Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт Дастури (БМТТД) 8 сентябрь куни ««Беқарор замон, беҳаловат ҳаёт: ўзгарувчан дунёда ўз келажагимизни шакллантириш», деб номланган сўнгги Инсон тараққиёти индекси ҳисоботини эълон қилди. Ҳисоботда таъкидланишича, дунё кетма-кет инқирозни бошдан кечириб, «фавқулодда чоралар» кўришга мажбур бўлмоқда, бироқ бугунги кунда дунё аҳолиси дуч келаётган муаммоларнинг сабабларини бартараф эта олмаяпти. Дунё кетаётган йўлида кескин ўзгариш ясалмаса, янада каттароқ йўқотиш, муҳтожлик ва адолатсизликларга юз тутаверади, дея огоҳлантиради ҳисобот муаллифлари. «Газета.uz» БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матилда Димовскадан ҳисоботнинг асосий мазмуни, ҳужжатда назарда тутилган ноаниқликнинг мураккаб муаммоларини ҳал қилиш йўллари ва Ўзбекистондаги инсон тараққиёти ҳолати ҳақида сўзлаб беришни сўради.

Умумий маълумот: Инсон тараққиёти тўғрисидаги ҳисобот нима


1990 йилда Инсон тараққиёти тўғрисидаги биринчи ҳисоботда инсоният фаровонлигини ошириш борасида янги ёндашув тақдим этилди. Инсон тараққиёти — ёки инсон тараққиёти масаласига нисбатан ёндашув — деганда одамлар яшаётган муайян мамлакатнинг бойлиги эмас, балки мазкур одамлар ҳаётининг фаровонлигини ошириш тушунилади. Ҳисоботда, шунингдек, Инсон тараққиёти индекси — ўртача умр кўриш давомийлиги, таълим ва аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромад кўрсаткичларининг комплекс индекси тақдим этилган бўлиб, унда мамлакатларга инсон тараққиёти даражаси бўйича баҳо берилган.

Ҳар бир ҳисобот алоҳида мавзуга бағишланган ва бутун дунё бўйлаб тараққиёт масалалари бўйича мунозараларга чуқур таъсир кўрсатган. Мазкур ҳисоботлар, шунингдек, миллий ва минтақавий таҳлиллар ўтказилишига туртки бериб, уларда одатда мамлакат ёки минтақа учун хос муаммолар кўриб чиқилган.

2020 йилда эълон қилинган сўнгги ҳисобот «Кейинги марра: инсон тараққиёти ва антропоцен» деб номланган. Унда инсоният тарихда мисли кўрилмаган даврни бошидан кечираётгани ва бу даврда инсон фаолияти сайёрани шакллантирувчи ҳукмрон кучга айланганига урғу берилган. Ҳисоботда одамларнинг ҳаракат эркинлиги ҳамда ҳуқуқ ва имкониятларининг кенгайтирилиши янада адолатли дунёда, сайёра билан уйғунликда яшаш учун зарур бўлган ҳаракатларга олиб келиши мумкинлигига ишонч таъкидланган.

— Мазкур Инсон тараққиёти тўғрисидаги ҳисобот ва у орқали етказилаётган асосий ғоялар тўғрисида кўпроқ маълумот бера оласизми?

— Ҳисобот «Биз хавотирларга тўла оламда яшаяпмиз» деган жумла билан бошланиб, унда турли штаммлари юзага келишда давом этаётган Covid-19 пандемияси, Украина ва бошқа мамлакатлардаги уруш ва можаролар, рекорд даражадаги ҳароратлар, ёнғин ва бўронлар тўғрисида сўз юритилиб, глобал миқёсдаги беқарор замон ва беҳаловат ҳаёт тасвирланади.

Аслида, ноаниқлик янги ҳодиса эмас. Ҳисоботда таъкидланишича, ноаниқликларнинг янги шакллари устма-уст тушиб, янги кўринишларда ўзаро таъсир қилмоқда. Инсоният доимо дуч келган муаммолар — пандемиядан тортиб уруш ва қурғоқчиликка қадар — бугунги кунда сайёрамизда содир бўлаётган хавфли ўзгаришлар, кенг кўламдаги ижтимоий ўзгаришлар, шу билан бирга саноат инқилоби ва кенг тарқалган сиёсий қутбланиш фонида рўй бермоқда.

