Шавкат Мирзиёев Россиядаги мактабда юз берган отишма муносабати билан ҳамдардлик билдирди

Шавкат Мирзиёев Владимир Путинга Ижевскдаги мактабда содир бўлган отишма оқибатида инсонлар ҳалок бўлгани муносабати билан ҳамдардлик билдирди. Сўнгги маълумотларга кўра, қурбонлар сони 15 кишига етган.

Бухорода 38 ёшли аёлни поезд босиб кетди

Душанба куни эрта тонгда 38 ёшли аёл «Хўжадавлат-Бухоро-1» йўналишидаги поезд уриб кетиши оқибатида ҳалок бўлди. У ўз жонига қасд қилишга урингани айтилмоқда.

Йирик ЙТҲ сабабли Тошкентдаги Нукус кўчаси вақтинча ёпилди

Пойтахтнинг Нукус кўчасида тўртта автомобиль тўқнашиши натижасида улардан бири ағдарилиб кетди. Икки ҳайдовчи жароҳатланган. Кўча транспорт ҳаракати учун вақтинча ёпилди.

Куз-қиш мавсумига тайёргарлик учун 2 млрд сўмга яқин маблағ ажратилади

Ҳукумат қарори билан иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ва кўп хонадонли уй-жой фондини куз-қиш мавсумига тайёрлаш учун 1,99 трлн сўм (давлат бюджетидан атиги 10,6 млрд сўм) йўналтирилади. Ишлар бош вазирнинг биринчи ўринбосари бошчилигидаги комиссия томонидан мувофиқлаштирилади.

Янгийўлда цех учун ажратилган ерни ноқонуний сотишда гумонланган фуқарога жиноят иши очилди

Янгийўл тумани ҳокимлиги фуқарога «Ёшлар меҳнат гузари ишлаб чиқариш цехлари» мажмуасини қуриш учун 2 гектар ер берган. Бошқа фуқаро шериклари билан унинг 1 гектарини $400 мингга сотиб олишга келишиб, 30 минг долларини олаётган вақтларида ушланган. Ҳозир ҳолат бўйча жиноят иши очилди.

Ҳафта охиригача республикада ҳаво совуқ бўлади − Ўзгидромет

27 сентябрдан бошлаб Ўзбекистоннинг барча ҳудудларига совуқ ҳаво массалари тарқалади, кундузги ҳарорат +22…+27 даражагача пасаяди. Баъзи жойларда шамол чанг-тўзонлар билан 15−20 м/с гача кучайиши мумкин. Тоғли ҳудудларда ёмғир ёғиши эҳтимоли бор.

Ҳокимликлар ҳузурида Тадбиркорлар кенгаши ташкил этилади

Жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган президент қарори лойиҳасига кўра, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши ва ҳокимиятлар ҳузурида Тадбиркорлар кенгаши ташкил этилади. Унга Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раиси ва ҳокимлар раҳбарлик қилади.

Шавкат Мирзиёев шу ҳафта Жаҳон банки вице-президенти билан учрашади

Президентнинг ҳафталик иш режаси маълум қилинди. Унга кўра, давлат раҳбари душанба куни электротехника саноатида вазифалар юзасидан масъулларнинг ҳисоботини тинглайди. Ҳафта давомида Шавкат Мирзиёев Жаҳон банки вице-президенти Анна Бьерде билан учрашув ўтказади.

Дания Ўзбекистонда фахрий консуллик очади

Дания ҳукумати Ўзбекистонда фахрий консуллик очишга қарор қилди. Бу ҳақда БМТ Бош Ассамблеясининг 77-сессияси доирасида икки давлат ташқи ишлар вазирларининг музокараларида маълум қилинди.

Самарқандда юк машинаси уриб юборган 10 ёшли бола ҳалок бўлди

Булунғур туманида юк машинаси ўзи билан бир йўналишда велосипедда ҳаракатланиб кетаётган 10 ёшли болани уриб юборди. ЙТҲ оқибатида бола воқеа жойида ҳалок бўлди.

Ўзбекистон ва Грузия ўртасида божхона соҳасида профессионал кадрларни тайёрлаш бўйича меморандум имзоланди

Давлат божхона қўмитаси раиси Акмалхўжа Мавлонов бошчилигидаги делегация Грузияда амалий ташриф билан бўлди. Унда икки давлат ўртасида божхона соҳасида профессионал кадрларни тайёрлаш бўйича Ҳамкорлик меморандуми ҳамда Ахборотларни олдиндан алмашиш бўйича баённома имзоланди.

«Жар ёқалаб мактабга кетаётган болалар». Ҳокимият муаммони йил охиригача ҳал қилишга ваъда берди

Паркент туманининг Обишер кўчасида болалар мактабга жар ёқалаб қатнаётгани акс этган тасвирларга туман ҳокимлиги муносабат билдириб, ҳашар йўли билан қурилган йўлга баҳордаги ёғингарчилик жиддий зарар етгазганини айтди. Ҳокимият муаммони йил охиригача ҳал қилишга ваъда берди.

Фарғонада йил якунига қадар электромобиллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади

Фарғонада жорий йил якунигача электромобиллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Корхона йилига 10 минг электромобиль ишлаб чиқаради ва 40 фоизини экспортга йўналтиради. Қолаверса, қатор эҳтиёт қисмлари маҳаллийлаштирилади.

Андижондан Урганч ва Хивага поезд қатновлари йўлга қўйилди

28 сентябрдан «Андижон — Хива — Андижон», 29 сентябрдан эса «Андижон — Урганч — Андижон» йўловчи поезди қатнови йўлга қўйилди. Аввалроқ президент водий вилоятларидан бошқа вилоятлар марказларига темир йўллар сони ва сифати талаб даражасида эмаслигини таъкидлаганди.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақолалар:

«Дарсга уй кийимида борса ҳам бўлаверади». Хорижда мактаб ўқувчиларининг кийиниш тартиби қандай?

«Газета.uz» дунёнинг турли нуқталарида яшаётган ва фарзанди ушбу мамлакат мактабида ўқиётган ўзбекистонликлар билан суҳбатлашиб, ўқувчиларнинг кийимига қўйилган талаблар ҳақида сўради. Уларнинг айтишича, МО давлатларида мажбурий форма мавжуд, хорижда эса мактабга уй кийимида борса ҳам бўлаверади.

«Ҳаёт шиддат билан ривожланмоқда, биз эса тезликни секинлаштирмоқчимиз». Пойтахт депутатлари тезликни пасайтиришга қарши чиқди

Пойтахтда қарийб 50 фоиз авария тезликни ошириш туфайли содир бўлади. Кўплаб давлатларда шаҳарларда тезлик чегараси 50 км/соатни ташкил қилади. Бироқ тошкентлик депутатлар бу чора самарадорлигига шубҳа қилмоқда. Муҳокамаларда: «70 — шусиз ҳам паст тезлик» эканлиги, «ҳеч нарса ўзгармаслиги» айтилди.

«Ҳаммани ёппасига «бомбила»га чиқармаслик керак». Тошкент аэропортидаги таксичилар нима дейди?

«Тошкент» халқаро аэропорти ўз такси хизматига эга бўлгач, кўплаб ҳайдовчилар, жумладан, ноқонуний таксичилар норозилик билдиришди. Иш ҳатто муштлашувгача етиб борди. «Газета.uz» ҳайдовчилар билан суҳбатлашиб, улар нима хоҳлаётганлари ва «бомбила» сўзига нисбатан муносабатини ўрганди.