Қирғизистон ва Тожикистон чегарасидаги можаро давлатлар президентлари ўт очишни тўхтатиш, куч ва воситаларни тўқнашув чизиғидан олиб чиқиш бўйича кўрсатмалар беришга келишиб олганига қарамай, давом этди.

Қирғизистон

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара хизмати маълумотларига кўра, 22:30 (Тошкент вақти билан) ҳолатига кўра, чегарада вазият кескинлигича қолмоқда.

«Тожикистон томонидан Қирғизистон томони позицияларини ўққа тутиш давом этмоқда, айрим ҳудудларда шиддатли жанглар бўлиб ўтмоқда. Соат 22:20да тожикистонлик ҳарбий хизматчилар Қирғизистон Республикаси Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг Тамдиқ чегара постини ўққа тута бошлади. Тожикистон ҳудудига қўшимча куч ва воситалар, оғир ва автомобиль техникаси олиб келинаётгани қайд этилган», — дейилади хабарда.

Қирғизистон чегарасидаги Лейлек ва Боткен вилоятлари қаршисидаги чегара ҳудудларида «Тожикистон томони куч ва воситаларни қайта тўпламоқда».

«Қирғизистон Республикаси Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг Боткен вилоятида жойлашган Чегара қўриқлаш хизмати шахсий таркиби душман ҳужумларини қайтаришда давом этмоқда», — дейилади хабарда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, қуролли тўқнашувлар натижасида 87 нафар жабрланувчи соғлиқни сақлаш муассасаларига ётқизилган, улардан 5 нафари амбулатор даволанишга юборилган. Вазирлик хабарига кўра, жабрланганлар танасининг турли қисмларидан осколкалар ва ўқ жароҳатлари олган.

Фото: Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, соат 20:00 да можаро жойидан 136 мингдан ортиқ одам эвакуация қилинган. Улар Боткен вилояти, Боткен шаҳри, Лейлек вилояти, Раззоқов шаҳри аҳолисидир.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев ҳарбийлар орасида катта йўқотиш борлигини тан олди.

«Бизнинг йўқотишларимиз асосан ҳарбий хизматчилар орасида бўлди. Биз рақамни аниқлаймиз, аммо, афсуски, жуда кўп йўқотишлар, шунингдек, ярадорлар ҳам бор. Тинч аҳоли орасида қурбонлар эса камроқ, чунки биз уларни ўз вақтида эвакуация қилдик», — деди у.

Тармоқда Ўзбекистон аҳолиси ўтиб кетаётган қирғизларга нон тарқатаётгани акс этган видео ҳам пайдо бўлди. 24.kg ўқувчисининг хабар беришича, Боткен-Ўш йўли ўққа тутилганидан кейин Ўзбекистон ўзининг Сўх анклавидан йўлак ажратган.

«Бизнинг рақамлар (Қирғизистон давлат рақамлари — таҳр.) бўлган машиналар ўтиб кетаётса, Ўзбекистон фуқаролари уларни тўхтатиб, сув ва нон беришган», — деди у.

Тожикистон

Икки давлат хавфсизлик кучларининг биринчи раҳбарларининг учрашуви ва ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга қарамай, орадан бир ярим соат ўтиб қирғиз томони Б.Гафуров туманининг Овчи-Калъача ҳамда ва Исфара шаҳрининг Ворух ва Чоркуҳ маҳаллалари йўналишларида яна ўқ узишни бошлади, дея хабар беради Тожикистон чегара хизмати.

«Қирғиз томони ҚР Боткен вилояти марказидан Тожикистон билан чегарадош вилоятларга қўшимча куч ва воситаларни ўтказмоқда. Қирғизистон томонининг жанговар вертолётлар ва учувчисиз учиш ускуналари ёрдамида Тожикистон фуқароларининг турар-жойлари ва фуқаролик объектларига ҳужум қилаётгани хавотир уйғотади», — дейилади хабарда.

«Асиа-Плюс» нашри маҳаллий аҳолига таяниб, бир неча киши қирғизистонлик учувчисиз учоқ ҳужуми қурбони бўлганини қайд этди.

«Ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги хабарлардан сўнг, маҳалла аҳли кўчага чиқди ва ўша пайтда қирғиз дрони одамларга ҳужум қилди. Оқибатда 10 дан ортиқ киши жароҳатланган. Учувчисиз учиш ускунасидан турар-жой бинолари ва фуқаролик инфратузилмасига ҳаво зарбалари берилмоқда», — дейди аҳоли.

Тожикистон ҳозирча чегарадаги можарода қурбонлар ва жароҳатланганлар ҳақида расмий маълумот бермаган, бироқ маҳаллий матбуотга кўра, 7 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган, ўнлаб одамлар яраланган.

Аввал хабар берганимиздек, 16 сентябрга ўтар кечаси қирғиз-тожик чегарасида вазият яна кескинлашган. Маълум қилинишича, чегаранинг бутун периметри бўйлаб қуролли тўқнашувлар содир бўлмоқда. Қирғизистон оғир ҳарбий техникадан фойдаланган ҳолда чегара ва фуқаро объектларига ҳужум уюштирилганини, Тожикистон эса чегарадаги қишлоқлар миномётдан бомбардимон қилинганини эълон қилди.