Одамлар ўзини янада бахтсиз ҳис қилмоқда. Стресс, қайғу, хавотир ва ғазабнинг жисмоний кўринишларини бошдан кечириш ҳислари сўнгги ўн йил ичида кучайиб бормоқда ва ҳозирги кунда 2006 йилдан буён рекорд даражага етди. Ҳатто Covid-19 пандемиясидан аввал ҳам, глобал миқёсда ҳар 7 кишининг 6 нафардан кўпроғи ўзини ҳимоясиз ҳис қилган.

Ноаниқлик, тенгсизлик ва ҳимоясизлик қутбланиш ва ишончсизлик билан ёнма-ён юради. Сиёсий қутбланиш ва ишончсизлик ижтимоий мулоқот қилиш имкониятларимизни пасайтиради ва жамоавий ҳаракатларни бўғади.

Инсон тараққиёти кўрсаткичи кетма-кет иккинчи йил пасайиб, бизни 2030 йилгача бўлган даврда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш кун тартиби ҳамда Париж келишуви қабул қилинган 2016 йилда қайд этилган даражаларга қайтарди.

Бу фаровонликни белгиловчи анъанавий кўрсаткичлар бўйича узоқ муддатли ақл бовар қилмас глобал тараққиёт (Cоvid-19 пандемиясига қарамасдан) фонида юз бермоқда. Афсусланарли томони шундаки, биз келажагимизга таъсир қилиш учун кўпроқ имкониятларга эга бўлсак-да, энди уни назорат қилиш имкониятига эга эмасмиз.

Ўзи нималар содир бўляпти? Инсон тараққиётига кенг нуқтаи назардан қараш тараққиёт ва ҳимоясизликнинг ёнма-ён юриши билан боғлиқ парадоксни тушунишга ва бу борада жавоб чораларини кўришга қандай ёрдам беради? Бу йилги ҳисоботда шу каби масалалар кўриб чиқилади.

— Ноаниқликларнинг устма-уст келиши ва ўзаро таъсир қилиши билан боғлиқ мураккаб хусисияти тўғрисида батафсил тушунтириш бера оласизми?

— Таҳдидларнинг ўзаро таъсири мураккаб жараён. Ҳисоботда муҳокама қилинадиган кўплаб муаммолар алоҳида кўриб чиқилганда, янги муаммо ҳисобланмайди. Дунёда бунга қадар ҳам уруш ва пандемиялар содир бўлган, аммо одамлар одатда дуч келган ноаниқликлар бугунги кунда сайёрамизда содир бўлаётган хавфли ўзгаришлар ва кенг тарқалган сиёсий қутбланиш фонида рўй бермоқда.

Биз ҳеч қачон бугунги кунда дуч келаётган инқирозларнинг устма-уст келиши билан боғлиқ ҳолатларни бошдан кечирмаганмиз:

  • Бугунги кунда инсон фаолияти сайёра тизимларига мисли кўрилмаган миқёс ва суръатда таъсир кўрсатмоқда. Бу одамлар минг йиллар давомида фаолият юритиб келган асосий қарашлар тизимини ўзгартирмоқда.
  • Мазкур босимларни енгиллаштириш учун кенг қамровли ижтимоий ўзгаришлар зарур. Масалан, энергия, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, транспорт тизимларидаги ўзгаришлар. Лекин бу ўзгаришлар ўзига хос ноаниқликларни ҳам олиб келади. Қайта тикланувчи энергия тизимларининг янги технологиялари қанчалик жозибадор бўлмасин, уларнинг ўзига яраша харажат ва хавф-хатарлари ҳам мавжуд.
  • Кўплаб мамлакатларда сиёсий қутбланиш кучаймоқда. Дунёдаги одамларнинг 30 фоиздан камроғи аксарият одамларга ишонса бўлади деб ҳисоблайди ва бу шу пайтга қадар қайд этилган энг паст кўрсаткичдир. Сиёсий қутбланиш зўравонлик хавфини оширади, ишончни пасайтиради, жамиятни ажратади ва кенг жамоатчилик иштирокидаги муҳокама ва чора-тадбирлар аҳамиятига путур етказади.
  • Сунъий интеллект ва ижтимоий тармоқлар каби рақамли технологиялардан нотўғри маълумот тарқатиш йўлида фойдаланилиб, бу одамларнинг ўз танловига таъсир этувчи маълумотларни нотўғри тушунишига сабаб бўлмоқда.
  • Руҳий касалликлар рекорд даражага етиб, дунё миқёсида 35 фоиздан ортиқроқни ташкил этмоқда, ҳолбуки бу кўрсаткич бундан ўн йил аввал 10 фоиз атрофида эди.

