қисми базанинг собиқ бош ҳисобчиси иштирокида амалга оширилгани айтилмоқда. Шунингдек, нефть базасида 5,5 млрд сўмлик манфаатлар тўқнашуви, қариндош-уруғчилик ва 3,4 млрд сўмлик талон-тарож қилиш ҳолатларига йўл қўйилган.