Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ижтимоий тармоқларда ИИО ходимлари ва фуқаролар ўртасидаги можаро акс этган видео юзасидан муносабат билдирди.

Хабарда айтилишича, 2022 йил 10 август куни Н.Б. ва З.А. Шайхонтоҳур тумани Жангоҳ мавзесида жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан ўзаро жанжаллашиб, жамоат тартибини бузишган. Ҳолат юзасидан ўтказилган текширув жараёнида фуқаро Н.Б. чақирилган вақтда ички ишлар органлари ходимининг ИИБга кўрсатилган муддатда келиш тўғрисидаги қонуний талабларини бажармаган.

Юқоридаги ҳолат юзасидан фуқароларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси ва 194-моддаси билан маъмурий баённома расмийлаштирилган ва кўриб чиқиш учун жиноят ишлари бўйича туман судига тақдим этилган. Бирок Н.Б. бир неча маротаба суд томонидан чақиртирилган бўлишига қарамасдан, сабабсиз суд мажлисига келмаганлиги учун уни мажбурий келтириш қарори чиқарилган.

Тарқалган видеоларда эса 9 сентябрь куни фуқаро Н.Б. ИИО ходимлари томонидан мажбурий тартибда судга олиб кетилаётганлиги ҳолати видеода акс этган.

«Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани суди томонидан фуқаролар Н.Б. ва З.А.га нисбатан 3 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган. Ходимларнинг ҳаракати юзасидан прокуратура томонидан текширув ўтказилмоқда», — дейилади хабарда.