Бу инқирозлар ва ноаниқликлар тўпланиб, бир-бирини озиқлантирмоқда. Ноаниқликларнинг бундай мураккаб ўзаро таъсири қўшалоқ парадоксга олиб келди: а) тараққиёт ортидан ҳимоясизликнинг ортиши ва б) тараққиёт ортидан қутбланишнинг ортиши.

— Ортиб бораётган ва мураккаб ноаниқликлар шароитида биз нима қилишимиз керак?

— Биз дуч келаётган ноаниқликлар даври ва ҳодисаларни тушуниш ва саъй-ҳаракатлар амалга оширишнинг одатий усуллари ўртасидаги эҳтимолий номувофиқликдан хабардор бўлишимиз керак.

Биз эътиборни ижтимоий муаммоларни, шу жумладан инсон тараққиёти билан боғлиқ муаммоларни бартараф этишга қаратишимиз керак, негаки булар келажакдаги ноаниқликларни енгиб ўтишимизни қийинлаштиради. Ноаниқликлар ва ҳимоясизлик турлича хусусиятларга эга бўлиб, биринчи навбатда ва кўпроқ аёллар, озчилик гуруҳлари ва бошқа кўплаб гуруҳларга таъсир кўрсатади.

Ноаниқликларни бартараф этиш учун учта йўналиш — инвестициялар, суғурталаш ва инновацияларга, шу билан бирга ижтимоий муаммоларни ҳал этишга йўналтирилган сиёсатни яратишимиз лозим бўлиб, бу институтлар ва қарорлар қабул қилувчи органларда ноаниқликларга қарши ижодкорона ва тезкор жавоб чоралари кўришга имкон беради.

БМТТД Ўзбекистонда

— Мамлакатлар ноаниқликлар билан боғлиқ мазкур мураккаб муаммоларни қандай ҳал қилиши лозимлиги тўғрисида батафсил сўзлаб бера оласизми? Шунингдек, ҳисоботда келтирилган учта йўналиш — инвестициялар, суғурталаш ва инновациялар тўғрисида батафсил маълумот берсангиз?

— Учта йўналиш — инвестициялар, суғурталаш ва инновацияларга йўналтирилган сиёсий қарорлар одамларга ноаниқликларни енгиб ўтиш ва мазкур ноаниқликлар шароитида ривожланишга катта ёрдам беради.

