29−30 сентябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманида «Орол балиқларидан 99 тур таомлар» гастрономик фестивали ўтказилади. Бу ҳақда Туризм ва маданий мерос вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Фестивалдан мақсад Қорақалпоғистонда, хусусан, Мўйноқ туманида ўзига хос бўлган гастрономик туризм салоҳиятини кенг тарғиб қилиш, ҳудудда маданий ва кўнгилочар тадбирлар сонини ошириш ва бу орқали ҳудудга ташриф буюрувчи маҳаллий ва хорижий туристларнинг сонини янада кўпайтириш экани қайд этилган.

Тадбирдан давомида маҳаллий ошпазларнинг балиқ таомларини тайёрлаш бўйича маҳорат дарслари, ошпазлар ўртасида беллашув, маҳаллий ҳунармандларнинг кўргазмалари, миллий эстрада ва фольклор ижрочилари, миллий рақс ансамбли томонидан концерт дастури ва бошқа кўнгилочар тадбирлар намойиши бўлиб ўтади.

Маросим сўнгида мусобақа ғолиблари тақдирланади.