Наманган вилояти Косонсой туманида ноёб китоблар топилди. Бу ҳақда «Янги Ўзбекистон» нашри хабар берди.

Китоблар орасида ХIV — ХХ асрларга оид қўлёзма ва тошбосма китоблар мавжуд.

Косонсой тарих музейига узунқишлоқлик Абдужаббор ота томонидан тақдим этилган ушбу жамланмадан ислом тарихи, фиқҳ, мантиқ, адабиёт, ҳадис, ҳадис шарҳига оид «Туҳфатул обидин ва инсол ошиқин», «Ал Аброри жон», «Маротил муаққадин» (туркий ҳадислар тўплами), «Ғазал китоби» (Фазлий Намангоний), «Рисолаи марғуб» (масала китоби), «Мифтоҳи Юнон», «Қиссаи Иброҳим Адҳам», «Қиссасул Анбиё» каби китоблар ўрин олган.

Уларнинг аксари Намангандаги Матбаи Исъҳоқия ва Тошкентдаги Ғулом Ҳасан Орифжоновлар босмахоналарида инқилобгача бўлган даврда чоп этилган.