Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»
Миллионлаб эман экишим мумкин
Одамлар нима учун эман ёнғоқчаларини йиғишади?
Ҳар йил август ойи ўрталарида эман ўсган яшил ҳудуд ва кўчаларда ушбу дарахт ёнғоқчаларини тераётган одамларга кўзимиз тушади. Бир кунда бир киши ёнғоқчалардан бир неча қоп териши мумкин. «Газета.uz» мухбири Мадина Аъзам одамлар нима учун бу ёнғоқчаларни йиғиши ҳамда кейин уни нима қилишлари билан қизиқди.
Ҳар йил август ойи ўрталарида эман ўсган яшил ҳудуд ва кўчаларда ушбу дарахт ёнғоқчаларини тераётган одамларга кўзимиз тушади. Бир кунда бир киши ёнғоқчалардан бир неча қоп териши мумкин. «Газета.uz» мухбири Мадина Аъзам одамлар нима учун бу ёнғоқчаларни йиғиши ҳамда кейин уни нима қилишлари билан қизиқди.
Куннинг иккинчи ярми. Жазирама иссиқ туфайли Амир Темур хиёбонида сайр қилиб юрган одамларни деярли учратмайсиз. 2009 йилги дарахтлар қирғинбаротида раҳм қилинган ва яшаб қолган саноқли эманлардан бирининг соясида ободонлаштириш хизматининг бир қанча ходимлари ҳордиқ чиқаришмоқда. Уларнинг ёнида эса супурги ва чўчқаёнғоқ (эман ёнғоқчаларини шундай деб ҳам аташади) тўла челаклар турибди.
Ўзбекистонгда ёнғоқчалар август ойида пишиб етилади. Тошкент ботаника боғи илмий ходими Атиргул Холмирзаеванинг сўзларига кўра, пойтахтда асосан оддий эман ўсади, онда-сонда эса каштанбаргли эманлар ҳам учраб туради.
Ёнғоқчаларни экиш – эманзор ўрмонларни қайта тиклашнинг асосий услуби ҳисобланади. Эътибор берсангиз, май-июнь ойларида улкан эманлар остида ердан ўсиб чиқаётган эман япроқларини кўриш мумкин – ушбу митти эманчалар одатда майса ўрувчи ускуналар ёрдамида ўриб ташланади.

Эман ёнғоқчаларидан чорва молларини боқиш учун ҳам фойдаланилади. Айниқса, иккинчи номидан ҳам билинганидек, уларни чўчқалар севиб ейди. Мол ва қўйлар эса унчалик хуш кўрмайди, айниқса ёнғоқчалар ҳали пишмаган, яшил пайтида.
реклама
реклама
Кўплаб халқлар эман ёнғоқчаларидан таом сифатида ҳам фойдаланади. Энг мазали ва ширин ёнғоқчалар Ўрта ер денгизи минтақасида ўсадиган тош эмандан олинади. Ушбу дарахт мевалари Европада анъанавий тарзда истеъмол қилинадиган каштан ёнғоқларига тенглаштирилади.

Тошкентда учрайдиган оддий эман ёнғоқчалари энг таъмсиз ҳисобланади, бироқ улар очарчилик йилларида барибир истеъмол қилинган. Эман дарахтларининг мевалари анъанавий равишда маҳаллий америкаликлар ошхонасида ишлатилган. Димлаб пиширилган ёнғоқча ва унинг унидан тайёрланган қуймоқ рецепти анча машҳур. Бугунги кунда Американинг жанубий штатларида эман ёнғоқчасидан пишириладиган шўрвалар, салатлар ва бўтқалар машҳур.

Хўш, Тошкентда одамлар уларни нима мақсадда теришади? «Газета.uz» фотомухбири Мадина Аъзам бунга қизиқиб кўрди.
Амир Темур хиёбонида эман меваларини тераётган ободонлаштириш хизмати ходимлари мухбирнинг қизиқувчанлигидан бир оз хавотирга тушишди.

«Аслида, бу олмахонлар озуқаси бўлиб, уни ҳеч ким йиғмаслиги керак, — дейди улардан бири. — Биз ёнғоқчаларни бошқаларга ўхшаб сотиш учун йиғаётганимиз йўқ».