  • Ноаниқликлар шароитида ривожланиш учун зарур бўлган имкониятларга инвестициялар киритиш деганда жамоат бойликларидан тортиб, табиий ечимларга асосланган инсон тараққиёти ва одамларга инвестиция киритиш тушунилади. Ўзбекистон шароитида бу сайёрамизга босимни юмшатиш учун қайта тикланувчи энергия манбалари ва табиий офатларнинг олдини олиш тизимларига ҳамда аҳоли саломатлигини таъминлаш ва келажакдаги пандемияларга тайёргарлик кўриш учун соғлиқни сақлаш тизимига инвестициялар киритишда давом этишни англатади.
  • Суғурталаш ноаниқликлар дунёсидаги кутилмаган ҳодисалардан ҳар бир инсонни ҳимоя қилишга ёрдам беради. Коронавирус пандемиясидан кейин ижтимоий ҳимоя тизимининг глобал миқёсда жадал ривожланиши ушбу мақсад сари улкан қадам бўлди, шу билан бирга шу кунга қадар ижтимоий ҳимоя қамрови қанчалик паст бўлгани ва бу борада қанчалик кўп ишлар амалга оширилиши кераклиги аён бўлди. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва сиёсий ҳаётда иштирок этиш қутбланишдан суғурта қилиши мумкин. Ўзаро тушуниш, ҳурмат ва тенгликни тарғиб қилувчи механизмлар жамиятларга этник, диний ва ижтимоий-иқтисодий ўзига хосликларга асосланган низолар каби муаммоларни ҳал қилишга ёрдам беради. Ўзбекистонда ҳукумат томонидан ижтимоий суғурта тизимини қайта тиклаш ва модернизация қилиш бўйича кўп ишлар амалга оширилмоқда. Норасмий ёки бошқа барқарор бўлмаган иш билан банд бўлган шахсларни ижтимоий суғурталаш кўламини кенгайтириш, бандлик ва ижтимоий суғурта тизимларини интеграциялаш ва уларни одамлар манфаатларига кўпроқ йўналтириш каби кўплаб чора-тадбирларни амалга ошириш мумкин. Таълим ва соғлиқни сақлаш каби умумий асосий хизматлар сифатини янада ошириш керак.
  • Кўплаб — технологик, иқтисодий ва маданий шакллардаги инновациялар инсоният муаммоларини ҳал этишда муҳим аҳамиятга эга бўлади. Инновацияларга эҳтиёж ҳам, уларни жорий этиш имконияти ҳам мавжуд, масалан, нотўғри маълумотлар оқимини ва устунлигини камайтиришга қаратилган инновациялар.

Ўзбекистон инновацияларни ўзининг асосий устувор йўналишларидан бири сифатида белгилаб олди. Ҳукумат доимий асосда инновациялар учун қулай муҳит яратишга қаратилган ўзининг асосий вазифасини бажариши лозим. Инновация технологиялар билан чекланмайди. Ижтимоий инновациялар ҳам муҳим, масалан, ҳеч ким ортда қолиб кетмаслигини таъминлаш учун фуқаролик жамияти билан ишлаш, ёки атроф-муҳитни муҳофаза қилиш учун хусусий компаниялар билан ишлаш каби йўналишларда.

— Ўзбекистонда инсон тараққиёти кўрсаткичлари қай даражада?

— БМТТД томонидан Инсон тараққиёти индекси ҳисоблаб чиқилаётган 32 йил давомида биринчи марта муайян мамлакатдаги саломатлик, таълим ва турмуш даражасини ўлчайдиган мазкур кўрсаткич дунё миқёсида кетма-кет иккинчи йил пасаймоқда. Инсон тараққиёти кўрсаткичи 2016 йилги даражага қадар тушиб кетиб, бу Барқарор ривожланиш мақсадлари сари эришилган ютуқларнинг катта қисмини йўққа чиқарди.

Ҳар йили бир қатор мамлакатларда инсон тараққиёти индексининг пасайиши кузатилади. Аммо 2020 ёки 2021 йилларда инсон тараққиёти индексининг пасайиши дунё мамлакатларининг 90 фоизида кузатилиб, бу глобал молиявий инқироздан кейин пасайишни бошдан кечирган мамлакатлар сонидан анча юқори.

Ўтган йили глобал даражада бироз тикланиш кузатилди, бироқ у қисман ва нотекис бўлди: инсон тараққиёти индекси жуда юқори бўлган аксарият мамлакатларда ўсиш қайд этилган бўлса, бошқа давлатларнинг аксариятида пасайиш кузатилди.
Ўзбекистонда Инсон тараққиёти индексининг пасайиши кузатилмаган, аксинча унинг барқарор ўсиш тенденсияси давом этмоқда.

Ўзбекистонда Инсон тараққиёти индекси биринчи марта жорий этилгандан бери жуда яхши натижалар қайд этилган. Ўтган йил ҳам бундан мустасно бўлмади ва мамлакат инсон тараққиёти индекси бўйича ўз мавқеини янада яхшилади.

