Ўзбекистондаги 3 та тижорат банкида хорижликларга хизмат кўрсатиш тартибига ўзгартиришлар киритилиб, улар учун ҳисобварақ очиш қийинлаштирилди.

Жумладан, «Ипак Йўли» банки 12 сентябрдан бошлаб норезидент шахслар учун ҳисобрақамлар ва пластик карталарини очиш фақат банкнинг бош офиси қошидаги амалиёт бошқармасида амалга оширилишини маълум қилди. Ўзгаришлар ушбу санагача очилган ҳисобрақамларга тегишли эмас.

Шунингдек, «Капиталбанк» томонидан нақд пул оқимлари ва амалиётлари шаффофлигини таъминлаш мақсадида комплаенс-назорати кучайтирилди. 12 сентябрдан бошлаб норезидент жисмоний шахслари банкларда ҳисобрақамларни фақат қуйидаги ҳолларда очишлари мумкин бўлади:

  • банкка мурожаат қилишдан олдин, 15 календарь кунидан ортиқ муддат узлуксиз Ўзбекистон ҳудудида бўлганда;
  • таълим муассасаларида малака ошираётганда ва талаба мақомини тасдиқловчи ҳужжатларга эга бўлганда;
  • расмий ишга жойлашганда.

Шунга ўхшаш эълон Asia Alliance Bank томонидан ҳам эълон қилинди. Унга кўра норезидент шахслар ҳисобрақам очишда: 15 календарь кундан зиёд узлуксиз Ўзбекистон ҳудудида яшаган бўлиши, ОТМда малака ошираётгани ёки талаба мақомини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этиши, расмий ишга жойлашган бўлиши талаб этилади.

Ҳисобрақам очиш учун норезидент жисмоний шахслардан ариза олинганида жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР) ва вақтинчалик яшаш жойидан (QR-код билан) маълумотнома зарур.

Июль ойининг охирида айрим банк кассалари ва банкоматларидан, шунингдек, валюта ҳисобварағидан нақд пул ечиб олишда карта рақамидан келиб тушган пул маблағларидан комиссия жорий этиш бошланганди. Банклар буни нақд хорижий валюта муомаласини тартибга солиш билан изоҳлади.

Аввалроқ, Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов II чоракда норезидентлар томонидан очилган жорий ҳисобварақлар сони 47 мингтага ошиб, 169 мингга етганини маълум қилганди.

Уларнинг асосий қисми Ўзбекистонга доимий ёки вақтинчалик яшаш учун Россия, Украина ва Беларусдан келганлар ҳиссасига тўғри келди. 1 июль ҳолатига кўра, Россия фуқароларининг Ўзбекистондаги ҳисобрақамларда 115 миллион АҚШ доллари мавжуд бўлган. Норезидентлар номига жами 97 000 та банк карталари очилган, шундан 90 000 таси хорижий валютадаги карталар (Visa и MasterCard).