15 сентябрга ўтар кечаси Киевда енгил автомобиль Украина президенти ва уни кузатиб бораётган кортеж билан тўқнашиб кетди, дея хабар берди президент матбуот котиби Сергей Никифоров ўзининг Facebook`даги саҳифасида.

«Давлатимиз раҳбарига ҳамроҳлик қилаётган тиббиёт ходимлари автомашина ҳайдовчисига тиббий ёрдам кўрсатиб, тез ёрдам машинасига ўтказишди. Президент шифокор кўригидан ўтказилди, жиддий жароҳатлар аниқланмади», — деб ёзади у.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари бахтсиз ҳодисанинг барча ҳолатларини аниқлайди, дейилади хабарда.

Ҳозирда тўлиқ тафсилотлар тақдим этилмаган.

Маълумот учун, Владимир Зеленский 2019 йил 21 апрель куни бўлиб ўтган президентлик сайловининг иккинчи турида 73,22 фоиз овоз тўплаб, собиқ президент Пётр Порошенко устидан ғалабага эришганди.