Ободонлаштириш хизматининг бошқа бир ходими Муҳайё Сатторованинг айтишича, 2021 йилнинг август ойидан бери ёнғоқларни териш билан шуғулланади.
«Шаҳар ободонлаштириш марказидан уларни теришимизни айтишади. Ва биз кун давомида уларни тўплаб, кейин топширамиз, — деди аёл. — Одатда яшил майдонларда эман меваларини тераётганларни кўриб қоламан. Менимча, уларни сотишади ёки чорваларини шу билан боқишади. Лекин бизнинг ёнғоқчалардан Шаҳар ободонлаштириш бошқармаси эман дарахтларини кўпайтириш учун фойдаланади. Биз бошқарма учун ёнғоқчаларни текинга йиғиб берамиз».
Тошкентнинг Сергели тумани Йўлдош мавзеси шаҳарнинг энг яшил ҳудудларидан бири ҳисобланади. Бу ерда улкан чинорлар, эманлар ўсади. Бу дарахтларнинг шохлари кўча йўлакларига соя солиб туради. Пиёдалар йўлаклари катта-катта эман мевалари билан қопланган, улар ёқасидаги ариқлар эса ёнғоқчаларга тўлган.
Назокат Ёқуббекова уч ўғли ва турмуш ўртоғи билан бу ердаги ёнғоқчаларни териш учун келган. Машинасини йўл четига қўйган, унинг ёнида эса ёнғоқчалардан тўлдирилган қоплар, супургилар, белкурак ва ичимлик суви турибди. Аёл болаларни тинимсиз шошириб, иложи борича кўпроқ мева йиғишларини айтади.
Унинг айтишича, оила қарийб тўрт йилдан бери чорвачилик билан шуғулланади. Улар Тошкент вилояти Зангиота тумани Эркин маҳалласида яшашади. Ҳозир уларнинг уйида 10 та қўй бор.

«Ҳайвонларни, айниқса қўйларни ем билан боқиш қийин, — дейди Назокат Ёқуббекова. — Яқинда интернетда ёнғоқчаларни уй ҳайвонларини тез емлашга яхши деб ўқиб қолдим. Турмуш ўртоғим билан кўпчиликдан уларни қаердан сотиб олиш мумкинлигини сўраб чиқдик. Аксарият одамлар уларни «Отчопар» бозоридан топишимиз мумкинлигини айтишди, лекин уларни ўша ердан ҳам тополмадик. Бозор бўйлаб ёнғоқчаларни сўраб юрганимизни кўрганлар ҳайратланиб: "Уларни пулга сотиб олишнинг нима кераги бор. Йўлдан териб олинглар, текинга ётибди-ку", — дейишди».

Аёлнинг айтишича, дам олиш кунлари оила Тошкентдаги эманзорларни қидиришган. Улар Йўлдош мавзесидаги дарахтларни қийинчилик билан топишга муваффақ бўлишган.
«Болалигимизда эман дарахтлари кўп эди. Ҳозир улар камайиб кетди, — дейди афсус билан Назокат Ёқуббеккова. — Бугун 2-3 соат — қуёш ботгунча ёнғоқчаларни терамиз. Кейин уйга бориб, қўйларга ёнғоқчаларни арпа ва буғдой билан аралаштириб берамиз. Эҳтимол, бу зарарлидир. Интернетда яна бир қараб кўраман. Лекин ёнғоқчаларда жуда кўп мой ва оқсил борлигини биламан».
реклама
реклама
Сергели туманидаги яна бир эман меваларини терувчиси Муҳаммад Алимжоновнинг айтишича, у ҳар август ва куз бошларида бошқа ёнғоқчаларни тўпловчиларни кузатган. Ва бир куни улардан нега бундай қилишаётганини сўраган.
«Улар тўпланган ёнғоқчаларни сотишларини айтишди. Мана, бир йилдан бери қўшни маҳалладаги бобо учун йиғиб келаман. У килограммига 1500-2000 сўмдан беради. Кунига 2-3 та қоп тераман, бу тахминан 50 килограмм бўлади», — дейди йигитча.
Тошкентнинг Юнусобод тумани М-5 (Ц-5) мавзесида ҳам эманлар кўп. Ëнғоқчаларни териб юрганлардан бири майсазорда ушбу мевалар билан лиқ тўла қоп ёнида ётибди. Бир неча дақиқа аввал у ёнғоқчаларни шу даражада шахд билан тераётгандики, гўёки пахта теримчиларини эслатиб юборди. Майсазорда яна бир неча киши ишлаяпти, уларга Наргиза Дусанова исмли аёл бош: ким қанча йиққани, ҳар бири қайси участкада ишлаши кераклигини назорат қилиб турибди.

Наргиза Дусанованинг айтишича, йиғилган жамоа унинг оиласи. Уларнинг барчаси Самарқанд вилояти Иштихон туманидан. Ҳосилни йиғиб олишга унинг турмуш ўртоғи, ўғли, қизи эса куёви билан, шунингдек, Наргизанинг икки синглиси келган.
«Икки йил аввал OLX`да иш қидириб юрганимда, эман ёнғоқчаларини териш учун ишчи керак деган эълонни кўриб қолдим. Эълондаги рақам билан боғланиб, Тошкентга етиб келдик. Озодбек ака килосига 1500 сўмдан бераётганини тушунтириб, Тошкентда ёнғоқчаларни қаердан топиш мумкинлигини айтди. Энди биз бутун оиламиз билан уларни тўплаяпмиз», — деди Наргиза Дусанова.

