Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Россия президенти Владимир Путин 15 сентябрь куни ташриф билан Ўзбекистонга келди.

Самарқанд халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов кутиб олди.

Ташрифнинг биринчи кунида олий даражадаги музокаралар бўлиб ўтади, Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинади.

Музокаралар якунида Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини сифат жиҳатидан янги даражага кўтаришга қаратилган икки томонлама ҳужжатни имзолаш кўзда тутилган.

16 сентябрь куни Россия президенти Владимир Путин Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг навбатдаги саммитида иштирок этади.

Россия президентининг Самарқандда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов, Эрон президенти Иброҳим Раиси, Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф, Хитой раиси Си Сзиньпин билан ўчрашув ўтказади.

Шунингдек у Россия-Мўғулистон-Хитой уч томонлама саммитида иштирок этади.

16 сентябрь куни Путин Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон, Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди ва Озарбайжон президенти Илҳом Алиев билан икки томонлама учрашувлар ўтказади.