Ўзгидромет маркази Париж битимида Ўзбекистонга юклатилган мажбуриятлар доирасида мамлакатда иқлим ўзгариши масалаларига мослашиш дастурини ишлаб чиқиш мақсадида навбатдаги лойиҳани бошлади. Илк тадбирлар Қорақалпоғистон, Бухоро ва Хоразмда ўтказилди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Гидрометеорология илмий-тадқиқот институти директори в.б. Файзулла Агзамовнинг сўзларига кўра, мазкур лойиҳа БМТ Тараққиёт дастури ва Яшил иқлим жамғармаси томонидан молиялаштирилмоқда.

Фото: Ўзгидромет матбуот хизмати.

«Иқлим ўзгариши Марказий Осиё минтақаси, хусусан, ерлари қурғоқчиликка жуда таъсирчан бўлган Ўзбекистон учун аллақачон жиддий ва асосий муаммолардан бирига айланган. Мамлакатнинг кам даромадли аҳоли қатлами энг қурғоқчил ҳудудларда яшайди ва уларнинг яшаш тарзи ҳам қишлоқ хўжалиги билан чамбарчас боғлиқ. Ушбу ҳудудларда иқлим шароити ва табиий ресурсларнинг ўзгаришига нисбатан таъсирчанлик даражаси ошиб бормоқда. Шу каби муаммолар сабаб ҳукумат иқлим ўзгаришига мослашиш режасини ишлаб чиқиш ва қабул қилишга жиддий киришди», — деди Файзулла Агзамов.

Унинг сўзларига кўра, Орол денгизининг қуриши Қорақалпоғистон, Хоразм ва Бухорога жиддий таъсир ўтказмоқда. Ушбу ҳудудларда иқлим тез ўзгариб, турли хавфлар туғилиш эҳтимоли ҳам мавжуд.

Шу боис миллий мослашув режасига кўра, лойиҳа доирасидаги илк тренинглар мазкур уч ҳудудда ўтказилди. Унда Ўзгидромет маркази, Фавқулодда вазиятлар, Соғлиқни сақлаш, Сув хўжалиги, Қишлоқ хўжалиги вазирликлар ва ташкилотларнинг ҳудудлардаги ходимлари, фермер хўжалиги ва кластерлар раҳбарлари қатнашди.

«Мутахассислар томонидан иқлим ўзгаришининг инсон ва давлатларга таъсири, Ўзбекистон ва дунёдаги ҳозирги вазиятни тўғри англаш ҳамда баҳолаш борасида тренинглар ташкил этилди. Тадбирлар давомида иштирокчилар фикр ва тажриба алмашиб, иқлим ўзгариши ва унинг олдини олиш борасида ўз фикрларини билдирди. Уларнинг таклифлари яқин орада тайёрланадиган ҳуқуқий ҳужжатлар ва режаларга албатта, киритилади», — деди Файзулла Агзамов.

Мутахассиснинг таъкидлашича, келгусида ҳар бир ҳудуднинг иқлим ўзгариши бўйича миллий мослашув режаси ишлаб чиқилади.