Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Токаев шанба куни парламент бир кун аввал қабул қилган мамлакат Конституциясига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонунни имзолади.

Ҳужжат президентлик мандатини кейинчалик қайта сайланиш ҳуқуқисиз, 7 йиллик бир муддат билан чеклайди. Илгари президентлик муддати 5 йил бўлиб, давлат раҳбари кетма-кет икки марта сайланиши мумкин эди.

Қонун, шунингдек, Конституциянинг президент ваколат муддатига оид нормасининг ўзгармаслигини ва унинг сайланишини чеклашни белгиловчи ўзгартиришни ҳам назарда тутади. Шу тариқа, мамлакат адлия вазири Канат Мусиннинг сўзларига кўра, келажакда президент ваколатлари даврийлиги ёки муддатини ошириш имконияти истисно қилинган.

Қозоғистон пойтахти Нур-Султон номи қайтадан Остона деб ўзгартирилди. Ушбу ўзгариш 17 сентябрдан кучга киради.

Тузатишлар Конституциявий суд судяларининг ваколатларини қайта тайинлаш ҳуқуқисиз 8 йилга оширишни ҳам назарда тутади. Бунинг сабаби шундаки, мустақиллик учун судяларнинг ваколат муддати уларни тайинловчи шахсларнинг ваколат муддатидан ошиб кетиши керак.

1 сентябрь куни Қосим-Жомарт Тоқаев халққа мурожаатида президентлик мандатини қайта сайланиш ҳуқуқисиз 7 йиллик бир муддат билан чеклашни ва кузда навбатдан ташқари президентлик сайловларини ўтказишни таклиф қилди. Сайлов ҳам 2022 йилнинг ноябридан кечиктирмай ўтказилади. Парламент ва маслихатларга муддатидан олдин сайловлар эса 2023 йилнинг биринчи ярмида ўтказилади.

Ҳафта бошида Қозоғистон парламенти депутатлари пойтахт номини Нур-Султондан Остона деб ўзгартиришни таклиф қилишди. 2019 йил март ойида инаугурация пайтида Токаев референдумсиз Остона шаҳрини республиканинг биринчи президенти шарафига Нур-Султон деб номлашни таклиф қилган эди.