Сенат раиси Танзила Нарбаева фуқаролар томонидан кўтарилаётган муаммолар фақатгина ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама этилгач, масъул орган ва ташкилотлар ҳаракатга тушаётганини танқид қилди. У мазкур масалага Сенатнинг 32-ялпи мажлиси давомида тўхталиб ўтди.

Танзила Нарбаева дастлаб дарахтларни кесишга муддатсиз даврга мораторий эълон қилинган бўлсада, айрим шахсларни дарахтларни йўқ қилишини тўхтатиб бўлмаётганини айтди.

«Дарахтларни кесиш, сунъий тарзда қуритиш (1, 2) ҳолатлари [кўпайган]. Айтганимиздек, бино қурмоқчи бўлганлар тендерда ютиб олиб, бирорта бино қураман дейдида дарахтларни суғормасдан, унинг қуришига кузатувчи бўлиб қараб туриб, дарахтларни қуриб қолишга олиб келяпти», — деди у.

Шунингдек, сенаторлар мактаб дарсликларининг нархи ва уларнинг мазмуни борасида одамлардан келиб тушаётган мурожаатларни халқ вакиллари сифатида ўрганишлари кераклигини қайд этди.

«Иккинчи муаммони кўтаришяпти — янги ўқув йили бошидан мактаб дарсликлари муаммоси билан бошланиб, эндиликда дарсликларнинг мазмуни, уларни ўқувчиларнинг ёшига ақлий, психологик, физиологик имкониятларига мос равишда тайёрланиши билан боғлиқ муаммоларни кўтаришяпти. Бугун ҳам шуни гапиришяпти. Биз аввал ҳам — 2019 йилда ушбу масалада парламент сўрови доирасида ўрганишлар ўтказгандик, ҳукуматга парламент сўровини юборганмиз. Ушбу масала шу пайтгача барибир ҳал бўлгани йўқ. Сенатнинг фан, таълим, соғлиқни сақлаш қўмитаси ҳукуматнинг тегишли комплекслари билан биргаликда дарсликлар масаласига қайтиб, ўқитувчилар, ота-оналар, эксперт-олимлар ҳамда кенг жамоатчиликнинг таклифлари асосида дарсликларни тайёрлаш, нашр этишнинг шаффоф тизимини ишлаб чиқиш керак бўлади», — деб қайд этди Сенат раиси.

Унинг сўзларига кўра, ҳозир бу бўйича Админстрацияда ҳам ишлар кетаётганлиги эълон қилинган, лекин бунга халқ вакиллари ҳам киришиб, биргаликда ўрганишлар олиб бориши зарур.

«Учинчи масала — Тошкентга олий ўқув юртига қабул қилинган талабаларни турар-жой билан таъминлаш масаласи якунига етказилмас экан, бу муаммо ҳар йили кўтарилаверади. Мавжуд ётоқхоналар, лекин у пайтда қанча эди ётоқхоналар? Ҳозир қанчадан-қанча кўп ОТМлар ташкил қилиняпти, талабалар сони ҳам ортиб бормоқда. Демак, эҳтиёж ҳам кўпайяпти», — деди у.

Қолаверса, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Tashkent Index савдо-ишлаб чиқариш мажмуасида талабалар учун 10 минг ўринли турар-жой ташкил этиш таклифини билдирганди. Сенат раиси бунинг ортидан бошқа муаммолар юзага келиши мумкинлигини қайд этди.

«Лекин шунча талаба бир ҳудудга жойлаштирилса, унинг ортидан қанчадан-қанча муаммолар келиб чиқади, ҳам хавфли. Бошқа ижтимоий муаммолар — санитария гигиена қоидаларини таъминлаш керак бўлади, поликниликаларга тушадиган қўшимча юкламалар пайдо бўлади, йўлларда тирбандликлар юзага келади», — деди Танзила Нарбаева.

Бундан ташқари, юқори палата етакчиси одамлар кўтараётган муаммолар биргина давлат раҳбарига ташлаб қўйилгани, унинг ўзи ечим топишга мажбур бўлаётгани учун ҳукуматни танқид қилди. Унинг сўзларига кўра, янги ўқув йили бошланиши билан тирбандликлар муаммолар кўтарила бошлади.

«Мана шу масалалар ҳаммамизни, айниқса, ҳукумат вакилларини ўйлантириши керак. Одамларимиз бугун мана шу масалаларни ҳал қилсанглар бўлмайдими, деган чақириқ билан бизга мурожаат қиляпти. Бу ерда ўтирган ҳукумат аъзолари чиройли-чиройли режалар қилгансизлар, маблағлар ажратиляпти. Лекин одамларнинг мана бунақанги мурожаатлари камаймас экан, одам бу ишлар қилиняптими ёки йўқми деган саволга ўйланиб қолади. Қачон одамлар дод-вой қилиб, ижтимоий тармоққа чиқади, шундан кейин бошланади. Ҳаммасини давлат раҳбарига ташлаб қўйдик, ташлаб қўйиш керак эмас. Ҳаммасига ўзлари муносабат билдириб, ўзлари ечим топиб беряптилар. Қолганлар нима қилиб ўтирибди унда?», — деди Сенат раиси.

Танзила Нарбаева сўзи якунида мазкур масала юзасидан ҳамма кўзини очиб олиши кераклигини таъкидлади.