2021 йил учун инсон тараққиёти индекси 0,727 ни ташкил этиб, Ўзбекистон инсон тараққиёт индекси бўйича юқори тоифадаги ўз ўрнини сақлаб қолмоқда ва ҳозирги кунда 191 мамлакат ва ҳудуд орасида 101-ўринни эгаллаб турибди. 2000 йилдан бери Ўзбекистоннинг Инсон тараққиёти индекси кўрсаткичи 19,8 фоизга ошди.

2000−2021 йилларда Ўзбекистонда кутилаётган ўртача умр кўриш давомийлиги 5,1 ёшга, мактабда ўқиш муддати давомийлиги 1,7 йилга, аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯМД икки баравардан кўпроқ ўсди ва 188,8 фоизни ташкил этди.

Шунга қарамай, глобал ноаниқликлар, жумладан, иқлим ўзгариши ва биологик хилма-хиллик йўқолиши муаммолари, тенгсизликларнинг чуқурлашиши ва сиёсий қутбланиш Ўзбекистон учун ҳам дахлдор масалалар ҳисобланади. Инсон тараққиёти бўйича ижобий тенденсияни сақлаб қолиш учун ҳисоботда таклиф қилинганидек, юзага келаётган мазкур ўзгаришларни енгиб ўтишга қаратилган тегишли сиёсатни жорий этиш ва амалга ошириш жуда муҳим аҳамиятга эга.

БМТТД Ўзбекистонда

— Ўзбекистондаги сиёсий қарор қабул қилувчи шахслар мазкур ҳисоботдан қандай хулосалар олишига умид қиласиз?

— Ноаниқликларнинг мураккаблик хусусиятини ҳисобга олган ҳолда, инсон тараққиёти бўйича ютуқларга эришиш қийин вазифага, ютуқларни ушлаб қолиш эса янада қийинроқ вазифага айланиши мумкин. Ўзбекистонда инсон тараққиёти индексининг барқарор равишда ўсиш тенденсиясини давом эттириш учун индекснинг турли ўлчовларини янада чуқурроқ таҳлил қилиш зарур бўлади.

Умуман олганда, ҳозирги воқелигимиз талаблари ҳамда уни тушуниш ва саъй-ҳаракатларни амалга оширишнинг одатий усуллари ўртасидаги тобора ортиб бораётган номувофиқлик қандайдир янгиликларни жорий этиш учун имконият яратиб бермоқда.

Ноаниқ келажак сари ўз йўлимизни топиб олишимиз учун биз ижтимоий муаммоларни, шу жумладан инсон тараққиёти билан боғлиқ муаммоларни бартараф этишимиз керак. Шунингдек, табиий тизимларимизга антропоген босимнинг мисли кўрилмаган интенсивлиги ва кўламини камайтиришимиз керак.

Фаровонликка эришиш учун тажрибалар ўтказишимиз ва ҳамкорлик қилишимиз керак. Covid-19 пандемияси тасаввурларимизни ва нималарга эришиш мумкинлиги борасидаги тушунчамизни кенгайтирди. Шунга қарамай, жавобларимиз тенгсизлик ва ишончсизлик оқибатларини ҳам очиб берди.

Бундан кейин қандай йўл тутишимиз ўзимизга боғлиқ. Тенгсизликларни бартараф этиш ва одамларнинг эркинликлари ҳамда ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш, инсоний салоҳиятларимизни очиш, ижодкорлигимиз ва хилма-хиллигимиздан фойдаланиш орқали бугунги кунда ва келажакда одамлар фаровон яшайдиган келажакни қуришимиз мумкин.

Мазкур санаб ўтганларимиз глобал тавсиялар бўлса-да, лекин Ўзбекистон учун ҳам жуда долзардир. Ўзбекистон табиий ечимларга асосланган тараққиётга ҳамда ўз аҳолисига доимий ва қайта шакллантирилган инвестициялар киритиш, суғурталашнинг турли шаклларини (ижтимоий ва инсон ҳуқуқлари) мустаҳкамлаш ва такомиллаштириш ҳамда инновацияларни жадаллаштириш орқали катта муваффақияларга эришиши ва шу тариқа янада адолатли ва чидамли жамият қуриши мумкин.

Яна бир бор Ўзбекистонни 2022 йилги Инсон тараққиёти индексининг барқарор кўрсаткичлари билан қутлайман.