15 сентябрь куни Самарқандда Конгресс марказида давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлиб турган Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпинни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди, дея ҳабар бермоқда презмдент матбуот хизмати. Олий даражадаги меҳмонни президент Шавкат Мирзиёев кутиб олди.

Улар шоҳсупага кўтарилди ва икки давлат мадҳиялари янгради. Фахрий қоровул тантанали равишда саф тортиб ўтди.

Маросимда икки мамлакат расмий делегациялари аъзолари ҳам қатнашди. Биргаликда суратга тушилгандан сўнг Ўзбекистон ва Хитой етакчиларининг музокаралари бошланди.

Саммит матбуот хизматининг маълум қилишича, Шавкат Мирзиёев ва Си Цзиньпинни «Дўстлик» ордени билан мукофотлади.

Ўзбекистон етакчиси Си Цзиньпинни унинг ташриф арафасида чоп этилган, халқларимиз кўп арслик ришталар билан боғланганини тасдиқловчи ва дастурий аҳамиятга эга «Хитой-Ўзбекистон муносабатларининг ёрқин келажагини биргаликда барпо этиш» сарлавҳали муаллифлик мақоласи учун дилдан миннатдорлик билдирди.

Хитой раҳбари, ўз навбатида, Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида улкан натижалар бераётганини таъкидлади.

Ўтган йилда товар айирбошлаш рекорд кўрсаткич — 8 миллиард долларга етди, жорий йил бошидан эса 30 фоиздан ортиқ ўсди. Охирги беш йилда Ўзбекистон иқтисодиётига жалб қилинган инвестициялар ҳажми 10 миллиард доллардан ошди. Кенг кўламли иқтисодий ҳамкорлик бўйича беш йиллик дастур, иқтисодиётнинг муҳим тармоқлари ва ижтимоий соҳада қўшма лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда.

Савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, бунда электрон тижоратни ривожлантириш, саноат кооперацияси бўйича, энг аввало, автомобилсозлик, «яшил» энергетика, қишлоқ хўжалиги ва инфратузилма каби соҳаларда илғор лойиҳаларни амалга ошириш муҳимлиги қайд этилди.

Хитойнинг камбағалликка қарши курашиш, ҳудудларни ривожлантириш ва профессионал кадрлар тайёрлаш борасидаги илғор тажрибасини ўрганиш ва жорий этишни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Давлат раҳбарлари ҳудудлар ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш зарурлигини таъкидладилар. Шу мақсадда жорий йил якунига қадар Ўзбекистонда икки мамлакат ҳудудларининг биринчи форумини ўтказиш таклиф этилди.

Минтақа тараққиёти ва транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқлиги учун стратегик аҳамиятга эга «Хитой — Қирғизистон -Ўзбекистон» темир йўли қурилишини бошлаш тўғрисида тарихий келишувга эришилгани катта мамнуният билан қайд этилди.

Гуманитар ҳамкорлик, шу жумладан, соғлиқни сақлаш, вакциналар ишлаб чиқариш, фан, таълим ва маданият соҳаларидаги қўшма дастурларни кенгайтириш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.

Келгуси йилда ўзаро дўстлик ва англашувни янада мустаҳкамлашга хизмат қиладиган Ўзбекистон ва Хитой халқлари маданияти ва санъати йилини ўтказишга келишиб олинди.

Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан батафсил фикр алмашилди. Афғонистонда тинчлик жараёнига ва иқтисодий тикланишга кўмаклашиш борасидаги саъй-ҳаракатларни, халқаро ва минтақавий тузилмалар, жумладан, «Марказий Осиё — Хитой» механизми доирасида тизимли ҳамкорликни давом эттириш муҳим экани таъкидланди.

Хитой етакчиси Ўзбекистоннинг ШҲТ раиси сифатидаги фаолиятини, бунинг натижасида ташкилотни кенгайтириш ва халқаро нуфузини мустаҳкамлаш бўйича муҳим қарорлар қабул қилинганини юксак баҳолади.

Тадбир якунида умумий қиймати 15 миллиард долларлик устувор лойиҳаларни амалга ошириш бўйича савдо-иқтисодий, инвестициявий ва молиявий-техник ҳамкорликка доир келишувлар имзоланди.

Музокаралар якунида Си Цзиньпин Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевни жавоб ташрифи билан Хитойга боришга таклиф этди.

Фото