Аёлнинг қўшимча қилишича, бу иш мавсуми августдан октябргача давом этади. Ҳар куни эрталаб соат 7 дан кечки 19 га қадар оила эман ёнғоқчаларини излаб Юнусобод майсазорларини кезади. Оиланинг ҳар бир аъзоси ўзи учун ишлайди, дея қўшимча қилди гуруҳ раҳбари. Аёлнинг ўзи эри билан ёнғоқчаларни тўпласа, икки опа-сингиллар алоҳида-алоҳида, қизи ва куёви алоҳида, ўғли эса челакка йиғади. Жамоа кунига 200 килограммдан ортиқ ёнғоқ тўплай олишади.

«Октябрь ойининг охирида каштанлар ҳам тўкилишни бошлайди. Лекин биз каштанни кимга териб бериш кераклигини ҳали билмаймиз. OLX`да каштан эълонларини ҳали ўқиганим йўқ. Ўйлайманки, мавсум бошланганида ғудда (арча меваси) ва каштан харидорлари ҳам пайдо бўлади», — деди Наргиза Дусанова.
реклама
реклама
Наргиза Дусанова оиласи тўпланган эман меваларини Озодбек Худойбергановга топширади. У ишчиларни ёллаб, Чилонзор ва Юнусобод туманлари, Қорақамиш, Паркент бозори ва ТТЗ ҳудудларида ўзига маълум бўлган барча жойларда ёнғоқчаларини тердиради.

Озодбек Худойбергановнинг айтишича, у талабалик йилларидаёқ эман ҳосилидан қандай фойдаланиш ҳақида ўйлай бошлаган. Ёнғоқчалар билан қопланган йўлаклар йигичани ўйга толдирарди. Баъзида у ободонлаштириш ишчиларининг ёнғоқчаларни ахлат қутисига ташлаганини кўрар ва ёнғоқчалар шунчаки исроф бўлаётганидан жаҳли чиқарди.
«Икки йил ёнғоқчаларни сотиш йўлларини қидирдим, — деди у. — Бозор бор. 2017 йилда жанубий кореялик танишим билан ҳамкорликни йўлга қўйдик. Уч ойда териб олинган ёнғоқчаларни шу давлатга экспорт қиляпман. Кореяда бу мева мағзи овқат тайёрлашда ишлатиларкан».

Озодбек Худойбергановнинг таъкидлашича, мавсум давомида жамоа 200 тоннага яқин ёнғоқчаларни териб олади. Ёнғоқлар қуритилиб, ҳосил оғирлигининг ярмини ташкил қиладиган қобиғидан ажратилади. Қобиғи ташланмайди, балки ўтин сифатида сотилади. Қуритилган мағизлар эса қопларга қадоқланиб, Жанубий Кореяга жўнатилади.
«Ўзбекистонда эман дарахтларини кўпайтиришни хоҳлайман, — дейди Озодбек Худойберганов. — Йилига миллион туп эман экишим мумкин. Лекин ер масаласи бир оз ўйлантиряпти. Каштан ва арча ғуддаларидан фойдаланишни истайман. Лекин Ўзбекистонда бу дарахтлардан мўл ҳосил олиш қийин».

«Газета.uz» Жанубий Корея фуқароси, «Сеул» Жанубий Корея ресторани асосчисидан халқ эман ёнғоқчасидан қандай овқатни тайёрлашда фойдаланишини сўради.

Ресторатор бу мевалардан жигарранг таом – бу (интернетда «мук» номи ҳам учрайди) тайёрланишини айтди. Бунинг учун ёнғоқчалар пўстлоғидан ажратилади ва майдаланиб, паста ҳолатига келтирилади. Сўнгра мева таркибидаги крахмални ажратиб олиш учун улар ювилади ва сув билан аралаштирилади.
Тадбиркорнинг сўзларига кўра, ёнғоқчалар таркибида кўп миқдорда крахмал мавжуд, шунингдек, инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатадиган таннинлар ҳам бор. Шунинг учун истеъмол қилишдан аввал ушбу моддани ёнғоқ таркибидан ажратиб олиш керак.

Рестораторнинг қўшимча қилишича, якунда желега ўхшаш масса ҳосил бўлади. Унинг таъми бўлмайди, шунинг учун у яққол мазага эга соя соуси, кўкпиёз ва бошқа маҳсулотлар билан қўшиб тортилади.
Фото: Википедия / Flickr
«Жанубий Кореядан ҳам эманлар ўсади, лекин биз кўп бу еймиз, шунинг учун эман ёнғоқчаларини импорт қиламиз», —дейди ресторатор.

Унинг қўшимча қилишича, ушбу таомни Тошкентнинг Қўйлиқ бозоридан ҳам топиш мумкин, бироқ «Газета.uz» мухбири уни топа олмади.

Матнни Сабина Бакаева тайёрлади.

Фотосуратлар муаллифи Мадина Аъзам / «Газета.uz»,

Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан қуйидаги ҳаволада танишишингиз мумкин.


Фотоҳикоя муаллифлари ўзларининг ишларига ҳаволаларни photo@gazeta.uz электрон манзилига юборишлари мумкин. Хатга сюжетлар тавсифи, жойи, санаси, муаллифнинг тўлиқ исми ва боғланиш учун телефон рақамларини киритишни илтимос қиламиз.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг